Қизил китобга киритилган лочинларни сумкасида олиб кетаётган шахс табиатга қарийб 5 миллиард сўм зарар етказди

13:24 29 Сентябр 2025 Жамият
181 0

Лочинларга ноқонуний ва шафқатсиз муносабат натижасида табиатга катта миқдорда зарар етказилди. Бу ҳақида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.

Унда айтилишича, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида Бўстонлиқ туманида навбатдаги тезкор рейд тадбири ўтказилган.

Мазкур рейд давомида аввалдан кузатувга олинган шахс «Оқтош» қўриқлов пунктида давлат чегарасини бузиб ўтган ҳолда ҳаракатланаётганида тўхтатиб қолинган.

Ушбу шахснинг ёнидаги сумка белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида 8 бош тирик лочин қушлари топилган.

Текширув давомида ҳуқуқбузар атрофдагиларга сездирмаслик учун қушларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани ойдинлашган. Жумладан, қушларнинг кўз ва оёқларини боғлаб, қанотларини скотчлагани ҳамда тор ҳажмдаги сумкага зичлаб жойлагани маълум бўлган.

Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутахассислари томонидан ушбу лочин қушлари Ўзбекистон Қизил китобига киритилгани ва ҳуқуқбузарлик натижасида ҳайвонот дунёсига 4 миллиард 944 миллион сўм зарар етказилганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?