«Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Аввалроқ Тошкент вилояти ҳудудидан оқиб ўтган «Бўзсув» каналига канализация сувлари оқизилаётгани ҳақида хабар берилганди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот котиби Лола Раҳмонбоева мазкур ҳолат юзасидан тегишли текширув ўтказилганини маълум қилди.
Билдирилишича, оқова сувларнинг чиқиш жойларидан олинган лаборатория таҳлил натижаларига кўра, «Бўзсув аэрация иншооти»нинг биринчи сонли ташламасида муаллақ моддалар чекланган миқдордан 23,7 марта, аммоний иони 101,9 марта, азот нитрит 3,5 марта, сульфатлар 2,3 марта, фосфатлар 1,3 марта, БПК 19,6 марта, нефть маҳсулотлари 2,52 марта, мис 4,16 марта, темир 12,4 марта юқори эканлиги аниқланган.
Шунингдек, объектнинг учинчи сонли ташламасида муаллақ моддалар белгиланган миқдордан 22,1 марта, аммоний иони 19,9 марта, азот нитрит 8,5 марта, сульфатлар 2,8 марта, фосфатлар 1,3 марта, БПК 17 марта, нефть маҳсулотлари 1,78 марта, мис 3,3 марта, темир 3,6 марта юқори эканлиги маълум бўлган.
Дастлабки текширув давомида атроф-муҳитни ифлослантирганлик ҳамда оқова оқизганлик оқибатида 1 млрд 511 млн 966 минг 450 сўм қўшимча компенсация тўлови ҳисобланган.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 205- ва 207-моддалари билан «Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат бўйича «Тошкент шаҳар сув таъминоти« АЖ ҳам расмий муносабат билдириб, лаборатория текширувлари натижасида сув таркибида ҳеч қандай ранг қолдиқлари аниқланмаганини қайд этди.
Маълум қилинишича, экология ва санитарияга масъул ташкилотлар масъулларидан иборат гуруҳ тузилиб, ҳолат ўрганилган, лаборатория текшируви ўтказилган. Текширув натижасида айни вақтда «Бўзсув» иншоотида тозаланиб, каналга оқизилаётган сув таркибида ранг қолдиқлари аниқланмаган.
Ушбу суратда айни вақтда «Бўзсув» иншоотида тозаланиб, каналга оқизилаётган сув намунаси тасвирланган.
«Келгусида корхоналардан ташланаётган оқовалар таркибида ортиқча кимёвий чиқинди ва ранглар учраган тақдирда вазиятга аниқлик киритиб, кескин чоралар кўриш бўйича масъуллар огоҳлантирилди», дейилади муносабатда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг