Жонкуяр олим ёди — ҳамиша қалбларда
Раҳматжон БОБОЖОНОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Миллий университетида юртимиздаги «Ижтимоий фалсафа» ва «Маданият фалсафаси» илмий мактаби асосчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, фалсафа фанлари доктори, профессор, Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Саид Шермуҳамедовнинг 95 йиллик юбилейи муносабати билан хотира кечаси бўлиб ўтди. Унда олимлар, бир қатор олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.
Тадбирда мутасаддилар, бир гуруҳ олим ва профессорлар сўзга чиқиб, жонкуяр олимнинг Ўзбекистон илм-фанига қўшган беқиёс ҳиссаси, етиштирган шогирдлари, яратган илмий мактаби ҳақида сўз юритишди.

— Устознинг илмий мероси, ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, фалсафа соҳаси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида узоқ гапириш мумкин, — дейди Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор Ином Мажидов. — Саид Шермуҳамедов умр давомида кўплаб жойларда фаолият олиб борган ва илм йўлида собит бўлган. Унинг муаллифлигидаги 15 та монография, 10 та дарслик, 500 дан ортиқ илмий мақолалар кўплаб илм ихлосмандлари учун зарурий манба, маънолар хазинаси, десак, муболаға эмас.
Дарҳақиқат, олим раҳбарлигида шу пайтгача «Ижтимоий фалсафа» ва «Маданият фалсафаси» йўналишларида 88 нафар фалсафа фанлари номзоди, 25 нафар фалсафа фанлари доктори тайёрланган. Улар орасида Малайзия, Эрон, Чехия каби мамлакатлардан келган олимлар ҳам бор. Бугунги кунда таниқли олим асос солган илмий мактаб вакиллари янги Ўзбекистоннинг олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, давлат ва жамоат ташкилотларида фаолият олиб боришмоқда.

Тадбир давомида шундай фикрлар бот-бот такрорланиб, атоқли олим шогирдлари, сафдошлари, айниқса, илм йўлини танлаган ёшларга чин маънодаги ўрнак ва ибрат мактаби вазифасини ўташи таъкидланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг