Жануб гавҳари

1
Ҳайитбой деган оғам бор. 91 ёшда. Сурхондарёнинг Қизириқ туманида яшайди. Эски замонда узоқ йил катта хўжаликнинг раҳбари бўлган. Бообрў одам. Ер билан, эл билан, экин-текин билан тилдош. Йигитдек тетик, ҳар тонг бомдод намозидан кейин уч километр югуради. Етмиш йилдан буён кундалик тутади. Китобхон. Зиёлилар, айниқса, ёзувчи, шоирлару журналистларга меҳри бошқача. Тошкентга кам келади. Тез-тез телефонда гурунглашиб турамиз.
— Биласиз, мен тинмай газета-журнал ўқийман, — деди тунов куни Ҳайитбой ота. — Интернетниям тинч қўймайман. Ўқисанг, кўнгил сув ичадиган мақолалар бор. Лекин кам...
— Тўғри... — дейман секингина. — Биз қаламкашлар ҳаёт шиддатидан сал орқада...
— Саёз гаплар, қуруқ рақамлар, — гапимга парво қилмай давом этади отахон. — Қандай зўр ишлар бўляпти. Завод, фабрика, бутун-бутун шаҳарлар қуриляпти. Газетга қарасанг, худди «тап» этиб осмондан тушгандай. Жумлалар оҳанжама, мақтовлар беўхшов. Ишчи ишчига, деҳқон деҳқонга ўхшаб гапирмайди. Айтайми нега? Бормай, кўрмай ёзасизлар. Қаердандир, эшитганларингни қўшиб-чатиб тўқийсизлар. Ука, бу ўзгаришлар Қорбобонинг совғаси эмас. Телевизорда Президентимизнинг «Бўлаётган ишларнинг қийинлигини билганлар билади, билмаганлар бахтли», деб куюнганларини эшитганимда, у кишига қўшилиб ёниб кетаман. Президентимиз нега бунчалар куйиб-пишяпти, нега қийинчиликларни тушунмаганлар бахтли, деб ёзғиряпти, журналистлар шу ҳақиқатнинг томирини кўрсатиши керакмасми, ука?
Ҳайитбой отанинг гаплари, «нозик» кўнгилга малол келса-да, тан олишдан ўзга илож йўқ эди.
— Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг телефон рақами борми? — Мураккаб вазиятни юмшатмоқчидек сўради оғам. — Домланинг «Танланган асарлар»ини ўқиб, кўп мутаассир бўлдим. Раҳматимни айтишим керак. Хуршид Дўстмуҳаммадникиям керак. Китобга «Сўзбоши»ни қўшиқ қиворибди.
— Биз томонга қачон келасиз? — сўради илтимоси бажарилгач. — Келинг, Сурхон тўғрисида бир «Сўзбоши» ёзинг сиз ҳам Хуршид инимга ўхшаб. Келсангиз, ўзим кўрсатаман, айлантираман Алпомишлар юрти Сурхонда, алплар ватани Сурхондарёда нималар бўлаётганини...
2
Алпомишлар юрти, алплар ватанига бораётганимни Ҳайитбой отага айтмадим. Аввал ўзим танишиб, кўриб, «Сўзбоши»га материал йиққанимдан кейин оғамнинг зиёратига бораман.
Сафарнинг биринчи куни сурхондарёлик журналист Холмўмин Маматрайимов билан керакли идораларга кирдик, фактлар, рақамлар тўпладик.
Рақамлар... Тоғу тошлар оралаб келаётган жилғалар дарёга туташмагунча кўзга ташланмайди. Турли жилдларда сочилиб ётган рақамлар ҳам бир дафтарда жам бўлгандан сўнг кўкўпар чўққиларга айлангандек бўлар экан.
Наҳотки, 7-8 йилда дунёга келган бўлса бу паҳлавон рақамлар, дейман кўзларимга ишонгим келмай. Наҳотки, 2017 йили вилоят бўйича ҳаммаси 1 минг 743 та бўлган саноат корхоналари 2024 йилга келиб 5 минг 845 тага етган? Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг саноатдаги улуши 1 миллиард 204 миллиондан 9 миллиард 652 миллион сўмга кўпайган?!
2017 йили вилоятда етиштирилган пахта толасининг атиги 11 фоизи қайта ишланган, ҳозир 100 фоиз! Сариосиёда «Сурхон сифат текстиль» МЧЖ, Деновда «Шашмахкашоб» МЧЖ, Шерободда «Шерободтекстилинвест» МЧЖ, Термиз шаҳрида «Амударётекс», Жарқўрғонда «Сурхонтекс» ва «Нортекстайл» корхоналари мазкур соҳанинг «драйвер»ларига айланган. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2024 йил якуни билан 63,7 триллион сўмга, саноат маҳсулотлари ҳажми 2017 йилдаги 2,3 триллиондан 17,4 триллион сўмга; кўп қаватли уйлар сони 108 тадан 832 тага кўпайиб, кейинги саккиз йилда 31 минг хонадон ҳовли тўйлари ўтказган.
2017 йилда вилоят бўйича 387 минг 406 хонадон табиий газдан фойдаланган бўлса, бу кўрсаткич 452 минг 211 тага етган. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 2017 йилдаги 42, 4 фоиздан 64,7 фоизга кўпайган.
Аҳолининг тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлишида Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилаётган «Тўпаланг» сув омбори билан боғлиқ лойиҳанинг алоҳида ўрни бор. Мазкур лойиҳа доирасида нақд 90 миллиард 83 миллион сўм ўзлаштирилиб, 153,1 километр ичимлик суви тармоғи барпо қилинган. Сариосиёда суткасига 200 минг кубметр сувни тозалайдиган иншоот қурилган. Денов туманида 20 минг, Шўрчи туманида 10 минг, Қумқўрғон туманида 5 минг куб метр сиғимга эга ичимлик сувини сақлаш ҳамда тарқатиш ҳавзалари бунёд этилган.
Энди йўлга бўлган эътиборни кўринг: 2024 йилнинг ўзида ҳудуддаги 16 минг 171 километр автомобиль йўлининг 901,1 километри тузатилиб, 20 та кўприк ва йўлўтказгичлар қурилган. 517,4 километр ички йўллар ҳашар асосида таъмирланган.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш ва маҳаллийлаштиришга жиддий эътибор берилгани сабабли ўтган йили 42 та корхона 362,1 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарган ва 20,4 миллион доллар тежаб қолинган.
Воҳанинг иқтисодий салоҳияти ошиб, 2024 йил 361,1 миллион долларлик товар, хизмат ва маҳсулотлар экспорт қилинган. Уларнинг 182,5 миллион доллари саноат, 178,5 миллион доллари мева-сабзавот, 58,4 миллион доллари тўқимачилик соҳасига тегишли. 2017 йилгача воҳадан дунёнинг бор-йўҚи ўнта давлатига маҳсулот жўнатилган бўлса, энди 40 та мамлакатга маҳсулот экспорт қилинаётганига нима дейсиз?
Бундай маҳобатли рақамларни яна ва яна санайвериш мумкин. Улар Шеробод даштларидек бепоён, Бойсун қирларидек жилвакор...
3
Шеробод даштларидек бепоён, Бойсун қирларидек жилвакор рақамлар Ҳайитбой ота «Газетларни очсанг, худди «тап» этиб осмондан тушгандай...» деганда қанчалар ҳақ эканига яна бир карра амин бўласан киши.
Мана, қаршимизда Ўзбекистон билан Афғонистонни бир-бирига боғловчи машҳур Ҳайратон кўприги. Мовий осмон артилгандек тиниқ, ҳаво иссиқ, рўпарамиздан Жайҳуннинг телба шабадаси эсиб турибди. Узоқда қўшни мамлакатнинг афсонавий Балх вилояти далалари, Мозори шариф, Ҳайратон шаҳарлари қорайиб кўринади. Катта йўлнинг бир томонида божхона, иккинчи томонида Термизнинг Ҳайратон маҳалласи. Амударё ёқалаб озгина юрган киши яқинда ишга тушган «Термиз халқаро савдо маркази»га кириб боради.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида инсонпарвар ва прагматик ёндашувнинг амалдаги ифодасига айланган бу мажмуанинг Марказий Осиёда муқобили йўқ ва у алоҳида геостратегик аҳамиятга эга. Марказ «Карачи — Термиз — Тошкент — Қозоғистон — Россия» халқаро транспорт йўлагининг асосий бўғини ҳисобланиб, Ўзбекистон ва бутун минтақа учун Ҳинд океани портлари орқали жаҳон бозорига чиқиш имконини яратмоқда.
Бу ерда Қозоғистон ва Хитой савдо уйлари ташкил этилган. Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь каби давлатлар ҳам савдо уйларини очишга қизиқиш билдирган.
Мазкур мажмуанинг яна бир муҳим жиҳати бор. Афғонистон бизнинг ён қўшнимиз. Ярим аср давом этган урушлар, аввал советларнинг, сўнгра америкаликларнинг зуғумлари, ундан кейинги ички низолар... Бутун бошли бир авлод ўқ ёмғирлари остида ўсди. Беҳисоб жанглар, тўкилган қонлардан сўнг ҳукумат Толибон қўлига ўтди. Аммо ўзини жаҳоннинг бекларимиз, дегувчи давлатлар янги ҳокимиятни тан олмади. Афғон муаммоси улар учун муҳим эмас-да. Бизга эса Президентимиз дунё минбарларида, БМТ йиғинларида қайта-қайта таъкидлаганларидек «тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этувчи, қўшнилар ва бошқа мамлакатлар билан очиқ шерикликка тайёр Афғонистон керак. Жуда керак! ...Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас».
Афсуски, Ўзбекистон Президентининг мана шу оддий ва оқилона сиёсатини аввал ҳам, ҳозир ҳам тушунмаганлар ва тушунишни истамаганлар оз эмас. Юртбошимизнинг фикри эса ўзгармас ва қатъий: бизга тинч Афғонистон керак. Керакли бўлгани учун қўшни мамлакатда Ўзбекистон кўмаги билан кўчалар, темир йўллар қуриляпти, маданий ва гуманитар ёрдамлар юбориляпти, Толибон расмийлари билан бир пиёла чой устида оғир-оғир муаммолар ҳал қилиняпти. «Термиз халқаро савдо маркази»нинг барпо этилиши мазкур юмушларнинг давоми ҳисобланади. Марказнинг ишга туширилиши, Афғонлар билан борди-келдини ривожлантиришга, тадбиркорликка янги йўллар очишга, юзлаб одамларни иш билан таъминлаб, дастурхони тўкин, хонадони обод бўлишга ҳисса қўшмоқда. Ҳозир бу ерда 480 дан зиёд қўшма ва хорижий корхона фаолият юритяпти. Ўтган йилнинг ўзида Афғонистон билан ташқи савдо айланмаси 57,4 миллион АҚШ долларига етди.
36 гектар майдонни қамраб олган марказда савдо дўконларидан ташқари замонавий меҳмонхоналар, хостел, клиника, бизнес маркази фаолият юритмоқда. Биргина «Akfa Medline» клиникаси йилига 46 минг беморга меҳру муҳаббат кўрсатиш имконига эга.
Логистика маркази йилига 22 минг юк машинасига хизмат кўрсатади. 1100 киши доимий иш билан таъминланган.
Мажмуадаги ўзбек ва Афғон тадбиркорларининг ўзаро самимий муносабатларини кузатганда, Аму тўлқинларининг ёқимли эпкинлари руҳингга айрича ҳаловат бағишлаётгандек туюлади — суюнасан. Беихтиёр: «Бўларкан-ку!» дея ҳайқириб юборганингни билмай қоласан. Улар бир-бирларининг тилини, маданиятини, урф-одатларини қадрлайдилар.
Бу ерда Афғонлар учун 15 кунлик визасиз тартиб йўлга қўйилган. Бемалол сўм, доллар, евро, рубль ва юанда валюта алмаштириш мумкин.
Савол туғилади: қани, айтинг, шу олағовур замонда қайси давлат раҳбари ўз мамлакатидаги муаммоларни ҳал қилиш баробарида ҳамсоямнинг рўзғори обод бўлсин, деб жон куйдиряпти? «Бир кўнгил иморати — минг Макка зиёрати», дейдилар. Неча юз Макка зиёратига тенг эмасми бир бозор ортидан неча юзлаб Афғону ўзбекнинг қора қозони қайнаб тургани?
«Термиз халқаро савдо маркази»да эса куну тун ҳаёт қайнайди. Юзларда шодлик, кўзларда қувонч. Ахир «Ён қўшнинг — жон қўшнинг», «Қўшнинг тинч — сен тинч»-да! Ёмғир билан ер, тинчлик билан эл кўкаради. Тинчликдан улуғ, тинчликдан азиз неъмат бор эканми бу гардиши давронда, бу фиғонли замонда, бу жумлаи жаҳонда?
4
Бу гардиши давроннинг, бу фиғонли замоннинг, бу жумлаи жаҳоннинг ўнлаб нуқталарида қонхўр дронлар ваҳшиёна дайдиган, бомбалар портлаган, шаҳару қишлоқларнинг кули кўкка соврилиб, оналар додлаган, чақалоқлар жажжи қўлчаларини мушт қилган кўйи чинқириб йиғлаб турган бир пайтда, Худойимга минг шукур дейсан, таъзимлар қилгинг келади Ватан сарҳадларини қучиб ётган сокин сукунатга. Чечаклар атри уфуриб турган тонг еллари, йўнғичқазорлардан кўтарилаётган беда ҳиди қалбингни аллалайди, шукроналик туйғуларига кўмилиб кетади жону жаҳонинг. Оқ ҳовурли тонг пардаси кўтарилиб-кўтарилмай улкан жанг майдонига — чинакам меҳнат «фронти»га айланиб кетади Сурхондарёнинг шаҳару қишлоқлари, дашту далалари. Ҳамма жангда, ҳамма жангчи — жим турган одамни кўрмайсиз, кўролмайсиз.
«Мустақилликнинг 25 йиллиги», Ховдоғ, Какайди, Лалмикор нефт ва газ хазиналарида; Шарғун, Ҳисор, Бойсун, Кўҳитанг тоғлари этакларидаги кўмир, Хонжиза ва Хўжаикондаги полиметалл, ош тузи конларида ҳаёт қайнайди. Гипс, базальт, фосфор, гранит, темир, каолин, олтингугурт тайёрланадиган; чарм, фармацевтика, озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган манзилларда меҳнат қилаётган кишиларнинг шиддати янаям ўзгача. Йилига 2,5 миллион тонна мева-сабзавот етиштирадиган деҳқонларнинг авжи баланд. Ҳатто сурхонча тандиркабобга ҳозирлик кўраётган, чўпончаю биқтирма, тошпатиру ғилминди, қуртобаю ширгуруч каби лаззатли таомлар тайёрлаётганларнинг ҳам қўли-қўлига тегмайди. Ёғоч кувиларда қатиқдан сариёғни ажратиб олиб, куз-қиш ва баҳор фаслларида тановул қилиш учун чорва молларининг тозаланган қорнида сақлаш тадоригини кўраётган тоғликларнинг иши завқингизни баттар тоширади. Бу борада омонхоналиклар тажрибаси ҳеч кимникига ўхшамайди. Улар қўлбола сариёғни чорва молининг тозаланган қорнига солиб, ғорларда сақлайдилар.
Ҳей, бу сурхонликлар-ей! Аждодлар анъаналарини уларчалик авайлаб-асраётган эл бўлмаса керак бу дунёда. Тўйлари кураш, кўпкарисиз ўтмайди. Узоқдан келган меҳмонларни қўшниларникига жойлаштириб, уларга «қўшхона», яъни озиқ-овқат бериш удуми ҳам ҳануз бардавом. Кунлар илиб, қиш чекинаётганда ўтказиладиган «Дарвешона» байрамида баҳорнинг серёғин, ҳосилнинг мўл-кўл, йилнинг барокатли бўлиши учун эҳсон улашилади, дуолар қилинади.
«Бешик тўйи»лари, тўйлардаги бахшиёна ашулалар, дўмбиракашлик, чанқовуз мусобақалари... Айниқса, бахшичилик! Воҳада дўмбирани сайратиб ўлан айтмайдиган, шеър тўқимайдиган одам бўлмаса кераг-ов. Ахир Президентимиз 2019 йилнинг 6 апрель куни Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро бахшичилик фестивалидаги нутқида бекордан-бекорга «Сурхондарё — азалдан бахшилар юрти сифатида ном қозонган», демадилар-да.
Айтиб адо қилиш қийин сурхонликларнинг одатларию анъаналарини, табиат гўзалликларию ер ости ва ер усти бойликларини.
Ҳатто фаслларигача ўзига хос: ёзи жазирама иссиқ ва узоқ, қиши илиқ ва қисқа. Арчазору пистазор, аччиқ бодому олмазор боғларида, бутазору ўрмонларида, шифобахш гиёҳлар ўсиб ётган чакалакзорларида эркатой қушларнинг чуғур-чуғури, булбулларнинг ёқимли овози тинмайди. Вилоятнинг жануби-шарқий қисмида тез-тез чанг-тўзонлар қўзғаб тургувчи Афғон шамолининг-да айрича ташвиши бор.
Омонхона, Хўжаипок, Ўринбулоқ, Қўтирбулоқ каби шифобахш булоқлари ҳам борки, уларнинг суви жигар, ошқозон-ичак, тери, буйрак, қандли диабет дейдиган касалликларнинг «доди»ни беради. Ғалла, пахта, чорва, узум, мева-сабзавот, субтропик ўсимликлар... Айниқса, сурхон узумининг довруғи азал-азалдан машҳур. Манбаларда айтилишича, саркарда Искандар Мақдуний воҳа узумига, узумдан тайёрланган мусалласга мафтун бўлган, меваларининг ранги ва хушбўй ифорларидан завқ олган.
5
Мевалар ранги ва хушбўй ифорларидан завқ олган юз-юзлаб тадбиркорлар эса вилоят иқтисодиётини ривожлантириш йўлида астойдил меҳнат қилишяпти.
Баҳодир Қодиров шуларнинг бири. У замонавий кўп қаватли уй-жой қурилишлари учун ёввойи қамиш қириндисидан қимматбаҳо қурилиш материали ишлаб чиқарадиган «Surxon KSP-Grand» корхонаси эгаси.
— Вилоятимизнинг 26 минг гектардан ортиқ майдонида ёввойи қамиш ўсади, — дейди тадбиркор. — Ҳар йили кузда қамишзорлар беаёв ёқиб юборилар эди. Бу Термиз, Музработ туманлари ва Термиз шаҳрининг ҳайвонот дунёсига, ўсимлик оламига катта зарар етказиб, экологик муҳитга ёмон таъсир кўрсатаётган эди. Биз муаммони ўргандик ва унга чек қўйиш ва табиат инъом этган бебаҳо бойликдан оқилона фойдаланиш учун «Surxon sanoat qurilish» компаниясини ташкил қилдик. Компания мутахассисларини хорижга юбордик, улар илғор тажрибаларни ўзлаштириб келдилар. Шу тариқа қамиш заррачали плиталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.
Корхонанинг арзон ва пишиқ маҳсулоти тезда ўз харидорларини топди. Тадбиркор эса кластер усулини жорий этиб, қамиш заррачали плиталарни ламинация қилишни ҳам ўзлаштирди. «Комфорт мебель сервис» корхонасида замонавий, бежирим мебеллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Яна бир сармоядор Жамшид Пардаев эса воҳада биринчи бўлиб хусусий олий таълим муассасасини ташкил қилди. Ҳозир унинг таъсисчилигидаги Термиз иқтисодиёт ва сервис университетида ёшлар ўндан ортиқ йўналишда билим олмоқда. Тадбиркор шу билан чекланмади — Олтинсой туманининг Қаймоқли қишлоғида ўзи ўқиган мактаб учун қиймати 32,5 миллиард сўмлик икки қаватли бино қуриб берди. Янги бинода ўқитувчи ва ўқувчилар учун барча замонавий шароит яратилган. Интеллектуал синфхоналар, спорт зали, мини ўйингоҳ, кутубхона, мажлислар зали, компьютер синфхоналари, ошхона... Синфхоналар электрон доска билан жиҳозланган.
Тадбиркорлар ҳақида сўз борганда, Термиз шаҳридаги «Сурхон Сандвич» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Баҳром Рауповнинг исм-шарифи алоҳида эҳтиром билан тилга олинади. Баҳромжон шу йилнинг 7 февралида бўлган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбарига амалга оширган ишлари ва режалари тўғрисида гапириб берди. Президентимиз Баҳром Рауповни юксак мукофот — «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.
Рауповни Ватан мукофотига сазовор қилган ишлар қуйидагилардан иборат эди.
Баҳромжон бундан саккиз йил муқаддам импорт ўрнини босадиган сендвич ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Пишиқ ва замонавий материалдан воҳада кўплаб ижтимоий соҳа бинолари, ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилди. Элликдан ортиқ ишчилар меҳнат қилаётган корхона эндиликда сендвич панелда ишлатиладиган базальт ва пенопласт қопламалари ишлаб чиқаришни ҳам ўзлаштирмоқда. Янги корхона йил якунигача фойдаланишга топширилади ва яна тўрт юзга яқин иш ўрни барпо этилади.
Фақат шу эмас, ташаббускор ишбилармон Денов туманидаги Қизилсув дарёси бўйида «Ёшлар сайилгоҳи»ни бунёд этмоқда. Замонавий лойиҳалар асосида қад ростлаётган сайилгоҳда савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, турли кўнгилочар масканлар бўлади. Қурилишга юз миллиард сўм маблағ сарфланади, мингдан ортиқ кишилар ишли бўлади.
Хуллас, Сурхон воҳасида юқорида номлари тилга олинган элсевар тадбиркорлар жуда кўп. Уларнинг фидокорлиги билан Термиз шаҳри ва барча туманларда ёшлар сайилгоҳлари қад ростламоқда. «Сайхунобод», «Ғиждувон», «Уйчи» тажрибалари асосида ҳаммага кўз-кўз қилгулик лойиҳалар ишга тушириляпти.
Бироқ бу борадаги ишларни барча ҳудудда бир маромда, дейиш қийин. «Қийин»лигини Ангор ва Шеробод туманлари мисолида яққол кўриш мумкин.
Ангор ҳудудий жиҳатдан кичикроқ, аҳолиси ҳам Шерободникидан кам. Ҳудудининг бир қисми тоғликдан иборат бўлган Шеробод эса ер ости қазилма бойликларининг кўплиги билан Ангордан ажралиб туради. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятлари кенг. Туманда олтингугурт, мармар, цемент, ош тузи, гранит каби ер ости қазилма бойликлари сероб. Аммо ана шу бойликлардан самарали фойдаланиш ўрнига мавжуд корхоналар ҳам таназзулга юз тутаётгани, тумандаги Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг цемент заводи, калава-ип, ёғ ишлаб чиқариш корхоналари паст қувватда ишлаётгани ёки ишлаб чиқариш тўхтаб қолгани ташвишлидир.
Ангорда эса бунинг акси. Туманга замонавий саноат кириб келмоқда. Бир неча кичик саноат корхоналари барпо этилди, озиқ-овқат маҳсулотлари, мебель, қурилиш материаллари, елим буюмлар, кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Вилоятда ягона бўлган «Top Qualty Brand» масъулияти чекланган жамиятининг терини қайта ишлаш корхонаси ҳам Ангорда. Ишсизлик даражаси ҳам Шерободдан кескин фарқ қилади. Ишсизлар сони Шерободда беш минг, Ангорда 2 минг нафарга етар-етмас. Гап бу ерда аҳолининг кам ёки кўплигида эмас, мавжуд имкониятлардан ким қандай фойдаланаётганида. Агар имкониятдан оқилона фойдаланилганда эди, Шерободдек катта салоҳиятга эга ҳудудда ишсизлик муаммоси аллақачон ўз ечимини топиши мумкин эди.
Яна бир гап: жорий йилнинг дастлабки чорагида Ангор туманида 24,3 миллион доллар қийматга тенг хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Хусусан, «Замин Ангор Кластер» масъулияти чекланган жамияти 13,7 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағини ўзлаштириб, «Ингичка толали пахтани қайта ишлашни ташкил этиш» лойиҳасини амалга оширмоқда. Ҳадемай яна юзлаб ангорлик ишли бўлади.
Туманда қиймати 109,1 миллиард сўмлик 52 та лойиҳа шакллантирилган. 6,5 гектар майдонда учта Кичик ва Ёшлар саноат тадбиркорлик зонаси бунёд этиляпти. Бу лойиҳалар ишга туширилгач, 350 та янги иш ўрни яратилиб, бюджетга қўшимча 2,6 миллиард сўм маблағ туширилади. Туманнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 56,9 миллиард сўмга етказилади. Шерободда эса...
Афсуски, фақат Шеробод эмас, вилоятнинг бошқа жойларида ҳам улкан эврилишлар йўлига сунъий ғов бўлаётганлар учрамоқда. Уруғчилик, порахўрлик, тамагирлик деган иллатларнинг илдизи қирқилмаяпти. Масалан, ўтган йили вилоятда коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича 189 нафар шахсга оид 125 та жиноят иши кўрилган. Уларнинг 109 нафарига ахлоқ тузатиш, 12 нафарига озодликни чеклаш, 23 нафарига озодликдан маҳрум этиш, икки нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 38 нафарига жарима қўлланган. Шеробод туманида коррупция билан боғлиқ ишлари учун 16 шахсга оид ўнта жиноят иши кўрилган.
Сурхон, она дарё, ҳайқир наракор,
Кўксингда қолмасин заррача ғубор! —
дея ҳайқиргинг келади бундай иллатларга дуч келганда. Чунки алпомишлар ўлкаси, алплар ватани бўлган Сурхондарёда; дунёга Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Имом Термизий, Хўжа Алоуддин Аттор Валий, Мавлоно Муҳаммад Зоҳид, Сўфи Оллоёрдек улуғ авлиёларни етказиб берган Сурхондарёда; Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарида «Жануб гавҳари» дея таърифланган Сурхондарёда; Президентимиз Шавкат Мирзиёев «мард ва олийжаноб, ориятли эл яшайдиган табаррук замин» дея ардоқлаган Сурхондарёда; Ўзбекюртнинг жанубдан Афғонистон, шимоли-шарқдан Тожикистон ва жанубдан Туркманистон Республикалари билан, шимоли-ғарбдан Қашқадарё вилояти билан чегарадош йирик вилояти бўлган Сурхондарёда; тарихи «Авесто»дан-да қадимийроқ бўлган Сурхондарёда бўлмаслиги керак бундай қусурлар...
6
Тарихи «Авесто»дан-да қадимийроқ Сурхондарёнинг ўтмиши ҳазилакам эмас-ку, ахир?
Бойсуннинг Тешиктошидан топилган «неандерталь одам», Айритом, Мачай, Зараутсой дарасидан чиққан тош қуроллар, қояларга чизилган ёввойи буқани итлар ёрдамида овлаш манзаралари, динозаврларнинг тошда қотиб қолган излари...
Азизлар, тасаввур қилинг, динозавр қачон яшаган? Мезозой эрасида. Шундайми? Демак, бундан 60 миллион йиллар илгари ҳам Сурхон дараларида, зовларида динозаврлар судралиб юрган. Ибтидоий одамлар олишган, жанг қилган афсонавий аждаҳолар, қирқ каллали ҳайвонлар билан. Неолит ва энеолит даврларида тошлардан болта, пона, искана ясаган. Кейин-кейин металлдан, мисдан қурол ясашни ўрганган, сув бўйларида ертўлалар, чайлалар тикланган, гувалалардан уйлар қурилган. Шеробод, Шўрчи, Бандихон томонларда илк шаҳарлар юзага келган. Сополлитепа манзилидан топилган ашёлар замонлар ўтиб ҳунармандчилик, маданият, санъат ривожлана бошлаганини, шаҳарсозлик, мудофаа деворлари қурилганини тасдиқлайди. Мудофаа деворлари тикландими, демак, ўзаро келишмовчиликлар, ер, мулк талашувлари, босқинчилик урушлари бошланган. Милоддан аввалги 8-7 асрларга келиб, ўз даврининг қудратли давлати — Бақтрия подшолиги ташкил топади. Бироқ кейинчалик бу давлат шу қадар ағдар-тўнтар бўладики, ном-нишон қолмайди не-не машаққатлар билан қурилган кошоналардан.
Шу тариқа мамлакатнинг қўлдан-қўлга ўтиш даври бошланади. Аввал, Аҳамонийлар сулоласидан бўлмиш Эрон шоҳлари, кейин македониялик Искандар, ундан кейин кушонлар, эфталитлар, турк хоқонлиги, араблар, сомонийлар, ғазнавийлар, қорахонийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар, мўғуллар, темурийлар, шайбонийлар; 19-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб чор Россияси, ундан сўнг шўролар зулми...
Зулмдан қутулишдек мўътабар бахтни минг-минг йиллар давомида орзу қилган эди боболаримиз. Не бахтки, бизга насиб этди бу муаззам даврон — Ватан мустақиллиги! Эркин ҳаволар кирди ўзбекнинг юрагига. Янги давр, янги ҳаёт... Айниқса, кейинги йиллардаги бунёдкорликлар, янгиликлар, ободликлар.
— Юқорида гувоҳ бўлганларимиз Сурхондарёдаги эврилишлардан айрим парчалар, халос, — дейди ифтихор билан ҳамроҳим Холмўмин Маматрайимов. — Қўҳитанг қояларидан кам эмас вилоятимизда қилинаётган ишлар. Ютуқларимизнинг ҳаммаси Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг элпарварлиги орқасидан бўляпти. Мана қаранг, сўнгги йилларда мамлакатимиз раҳбари роппа-роса ўн марта ташриф буюрдилар Сурхондарёга. Ҳар ташрифда ўнлаб йирик лойиҳаларга пойдевор қўйилди.
Ҳамроҳимнинг сўзи якунига етмай, телефоним жиринглаб қолди. Ҳайитбой ота. Келганимни эшитган бўлса-я.
— Ассалому алайкум...
— Президентимизнинг маърузасини эшитдингизми?! — деган баланд овоз жаранглади телефонда. — Халқаро инвестиция форумида қандай зўр гапларни айтдилар. Сўзларини қаранг, нур таратади-я, нур. Қалби кўриниб тургандай бўлади ҳар гапида. У кишидан ўрганиш керак ватансеварликни, жонфидоликни, самимиятни, ростгўйликни. Бундай шахсларни даврнинг ўзи олиб чиқади саҳнага. Президентимиз ҳақиқий Ўзбекистон Қаҳрамони. Ҳей, керак бўлса, Нобель мукофотини бериш ҳам камлик қилади бундай улуғ зотларга. Лекин... — Ҳайитбой ота чуқур нафас олиб, бир зум жим қолди. — Шукроналикни билмайдиганлар бор, — давом этди салмоқ билан. — Қайси куни кўчага чиқсам, бир йигит ҳаммани ўғрига чиқаряпти, бизда адолат йўқ, деб бақиряпти. Суриштирсам, ҳокимият билан боғлиқ иши битмабди. Битта ишинг битмаса ҳаммани ўғрига, жамиятда адолат йўққа чиқариш керакми? Аммо амалдорларнинг ичидаям калондимоғ, манман, тамагирлар бор-да, ука. Китоб кўрмаган, дунёбехабарлардан чиқади бундай кўримсиз нусхалар. Йил — ўн икки ойда бир бет китоб ўқимайди улар. Ўн мингдан ортиқ китоб бор менинг кутубхонамда. Бир мақтаниб қўяйми, Тошкентнинг энг катта кутубхонасидаям йўқ мендаги китоблар. Ҳаммасини ўқиганман, ҳар кун ўқийман. Президентимиз китоб ўқиганларга, машина бериб, совға-саломлар билан рағбатлантирганларини кўрганимда ғурурга тўлиб кетаман, ғурурга. Худойим ўзбек халқини сийлаган шундай оқил Президент билан. Сурхондарёни алплар юрти, алпомишлар ватани деймиз, бу жуда тўғри. Лекин бугун Президентимиз нутқини эшитаётиб яна бир марта амин бўлдимки, бутун Ўзбекистон алплар Ватани экан. Ватанимизнинг Шавкат Мирзиёевдек жасур раҳбари бор экан, бундан ҳам обод, бундан ҳам бой бўлади, «Жануб гавҳари» бўлган Сурхондарё, Худо хоҳласа.
Абдусаид КЎЧИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг