Жазо ўтаётган аёлларга ОТМга кириш ва масофавий ўқиш имконияти яратилади

16:08 06 Март 2026 Жамият
436 0

Иллюстратив фото

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилаётган байрам тадбирида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлаш, муаммоларини ҳал қилиш устувор вазифалардан бири эканига тўхталди.

«Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши муросасиз муҳит яратиш – биз учун стратегик вазифа.

Шу ҳафтада яна бир муҳим фармонни имзоладим. Энди хотин-қизлар ва болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларига қарши қатъий тизим асосида кураш олиб борамиз», деди Президентимиз.

Фото: Президент матбуот хизмати

Турли сабабларга кўра билиб-билмай жиноятга қўл урган аёллар ҳам шу юртнинг фуқаролари экани таъкидланди. Уларни ижтимоий ҳаётга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш тўғрисида ҳам жиддий ўйлаш кераклиги қайд этилди.

Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган аёлларнинг кўпчилиги ўрта маълумотли, касби ёки ҳунари йўқ. Айримлари олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган.

Шу боис, бундай хотин-қизлар билан манзилли ишлаш бўйича «Янги ҳаёт» дастури бошланади. Улар 3-6 ой касб дастурларида ўқитилиб, сертификат олади.

Шунингдек, маҳкумаларга муассасаларнинг ўзида имтиҳон топшириб, олийгоҳларга кириш ва масофавий ўқиш имконияти яратиб берилади. Контракт асосида ўқишга қабул қилинганларга жазони ўтаб, ишга жойлашгандан кейин қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?