14-январь – Ватан ҳимоячилари куни

16:41 14 Январь 2026 Жамият
308 0

Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 -январь Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Дастлаб ҳарбий-маъмурий сектор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва кенг жамоатчилик вакиллари Жалолиддин Мангуберди ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, буюк саркарда ва Ватанимиз озодлиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Шундан сўнг байрам тадбири вилоят мусиқали драма театрида давом этди. Унда вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Жўрабек Рахимов сўзга чиқиб, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоялаш, уй-жой шароитларини яхшилаш, ҳарбий шаҳарчалар инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталди.

Вилоят ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмларга ҳамда хизмат вазифаларини бажаришда юқори касбий маҳорати билан ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва совғалари топширилди. Санъат усталари томонидан ижро этилган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар, ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган саҳна кўринишлари байрам иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

- Ҳурматли Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригидан жуда катта маънавий куч олдик,- дейди 53008-сонли ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, майор Нодирбек Қулматов.- Жорий йилнинг 1-апрель санасидан офицерлар, оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши оширилиши, ҳарбийларнинг пенсия таъминоти яхшиланиши, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёшлар учун бериладиган имтиёзлар Қуролли Кучлар сафларида хизмат қилишни янада масъулиятли ва шарафли бурчга айлантиради.

Шунингдек, байрам арафасида Урганч шаҳри ва Хива туманида ҳарбийлар учун янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди.

Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?