Жўқорғи Кенгес Раиси А.Оринбаев Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди

22:54 09 Сентябр 2022 Жамият
1033 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун, яъни 9 сентябрь куни Нукус шаҳрида бўшаган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини сайлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Сайлов кодексининг 78-моддасига мувофиқ, қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомходжаев очди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси сўзга чиқиб, Сайлов кодексига мувофиқ, бўшаган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини сайлаш бўйича сайлов ўтказиш тартиб-қоидаларига тўхталиб ўтди.

Мажлисга 31-сонли «Орта қала» сайлов округидан депутат А.Давлетов раислик қилиш таклифи киритилди ва ушбу таклиф депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Қўшма мажлис ишини таъминлаш ва юритиш учун ишчи таркиби, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзод кўрсатиш бўйича Маслаҳат кенгаши, мажлис котибияти, саноқ комиссияси аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан сайлаб олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларидан сайланган Маслаҳат кенгаши аъзоларининг бошқа хонада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига бўшаган ўринга номзод кўрсатиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Маслаҳат кенгашининг раиси 45-сонли «Шуманай» сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати У.Жалменов мажлисда қабул қилинган қарор бўйича ахборот берди.

Қўшма мажлис Маслаҳат кенгаши томонидан Сенат аъзосини сайлаш бўйича сайлов бюллетенига киритиш учун 56-сонли «Бердақ» сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев номзоди таклиф этилди.

Шундан сўнг Сенат аъзоси сайлови бўлиб ўтди. Демократик тамойиллар асосида ўтган сайловда ҳар бир депутатнинг яширин овоз бериши ташкил этилди.

Сайлов натижалари кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб сайланди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг қўшма мажлиси ўз ишини якунлади.

Ғ.Отажонов, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?