«Қамчиқ» довонида юк машинаси ЙТҲга учради

13:53 28 Апрель 2025 Жамият
121 0

Видеодан кадр

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан «Қамчиқ» довонида инсон ҳаёти сақлаб қолинди, деб хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, бугун, 28 апрель куни соат 11:22 да «Қамчиқ» довонидан ўтган А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 157,1 километрида «Тошкент-Водий» йўналишида ҳаракатланган «Isuzu» русумли юк автомобили йўл-транспорт ҳодисасига учраган.

112 ягона диспетчерлик тизими орқали ҳудудда ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва йўл ўртасидаги тўсиққа бориб урилиб, ЙТҲ содир этгани тўғрисида ФВБга хабар қилинган. Билдирилишича, ҳодиса оқибатида ҳайдовчи машина кабинаси ичида қисилиб қолган.

Воқеа жойига зудлик билан ФВВ қутқарувчилари, ЙПХ ва Тез тиббий ёрдам ходимлари етиб борган. Қутқарувчилар томонидан юк машинасининг кабина қисмида қисилиб қолган ҳайдовчиси чиқариб олиниб, биринчи ёрдам кўрсатилган ва Поп тумани тиббиёт бирлашмасига жўнатилган.

«Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида инсон ҳаёти сақлаб қолинди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 апрель куни Тошкент вилоятининг Пискент туманида ҳам юқоридаги каби ҳолат содир бўлган эди. ФВВ қутқарувчилари зудлик билан манзилга етиб бориб, автомобиль салонида қисилиб қолган ҳайдовчини чиқариб олишга муваффақ бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?