Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири вафот этди

18:02 12 Октябр 2025 Жамият
316 0

Фото: Мудофаа вазирлиги

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Ахмедов Рустам Урманович 82 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

«Бугун биз жанговар офицер, Ўзбекистон Республикасининг биринчи мудофаа вазири, ўзининг 40 йилдан ошиқ умрини Қуролли Кучларга фидойилик билан бағишлаб, мустақил Ўзбекистон миллий армияси тикланишининг дастлабки йилларида мамлакат учун, унинг хавфсизлигини таъминлаш ва халқимизни осойишталигини ҳимоя қилиш учун ғоят кўп ишларни амалга оширган генерал-полковник Ахмедов Рустам Урманович билан бутунлай хайрлашмоқдамиз», дея таъзия билдирган вазирлик жамоаси.

Маълумот учун, генерал-полковник Ахмедов Рустам Урманович 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида таваллуд топган.

1965 йилда Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини «танк қўшинлари тактик қўмондонлиги» мутахассислиги бўйича, 1985 йилда эса Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясини «қўмондон-штаб оператив-тактик» мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1966 йилдан 1972 йилгача қадар Болтиқбўйи қўшинлари ҳарбий округи 11-армия танк полки танк взводи командири лавозимидан Шимолий қўшинлар танкчилар дивизияси танкчилар батальони командирининг сиёсий бўлим бўйича ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.

1972 йилдан 1986 йилгача Тошкент олий танк қўмондонлик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртларида курсантлар батальонида командирнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда батальон командири лавозимларида хизмат ўтаган.

1986 йилдан 1991 йилгача Тошкент вилояти фуқаролик мудофааси командирининг ўринбосари – штаб бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

1991 йилдан 1992 йилгача бир вақтнинг ўзида мустақил Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари бўйича вазири – Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардия қўмондони лавозимида, 1992 йилдан 1997 йилгача эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган.

Марҳум нафақат мудофаа тизимида, балки 1997 йил сентябрь ойидан 1998 йил сентябрь ойигача Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида фаолият юритган. У 1998 йилда нафақага чиққан.

Ахмедов, шунингдек, 2018 йилдан 2020 йилгача Мудофаа вазирининг маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган.

Генерал-полковник кўп йиллик фидойи хизматлари учун Собиқ иттифоқ ва Ўзбекистон Республикасининг бир қатор орден ва медаллари билан тақдирланган. Хусусан, 1993 йилда Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи ва 1995 йилда ИИ даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотланган. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси миллий армиясини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун 2018 йилда «Дўстлик»ордени билан тақдирланган.

Маълум қилинишича, Ахмедов Рустам Урманович билан видолашув эртага, 13 октябрь куни соат 11:30 да Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Орол 3-тор кўчаси 13-уйда бўлиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?