«Жайрон» питомниги йилига 20 минг сайёҳни қабул қилиш салоҳиятига эга бўлади

18:14 23 Июнь 2020 Welcome to uzbekistan
3303 0

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ «Жайрон» қўриқхонасидаги имкониятлар билан танишганидан кейин юқоридаги рақам тилга олинди.
 

— Фаолиятимиз Марказий Осиё флора ва фаунасида эндемик ҳисобланадиган антилопасимонлар туркумига мансуб жайрон турини кўпайтиришга йўналтирилган, — дейди Бухородаги мазкур қўриқхона масъул ходими П. Тошев. — У 1977 йилда ташкил этилган бўлиб,вазифалари ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларининг табиатдаги сонини қайта тиклаш учун кўпайтириш ва биологиясини ўрганиш, Жануби-ғарбий Қизилқум чўлининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш; табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик маърифат, экологик туризмни ривожлантиришдан иборат.

Мазкур юмушларнинг барчасига, жумладан экотуризмни равнақ топтиришга устувор вазифа сифатида қараляпти. Буни қўриқхонада халқаро стандартларга мос замонавий ташриф маркази, музей барпо этилаётганидан ҳам англаш мумкин. Бундан ташқари, қўриқхона бренди остида махсус дўкон, кафе қурилади. Ташриф буюрадиган сайёҳларга хизмат кўрсатадиган автомобиль, квадроцикллар, live-камералар келтирилади. Суратга олишни хуш кўрадиган сайёҳлар учун фотоқопқонлар ижараси йўлга қўйилади. Кузатув минораси қурилади. Қўриқхонанинг ички туризмни ривожлантириш борасидаги имкониятларидан келиб чиқиб, махсус дастур тайёрланмоқда. Тез орада бу ерга мактаб ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабаларининг келишлари анъанага айланади. Амалга ошириладиган кенг қамровли ишлар натижасида «Жайрон» йилига 20 минг нафар сайёҳни қабул қилиш салоҳиятига эга бўлади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, питомникда саёҳатчилар Қизилқум чўлининг табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан бевосита танишишади. Бу ерда ўсимликларнинг 250 дан ортиқ тури йил давомида ҳаётий шакли ва йил мавсумига боғлиқ ҳолда ўсади. Ҳайвонлардан сут эмизувчиларнинг 32, қушларнинг йил давомида 250 дан ортиқ, судралиб юрувчиларнинг 18, сувда ҳамда қуруқликда яшовчиларнинг 2, балиқларнинг 8 ҳамда умуртқасизларнинг 700 дан ортиқ тури учраши аниқланган.
 

Питомник ташкил этилганидан буён ҳар йил октябрь ойининг биринчи дам олиш кунларида ҳудуддаги ҳайвонларни умумий ҳисобга олиш тадбири ўтказиб келинмоқда. 2019 йилги натижаларга кўра, 953 бош жайрон, 155 бош туркман қулони, 24 бош Пржевальский оти, 48 бош бухоро тоғ қўйи, 3 бош бухоро буғуси ҳисобга олинган.

Истам ИБРОҲИМОВ,
"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?