12 та янги турдаги ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда — Қонун лойиҳаси

12:37 26 Январь 2022 Жамият
727 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқишди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат билан кодекснинг номланиши унинг тартибга солиш предмети ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб “Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс” деб ўзгартирилмоқда. Шунингдек, маънан эскирган, амалда ўз аҳамиятини йўқотган ёки фуқаролик ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган 33 та маъмурий ҳуқуқбузарлик кодексдан чиқарилмоқда. Объектив эҳтиёждан келиб чиқиб, 12 та янги турдаги ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси билан маъмурий жазо чоралари тизими такомиллаштирилиб, ўз аҳамиятини йўқотган, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш жазоси маъмурий жазо тизимидан чиқариляпти.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарорларни ижро этиш тизими такомиллаштирилган ҳолда, коррупция ҳолатларига имкон берувчи омилларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида нақд пулда жарима ундириш тартиби бекор қилинмоқда.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан қатъий маъмурий жарималар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг минимал ва максимал миқдорини белгилаш орқали жарималарни пасайтирган ҳолда амалдаги жазолар либераллаштирилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда фуқароларнинг ортиқча овворагарчилиги ва сансалорлигининг олди олинади, маъмурий ҳуқуқбузарликларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш институти жорий этилади.

Мажлисда депутатлар томонидан кўтарилган саволларга жавоблар олиниб, мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер