10 ёшли шахматчига Президент совғаси — энг замонавий шахмат дастурлари жамланган компьютер совға қилинди
Хабарингиз бор, шу йил 14 май куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюриб, бу ерда даволанаётган болалар билан суҳбатлашган, уларнинг ота-оналарига далда берган эди. Ташриф доирасида болажонлар Президентимиз билан суҳбатда ўз қизиқишлари билан ўртоқлашган, улардан бири, фарғоналик Саиджон Салимжонов шахматга қизиқиши ҳақида маълум қилганди.
Саиджон Салимжонов айни пайтда Фарғона шаҳридаги 28-сонли умумтаълим мактабининг 3-«А» синфи ўқувчиси саналади. У дарслардан бўш вақтида шахмат билан шуғулланиб туради ва келажакда профессионал шахматчи бўлишни орзу қилади.

Саиджоннинг онаси Маҳлиёхон Зиёеванинг айтишича, ўғли кичкиналигидан шахматга қизиқади. У Фарғонада очилган Тошкент Халқаро шахмат академиясининг филиалида ўз ёш тоифасида таҳсил олиб келмоқда. Мураббийи Равил Винерович раҳбарлигида бир қатор мусобақаларда қатнашиб, шаҳар ва вилоят босқичларида ғолибликни ҳам қўлга киритди. Ҳозирда С.Салимжонов Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанмоқда. Шифокорлар томонидан унга жигар хавфли ўсмаси ташхиси қўйилган.
Ёдингизда бўлса, 15 май куни Саиджонга юртбошимиз номларидан профессионал шахмат доскаси совға қилинган, шунингдек шахмат бўйича мураббий ҳам бириктирилганди. Бугун эса ушбу юртдошимизга Президент совғаси – шахмат бўйича энг сўнгги ва замонавий дастурлар жамланган компьютер ҳам совға қилинди.
«Энди севимли машғулотим шахмат билан янада жиддий шуғулланиб, Осиё ва Жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламан», — деди Саиджон ўз қувончларини биз билан бўлишар экан.
Марказда даволанаётганлар орасида шахматга қизиқадиган болалар кўпчиликни ташкил қилади. Шуни инобатга олган ҳолда Туризм ва спорт вазирлиги номидан вазир ўринбосари Авазжон Каримов бу ерда даволанаётган бошқа беморларга ҳам шахмат анжомларини тарқатди.
Умид қиламизки, бу ёшлар шахмат билан шуғулланиш орқали ўз ақлий заковатини янада ўстириб, тафаккурини бойитади. Эҳтимол уларнинг орасидан Осиё ва Жаҳон чемпионлари етишиб чиқмас, бироқ улар теран фикрлайдиган ва мураккаб вазиятларда тўғри, оқилона қарор қабул қиладиган йигит-қиз бўлиб улғайиши жамиятимизнинг бош мақсадидир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг