Жамият ҳаётининг жони ва руҳи — маънавият

18:48 26 Декабрь 2022 Маданият
2034 0

Фото: Халқ сўзи

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар, белгилаб берилган истиқболдаги вазифалар моҳиятида «Инсон қадри учун» деган улуғвор ғоя мужассам эканини англаш қийин эмас.

Маълумки, ҳар қандай эзгу мақсад инсон омили воситасида рўёбга чиқади. Жамиятдаги ривожланиш халқнинг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Одамлар тафаккури ўзгармагунча жамият ўзгармайди. Жамиятда онг юксалмагунча давлат тараққий этмайди. Зеро, кенг тафаккурли, ўз ишига креатив ёндашадиган, билимли, масъулиятни чуқур ҳис қиладиган, замон билан ҳамқадам халқгина Юртбошимиз илгари сурган буюк мақсад — учинчи Ренессанс пойдеворини яратиши мумкин. Мана шу улуғвор ишда эса ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат аҳлининг алоҳида ўрни бор.

Давлатимиз раҳбари ижод аҳлини «Инсон қалбининг муҳандислари», дея таърифлаши бежиз эмас. Чунки хоҳ адабиёт, хоҳ кино, хоҳ театр, бастакорлик, қўшиқчилик санъатига дахлдор бўлсин, улар яратган асарлар кишини маънан улғайтиради, қалбига эзгу туйғуларни, умуминсоний тушунчаларни, фазилатларни жойлайди. Санъат ва маданият одамни инсон сифатида тарбиялайди.

Биз, маданият, санъат, ижодкор зиёлилар ўз салоҳиятимиз билан, асарларимиз билан, меҳримиз билан халқимизнинг эзгу қадриятларини, онгу тафаккурини бойитиш, маънавий, маданий савиясини юксалтириш, ҳаёт тарзини ўзгартиришга ҳисса қўшишимиз керак.

Президентимиз фаолиятининг илк палласиданоқ иқтисодий ислоҳотлар билан бирга маданий, маърифий, маънавий ривожланишни омихта, уйғун олиб бориш тарафдори бўлиб, бу борада қатор қонун, Фармон ва қарорларни қабул қилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманларда илгари сурган таклиф ва ташаббуслари қаторида айни шу масалага ҳам алоҳида урғу бериб келмоқда. Қолаверса, ҳамкор давлатлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш, мустаҳкамлашга қаратилган келишувларда, албатта, маданий, адабий алмашинувлар, театр, кино, китобхонлик соҳаларида қатор лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, Маданият кунларини ўтказиш ҳам кўзда тутилади. Хўш, нима учун? Бунинг боиси Президентимиз инсон, жамият, давлатнинг такомилида иқтисодиёт ҳам, маънавият ҳам бирдек ўрин тутишини алоҳида эътироф этади.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи — маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо қилишда ана шу иккита мустаҳкам устунга, яъни бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз.

Мурожаатномада ҳам ушбу масалага катта аҳамият қаратилди. Жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўйилмаслиги, бунинг учун нафақат масъул ташкилотлар, балки барчамиз биргаликда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича оила, маҳалла ва таълим масканларида иш олиб боришимиз зарурлиги уқтирилди.

Агар маънан ва руҳан соғлом, оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата биладиган, ҳаётнинг пасту баландидан ўтиб, тўғри йўлни адашмай топа олишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялаш вазифаси уддаланса, шубҳа йўқки, бундай жамият мамлакатнинг барқарор тараққиётга эришишини таъминлайди.

Шу боис ушбу муҳим масалада алоҳида Миллий дастур қабул қилинади. Жамиятимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, маданият соҳасини ривожлантириш, илмий-ижодий ташкилотлар, муҳтарам зиёлиларимиз фаолиятини қўллаб-қувватлаш устувор йўналишлардан бири бўлиши урғуланди.

Франциядаги машҳур Лувр музейида шу кунларда давом этаётган миллий кўргазма халқимизнинг ноёб тарихий мероси, бетакрор маданияти ва анъаналарига хорижда қизиқиш қанчалик юқори эканини кўрсатмоқда. Бундай тарихий ва маданий бойликларимизни ёшларимизга ва хорижий туристларга янада кенгроқ таништириш, музейларни замон талабларига мослаштириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.

Дастуриламал ҳужжатда халқимизнинг маънавий уйғонишига алоҳида урғу берилди. Жумладан, бунинг учун барча таълим муассасаларида хорижий тиллар, замонавий технологиялар билан бирга миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизни ўқитишга катта эътибор қаратилади.

Давлатимиз раҳбари қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозимлигини таъкидлади. Бу ҳаммамизнинг айни дилимиздаги гап бўлди. Зотан, илм, тарбия ҳақида қандай ибрат керак бўлса, ҳаммаси боболаримиз меросида, ўгитларида бор. Биз ана шуларни фарзандларимизга, келажак авлодга етказишда ташаббускор ва масъулиятли бўлишимиз лозим.

Мухтасар айтганда, Мурожаатномада илгари сурилган ҳаётбахш ташаббуслар, белгилаб берилган долзарб вазифалар халқимизни рози қилиш, янги Ўзбекистонни барпо этиш, юртимизда учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. Зеро, Президентимизнинг “...қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз.

Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз», деган ҳароратли сўзлари барчамизга катта куч бериб, бизни янгидан-янги марралар сари бошлайверади.

Озодбек НАЗАРБEКОВ,

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер