Жарима баллари тизими ишга туширилгач ҳайдовчи айби билан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари 36 фоизга қисқарди

14:49 12 Сентябр 2025 Жамият
107 0

Маълумки, жорий йилнинг 1 июнь санасидан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тизими ишга туширилган эди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати уч ой давомида 60 мингдан ортиқ ҳайдовчилар жарима баллари олганини маълум қилди.

Ҳайдовчиларга қўлланилган жарима баллари таҳлилига кўра, июнь-август ойларида 5 баллгача жарима тўплаган ҳайдовчилар 4 нафарни, 4 баллгача жарима тўплаганлар 14 нафарни, 3 баллгача жарима тўплаганлар 129 нафарни, 2 баллгача жарима тўплаганлар 4 минг 976 нафарни ҳамда 1 баллгача жарима тўплаганлар 63 минг 974 нафар ҳайдовчини ташкил қилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг билдиришича, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тизими ишга туширилгандан буён 9 миллион 325 мингдан ортиқ ҳайдовчи умуман жарима баллари олмаган.

Ўтган уч ой давомида қоидабузарликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари сезиларли даражада камайган.

Жумладан, июнь август ойларида 167 мингта қоидабузарлик аниқланган бўлиб, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан (285 мингта) 58 фоизга камайган. Шунингдек, бу даврда ҳайдовчи айби билан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 2024 йилдаги 531 тадан жорий йилда 338 тагача, яъни 36 фоизга қисқарган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?