"15 суткачи"лар сони ошиши мумкин. Депутатлар қонун лойиҳаси қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш бўйича қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.
Бу Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасини қўшимча бандлар билан тўлдириш таклифи билан боғлиқ бўлиб, бир қатор ҳолатларда диний таълимга жалб қилинган болаларнинг ота-оналари жазога тортилишини назарда тутади.
Лойиҳага кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан бола қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилинса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлашга асос бўлади.
Маълум қилинишича, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани рўйхатдан ўтказилмаган ёки литсензияга эга бўлмаган ташкилотлар ёхуд махсус диний маълумоти бўлмаган ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органининг рухсатисиз диний таълим бераётган шахслар ихтиёрига топшириши жазога тортилишга сабаб бўлади.
«Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг таълим олиш соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг комил инсон бўлиб етишишига, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари қурбонига айланишининг олдини олишга хизмат қилади», дейилади хабарда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.
Маълумот учун, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-модда ва 35-моддаларида фуқароларнинг эътиқод эркинлиги ҳуқуқи ва диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
5 февраль куни Бухоро вилоятида ноқонуний диний таълим бераётган шахслар аниқланган эди. Улар 9 нафар вояга етмаган ёш ва 19 та катта ёшдаги шахсга қонунга хилоф равишда диний таълим бериб келаётгани маълум бўлган эди. Ва шу каби хабарлар тез-тез тарқалмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг