Хоразмда 7-синф қиз тунги клубда раққосалик қилаётгани аниқланди

11:50 18 Апрель 2025 Жамият
170 0

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида 7-синф ўқувчиси раққосалик қилаётгани ҳақидаги видеолавҳалар кенг тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Билдирилишича, жорий йилнинг 16 апрель куни Урганч шаҳрида яшовчи 2011 йилда туғилган вояга етмаган қиз тунги клубда раққосалик қилаётгани аниқланиб, тегишли ташкилот вакиллари томонидан Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.

Ушбу ҳолат ваколатли ташкилот вакиллари ҳамкорлигида ўрганилганида Урганч шаҳридаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 7-синфида ўқиган қиз ота-онасининг аризасига кўра 2024 йил 24 ноябрда Хоразм вилояти Болалар масалалари бўйича Урганч шаҳар комиссиясининг 162-сонли қарори ва ушбу қарор асосида 2024 йил 3 декабрдаги мактаб буйруғи билан ўқувчилар сафидан чиқарилганлиги маълум бўлган.

«Вояга етмаган қиз ота-онаси билан узоқ муддатга доимий яшаш мақсадида 2024 йил декабрь ойида Санкт-Петербург шаҳрига амалдаги тартиб бўйича ҳужжатларни расмийлаштириб чиқиб кетганлиги, жорий йил февраль ойида Ўзбекистонга қайтиб келганлиги, бироқ ота-онаси ёки тегишли ташкилотлар томонидан бу ҳақида мактабга хабар берилмаганлиги аниқланган», — дейилади муносабатда.

Бошқарманинг қўшимча қилишича, раққосалик билан шуғулланиб келган вояга етмаган қиз бугунги кунда Хоразм вилоятидаги ҳеч бир мактаб рўйхатида қайд қилинмаган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?