Жавоҳир Синдаровга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони берилди

15:35 27 Ноябрь 2025 Спорт
146 0

Шахмат бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Синдаров Жавоҳир Санжарбековичга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони берилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан мамлакатимизда шахмат спорт турини янада ривожлантиришга, халқимиз ўртасида ушбу спорт турини оммалаштиришга қўшаётган улкан ҳиссаси, эл-юртимиз олдидаги фарзандлик бурчига содиқ қолиб, азму шижоати, юксак ирода ва маҳоратини, ватанпарварлик фазилатларини яққол намоён этгани, жаҳон миқёсида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юқори натижага эришгани, Янги Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини дунёга тараннум қилиш, ёшларимизни она юртга муҳаббат, миллий ғурур ва ифтихор туйғулари руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун шахмат бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Синдаров Жавоҳир Санжарбековичга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони берилди.

Шахмат бўйича Жаҳон кубоги соҳиби бўлган шахматчимиз Президент совғаси — 3 хонали хонадон, унинг мураббийлари эса пул мукофотлари билан тақдирланади”, деб ёзади Шерзод Асадов.

Ўзбекистонлик 19 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўтказилган FIDE Жаҳон кубоги – 2025 финалида ғалаба қозониб, дунё шахмат тахтининг янги чемпионига айланди.

Финал баҳсида Синдаров Хитой вакили Вэй И билан ҳал қилувчи дуэлга чиқди ва қора доналарда ишончли ўйин намойиш этиб, рақибини мағлубиятга учратди. Шу тариқа, у Жаҳон кубогининг бош соврини 120 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофотни қўлга киритди. Энг муҳими, бу ғалаба унга 2026-йилги Номзодлар турнирига расмий йўлланмани ҳам тақдим этди. Бу шахмат оламида энг юксак марралардан.

Шунингдек, Жавоҳирнинг ушбу натижаси Ўзбекистон шахмат мактабининг кучини яна бир бор исботлади. Қайд этиш жоизки, бундан 21 йил аввал Рустам Қосимжонов ҳам Жаҳон кубоги соҳиби бўлиб, тарихга кирган эди. Бугун эса Жавоҳир Синдаров ана шу фахрли анъанани давом эттирди.

Муросасиз баҳсларда кечган ўйинга қисқача тўхталмасак бўлмайди. Тай-брекнинг биринчи партиясида Вэй И 30-юришда жиддий хатога йўл қўйди. Бироқ вазият мураккаб бўлгани боис, Жавоҳир ютуққа элтувчи ягона вариантни дарҳол топа олмади ва партия дуранг билан якунланди. Шунга қарамай, асосий қарама-қаршиликда Синдаров ўзини қўлга олди, рақибининг заиф нуқталарини топди ва қатъият билан ғалабани қўлга киритди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер