Икки ҳудудда 56 гектардан ортиқ ер майдонини сотмоқчи бўлган фирибгарлар қўлга олинди

18:27 19 Апрель 2025 Жамият
337 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навбаҳор тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Унга кўра, ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро З.Б. Кармана тумани, «Кумушкон» МФЙ ҳудудидаги 15 сотих ер майдонини гўёки кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали фуқаро М.Қ.нинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 217 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Чимбой тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.

Маълум қилинишича, фуқаро У.Ш. «Кенес» ОФЙ ҳудудидаги давлат захирасида бўлган 56 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фуқаро Х.И.нинг номига расмийлаштириб беришини ваъда қилиб, ундан 54 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», — дейилади департамент хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?