Зокиржон Алматов Фарғонада ИИБ ходимлари аёлни таҳқирлаганини кескин қоралади
Яқинда «Kun.uz» нашри Фарғона вилояти Фурқат туманида ИИБ ходимлари 34 ёшли аёлни туман солиқ инспекцияси бошлиғи билан ишқий муносабат устида қўлга олганини рўкач қилиб, аёлни ечинтириб калтаклагани ҳамда солиқ мансабдори устидан ёлғон ариза беришга мажбурлагани ҳақида маълумот тарқатди.
Бугун, 7-октабр куни ИИВ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур ҳолат юзасидан танқидий муҳокамалар бўлиб ўтди. Хусусан, Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов Фурқат тумани ИИБ ходимлари томонидан аёл кишининг таҳқирланиш ҳолатини кескин қоралади.
«Бу — ўтакетган ваҳшийлик. У раҳбар (!) қайсидир йўллар билан амалга ўтириб қолган, деб ўйлайман. Қандай шароитда бўлса ҳам, ички ишлар идораси ходими ўзини ушлашни билиши керак. Биз ўзидан кетиб қолган бундай раҳбарларни асло кечирмаймиз», деди Алматов.
Унинг таъкидлашича, ички ишлар идораларида ишлайдиган ҳар бир ходим ўзини психологик жиҳатдан тайёрлаши, жаҳлини жиловлай олиши керак.
«Ҳар бир йиғилишда вазир, вазирлик раҳбарияти, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиқлари ходимлардан шу нарсани талаб қилади: жаҳлингга эрк берма, жаҳлингни жиловла, одамларни аввал яхшилаб эшит, деймиз. Ҳатто бизга жаҳл қилиб, ўзини осиб қўйганлар ҳам бўлган. Шунинг учун йигитлар, қизларимиз, эшитинглар:
Инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббат деган туйғуларнинг ҳаммаси бизда бўлиш шарт. Сиз билан биз фақат қамаш учун яратилмаганмиз. Тарбиялаш, инсонларга ғамхўрлик қилиш, уларга ёрдам бериш учун ички ишлар ходимлари бор. Шу нарса ҳеч қачон эсимиздан чиқмасин. Лекин одам бўлмайдиганларнинг қонун бўйича жазосини беришимиз шарт. Шу боис бизнинг фаолиятимизда ҳар хил одамлар учраб туради», дейди ИИВ маслаҳатчиси.
Зокиржон Алматовнинг қўшимча қилишича, мазкур ҳолат бўйича махсус текширув олиб борилмоқда.
Шунингдек, ҳолат Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. Олий судга кўра, Фурқат тумани ИИБ бошлиғи ва ўринбосари 6 та модда бўйича айбланмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Тошкентда дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ўртасида ХІХ халқаро мини-футбол турнири ташкил этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг