Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги визасиз режим бекор қилиндими?

01:40 28 Апрель 2025 Жамият
162 0

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароларининг Бирлашган Араб Амирликларига кириши тақиқлангани ҳақида тарқалаётган хабарлар асоссиз ва фейкдир, деб ёзмоқда Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги мавжуд визасиз тартиб ўз кучида қолмоқда. Расмий манбалар бундай чоралар жорий этилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

«Фақат расмий ва тасдиқланган манбаларга ишонишингизни сўраб қоламиз», дейди ТИВ матбуот котиби.

Гап шундаки, сўнгги вақтларда Дубай шаҳрида Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хабарлар сиздирилди.

Хусусан, бундан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ўзбекистонликлар Дубай шаҳри кўчаларида муштлашгани ва иш пичоқбозликкача бориб етгани, мазкур ҳолат бўйича 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани маълум қилинди.

Воқеалар фонида Ўзбекистон ТИВ мазкур ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани ҳақида расмий муносабат билан чиқди.

Билдирилишича, юзага келаётган ҳолатлар бўйича Ўзбекистон дипломатлари ва Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтган.

Учрашувда БАА томони юқоридаги пичоқбозлик бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини ҳамда шу каби ҳолатлар кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидланган.

Шу боис, ТИВ матбуот котиби ўз Telegram каналида Ўзбекистон фуқароларини хориждаги юртдошларимиз шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан тийилишга чақириб, мурожаат йўллади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?