Жиззахликлар ютади, деб ўйлагандик…

Жиззахликлар саккиз ой давомида чоризм босқинчиларига қарши пухта тайёргарлик кўради. Улардаги шижоатни, қуролларни кўриб, албатта, ғалаба қозонади, деб ўйлайсан…
Жиззахликлардаги ўзларига бўлган ишонч бежиз эмасди. Чунки, улар 1866 йилда генерал Черняев бошчилигидаги босқинчиларни Чинозга қараб чекинишга мажбур қилганди. Шу боис улар янги босқинга қарши ҳозирликка завқ-шавқ билан киришдилар.
Ўзиям, саккиз ой мобайнида минглаб одамлар қалъа деворларини деярли қайтадан мустаҳкамлаш чиқишади. Девор аслидан уч баравар баланд қилиб тикланган, деворларнинг қалинлиги ҳам оширилган. Камига, қалъа атрофи бўйлаб ўтган хандақлар чуқурлиги 7-8 метргача етказиладики, ундан кечиб ўтиш осон бўлмаслиги аниқ. Ҳатто, тайёргарлик юмушлари ҳужумга бир неча дақиқа қолган пайтда ҳам давом эттирилаётган эди.
Жиззахга қилинган биринчи юриш 1866 йил 28 январда 14 рота пиёда, 600 казак ва 16 та қурол-аслаҳа билан Черняев томонидан амалга оширилган бўлиб, у мағлубият билан тугаган. Натижада 27 мартда Черняев Петербургга чақирилган ва Романовский унинг ўрнига Туркистонга юборилган. Жиззахга иккинчи юришни Романовский амалга оширган.
Фарангиз Қаландарованинг «Рус—Бухоро урушларидаги ҳарбий ҳаракатлар тарихининг манбаларда ёритилиши» мақоласидан.
Шу тариқа жиззахликлар босқинга қарши жуда яхши тайёргарлик кўрди. Уларнинг аскарлари сони ва қуроллари тури ва таркиби ҳам чакки эмасди.
Бу ҳақда америкалик дипломат ва сайёҳ Южин Скайлер «Туркистон» асарида шундай ёзади: «Қўмондон Оллаёрбек шаҳарни сақлаб қолишга ва агар уддасидан чиқишмаса, ўлимга қарор қилган. Камига 10 минг кишилик қўшин, 53 та тўп ҳамда амирнинг энг сара лашкаридан қолган қисм афғон, эроний ва туркманлардан иборат бўлиб, фақатгина одатий сойли милтиқ эмас, европача пилта милтиқ ва кўплаб тўппончалар билан қуролланишган эди».
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳимоячилар тактикаси ҳам тўғри танланган, яъни ёв узоқдалик пайтида ўт очмасдан, яқинроқ келишларини кутишади. Негаки, уларнинг қуроллари яқин нишонни яхши ура оларди.
Ниҳоят, барчалари ҳам ҳаяжон, ҳам қўрқув билан кутган лаҳзалар етиб келди. Аниқ айтадиган бўлсак, «Туркистон» асарида келтирилишича, 1866 йил 28 октябрда босқинчилар шаҳарга тўпларда ўт очади ҳамда 30 октябрь чошгоҳда ёппасига ҳужум бошлаб юборилади.
Ҳимоячиларнинг тайёргарлиги ҳамда қўшини ва қуролларидан келиб чиқиб, албатта, жиззахликлар ютади, деб ўйлагандик…
Минг таассуф бўлсинки, шаҳар бир соатда босқинчилар қўлига ўтади.
Жанг чоғида 18 нафар бекдан 16 нафари қаҳрамонларча ҳалок бўлади, улар орасида қўшин қўмондони Оллоёрбек ҳам бор эди. Қарийб 6 минг аскар нобуд бўлади, 2 минг нафари эса асир олинган.
Жиззах 18 октябрь куни руслар томонидан эгалланди. Шаҳарни мудофаа қилган 11 минг бухороликлардан олти минг киши ҳалок бўлди. Руслардан эса 98 киши ўлдирилган. 11 та байроқ ва 43 та тўп руслар томонидан ўлжа сифатида эгалланган.
Антон Керсновский «Рус армияси тарихи» асаридан.
Эътибор қилган бўлсангиз, шаҳарнинг босиб олиниши санаси иккита асарда икки хил кўрсатилган. Аммо бунинг биз учун умуман аҳамияти йўқ. Шаҳар 18 октябрда босиб олиндими ёки 30 октябрдами, энди бунинг нима фарқи бор…
Ватан учун жон тикканларнинг шунча уринишлари, наҳотки, бир соатга кифоя қилган бўлса…
Бунда кимни айблайсан, нима деб айблайсан. Аммо шунга қарамасдан, бир неча сабабларни айтмасак бўлмас.
Сомийга кўра, Жиззах босиб олинишига ёмон стратегия танланишини сабаб бўлган. Чунки Искандархон шаҳар дарвозаларини лой уюмлари билан мустаҳкамлаб ўрамасликни, мағлубиятга учраган тақдирда шаҳардан чиқиб кетиш имкони бўлмай қолишини таъкидлаб, олдиндан огоҳлантирган. Аммо унинг фикрини амирлар инобатга олишмайди.
Яна бир сабаб қилиб ҳимоячилар ва Бухоро қўшинлари ўртасида яхши алоқа бўлмаганлигини келтириш мумкин. Агар алоқа яхши йўлга қўйилган бўлса эди, Бухородан кўмакка юборилган 18 тўп ва 2 минг кишилик ёрдамчи кучлар вазиятдан келиб чиқиб, ўз вақтида етиб келган бўлармиди… Қолаверса, биз жиззахликлар қуролларини сал илгари анчагина ошириб айтганга ўхшаймиз. Агар қуроллар замонавий бўлганида эди, босқинчиларни шаҳар остонасига йўлатмасдан қирғин қилиб юбориш мумкин бўлар эди...
Замон билан ҳисоблашмаганларни замон кечирмайди, бу қоида ҳозирги кунларимизда ҳам ўзгарган эмас…
Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Ўзбекистон Олий Мажлисининг Араб парламенти билан ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг