10 минг мисрадан ортиқ шеърни ўз ичига олган девоннинг факсимиле нусхаси тайёрланади

15:35 17 Апрель 2025 Жамият
127 0

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан яна бир муҳим илмий-медиалойиҳа – “Амир Умархон даврида ижод қилган адиблар”, шунингдек, унинг девони факсимилени тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Амир Умархон Қўқон хони бўлиши билан бирга шоир сифатида ҳам ижод қилган. У Лутфий, Жомий, Навоий, Фузулий, Бедилни ўзига устоз санаб, улардан ижод сирларини ўрганган, уларга эргашиб ижод қилган, ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Арузнинг туркий адабиётда машҳур, халқ ижодида ҳам кенг тарқалган енгил ва ўйноқи вазнларидагина ёзилган бу шеърларнинг барчаси ишқу муҳаббат мавзуида. Ўзбек ва форс-тожик тилидаги шеърларини тўплаб, девон тартиб берган. Девон ғазал, мухаммас, мусаддас, туюқ жанрларидаги 10 минг мисрадан ортиқ шеърни ўз ичига олган. Унинг ижодий меросини чуқур ўрганиш нафақат тарихий ҳақиқатларни тиклаш, балки бугунги маънавий ҳаётимизни янада юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур медиалойиҳа орқали Амир Умархон (1787–1822) ҳукмронлиги даврида яшаб ижод қилган адиблар, уларнинг илмий-маънавий фаолияти, асарлари ва тарихий аҳамияти чуқур ўрганилади. Айниқса, ўша даврга оид ёзма манбалар, тарихий ҳужжатлар, қўлёзмалар ва бошқа далилий асослар тадқиқ қилинади. Натижада илмий ишланмалар тайёрланиб, улар асосида Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси бойитилади.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида мультимедиявий контентлар – видео лавҳалар, мақолалар, инфографикалар ва ижтимоий тармоқлар учун махсус материаллар тайёрланади. Бу эса жамоатчиликка, хусусан, ёш авлодга Амир Умархон давридаги адабий муҳитни янада яқинроқ таништириш имконини беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?