Жиззах илк бор белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди

18:21 29 Ноябрь 2021 Спорт
568 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жорий йилнинг 24 — 27 ноябрь кунлари Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун 2001-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида илк бор жаҳон чемпионати ўтказилди. Дунё биринчилигининг мукофот жамғармаси 56 000 АҚШ доллари ҳамда «Кобальт» ва «Спарк» автомобиллари бўлди. Мусобақада Россия, Буюк Британия, Полша, Марокаш, Ҳиндистон, Италия, Латвия каби ўттизга яқин давлатлардан уч юз нафарга яқин полвонлар совринли ўринлар учун баҳс олиб борди.

25 ноябрь куни Жиззах шаҳридаги «Сўғдиёна» спорт мажмуаси жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Маросимда иштирок этган меҳмонларга Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси, Белбоғли кураш федерацияси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Бундан ташқари, спортни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ва Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниевга Туризм ва спорт вазирлиги таъсис этган «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонлари топширилди. 

Тантанали очилиш маросимида Токио Олимпиадасида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, олтин медални қўлга киритган, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони соҳиби Улуғбек Рашитов ҳам иштирок этди. Таниқли хонандаларнинг куй-қўшиқлари кўнгилларга шодлик улашди.

Шундан сўнг жаҳон чемпионатига старт берилди. Биринчи кунги беллашувларда ўғил болалар белбоғли кураш саккиз, қизлар олтита вазн тоифасида ғолиблик учун курашди. Беллашувлар якунида полвонларимиз 13 та олтин медални қўлга киритишди. Ундан кейинги ўринларни Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларнинг терма жамоаларига насиб этди. Мусобақа ғолиблари ўн миллион, иккинчи ўрин эгалари етти миллион, учинчи ўринни олган полвонлар 5 миллион сўм пул мукофотлари берилди.

Фото: "Халқ сўзи"

26 ноябрь куни полвонлар белбоғли курашнинг эркин йўналишида беллашишди. Муросасиз ва шиддатли тус олган баҳсларда бу сафар полвонларимизга осон бўлмади. Медаллар жамғариш бўйича Қозоғистон ва Россия полвонлари бизга асосий рақобатчи саналди. Якунда Қозоғистон терма жамоаси энг кўп бешта олтин медаль билан фахрли биринчи ўринни банд этди. Кейинги ўринларни Россия ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси қўлга киритди. Бу йўналишда ҳам ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари билан тақдирланди. Мусобақанинг биринчи кунги натижаларига кўра умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон терма жамоасига Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини — «Кобальт» автомобили берилди. Эркин йўналишда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Қозоғистон терма жамоасига ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини — «Спарк» автомобили топширилди.

Мусобақа доирасида Жиззах шаҳридаги «Ўзбекистон» меҳмонхонасида жаҳон чемпионати олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси раиси Азизбек Ғаниев ассоциация фаолияти, мақсад ва вазифалари хусусида журналистларга ахборот берди. Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, белбоғли кураш бўйича терма жамоа бош мураббийи Усмон Махаматов, Жиззах вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Иномжон Тожибоев ҳам оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерларнинг жаҳон чемпионатига оид саволларига батафсил маълумот беришди.

Шунингдек, Осиё белбоғли кураш конфедерациясининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур таъсис йиғилишида Осиё белбоғли кураш конфедерациясига ўзбекистонлик Мўмин Муротов раис этиб сайланди.

Тантанали тарзда ўтган тақдирлаш маросимида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев мусобақа ғолиб ва совриндорларини қўл киритган ютуқлари билан табриклади. Тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Синдор Раҳмонқулов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Осиё белбоғли кураш конфедерацияси раиси Мўмин Муротов ва бошқалар ғолиб спортчиларни қутлади.

Шунингдек, мусобақа иштирокчилари кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри, шунингдек, юртимизнинг сулим жойларидан саналган Зомин тоғларида бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?