Жўқорғи Кенгес Раиси Чимбой туманидаги камчиликларни танқид қилди

13:54 08 Сентябр 2022 Жамият
516 0

Фото: Халқ сўзи

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Чимбой туманида бўлиб, аҳолини қийнаётган муаммолар ҳамда халқнинг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган амалий ишлар билан танишди.

Жумладан, Жўқорғи Кенгес Раисига мурожаат қилган фуқароларнинг муаммоларини ижобий ҳал қилиш борасида берилган топшириқларнинг ижросини жойига бориб кўрди.

Шундан сўнг Чимбой тумани ҳокимлигининг мажлислар залида барча вазирлик, қўмита, бошқармалар ва тумандаги идора-ташкилотлар раҳбарлари ҳамда овул оқсоқоллари ва маҳалла фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда «Инсон қадри учун» деган устувор тамойил асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, халқнинг турмуш даражасини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган бир қатор янги тизим ва дастурлар ҳаётга татбиқ қилинди. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ҳар бир оила - тадбиркор», «Ёшлар келажагимиз», «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» каби дастурлар асосида амалга оширилаётган ишлар бунга ёрқин мисолдир.

— Бироқ, шундай қулай шароитлар яратилишига қарамай, айрим соҳа раҳбарлари ўз ишига масъулиятсиз ёндaшиб, берилган топшириқларга юзаки қарагани ва белгиланган муддатида бажармасликлари — биринчи навбатда аҳолининг кайфиятига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг норозилигига сабаб бўлади, — деди Жўқорғи Кенгес Раиси А.Оринбаев.

Жўқорғи Кенгес Раиси Чимбой туманида кўплаб соҳаларда, жумладан, қурилиш, ободонлаштириш ва ижтимоий соҳаларда бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётганига тўхталиб, танқид қилди.

Йиғилишда муҳокама этилган ҳар бир масалани соҳа раҳбарлари қатъи назоратга олиши шарт эканлиги белгилаб берилди. Шунингдек, жорий йил якунигача Чимбой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ишларга жами 16 млрд. 849 млн.сўм маблағ ажратилиши маълум қилинди.

Шу билан бирга юқорида йиғилишда муҳокама этилган масалалар, йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш чораларини кўрмаган, халқни рози этиш нуқтаи назаридан ишга бўлган масъулиятини оширмаган раҳбарларнинг лавозимига лойиқлиги юзасидан таклиф киритиш ва мазкур ишларни назоратга олиш бўйича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси Дуйсенбай Утамбетов масъул қилиб бириктирилди.

Ғ.Отажонов, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер