15 минг ногиронлиги бўлган фуқаронинг бандлигига кўмаклашилди

18:22 10 Февраль 2023 Жамият
570 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясининг аҳамияти, бу борада амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва истиқболдаги вазифалар” мавзуида семинар ўтказилди.

Тошкент шаҳридаги Яшнобод тумани “Ишга марҳамат” моно-марказида бўлиб ўтган семинарда қуйи палата депутатлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги Камбағалликни қисқартириш департаменти, Республика тиббий ижтимоий экспертиза инспекцияси, маҳалла фаоллари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Семинарда мамлакатимизда мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар ҳамда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонининг аҳамияти, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида мутасаддилар томонидан амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш борасида сўнгги йилларда қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти, Давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишда “маҳаллабай” тамойили асосида ижтимоий ишларни ташкил қилишнинг муҳим жиҳатлари, Ногиронликни белгилашнинг анъанавий “тиббий” моделидан замонавий “ижтимоий моделига ўтиш концепцияси каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясида кам таъминланган оилаларни ижтимоий ёрдам дастури билан қамраб олиш даражаси 58,8 фоиздан 98,1 фоизга етказиш, камбағаллик даражасини 17,0 фоиздан 5,0 фоизга қисқартириш, аҳолининг меҳнат бозорида кўрсатиладиган хизматлар билан қамраб олинганлигини 64,2 фоиздан 70,0 фоизга ошириш, ишсизлик нафақасини олувчи ишсизлар улушини 5,7 дан 7,0 фоизга ошириш каби ижтимоий ҳимоя соҳасига тааллуқли 10 та мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.

Ушбу мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш борасида 2022 йилда салмоқли ишлар қилинди. Натижада камбағаллик даражаси 2022 йилдаги 17 фоиздан 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, 14,1 фоизга тушди. 

Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтириш, ушбу жараёнга очиқлик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий қилинди. Бу тизим фаолияти мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Ўтган 2022 йилда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га 2,3 млн. оила киритилган бўлиб, 2,2 млн. кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ҳамда 74,8 минг кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар сифатида жами 11,4 трлн. сўм маблағлар тўлаб берилган.

Семинарда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни касбга ўргатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди. 2022 йилда фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш кўламини кенгайтириш мақсадида “Ишга марҳамат” мономарказлари сони 23 тага, маҳалла касб-ҳунарга ўқитиш масканлари сони 489 тага етказилгани айтилди.

Эътиборли томони, мазкур таълим муассасаларида 140 минг ишсизлар касб-ҳунарга ўқитилиб, имконияти чекланган шахсларни бандлигини таъминлаш мақсадида алоҳида Миллий дастур ишлаб чиқилган ҳолда, 15 минг ногиронлиги бўлган фуқароларнинг бандлигига кўмаклашилди.

Тадбирда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва бандлик соҳаси бўйича олиб борилаётган ишлар устидан депутатлик назоратини янада кучайтириш, дастур ижросини ҳар ой якуни бўйича туман, шаҳар ҳокимликлари қошидаги доимий ишчи комиссия йиғилишларида муҳокама қилиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Қизғин баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблар тарзида ўтган семинар якунида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ишлар самарадорлигини оширишга оид тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер