Жаҳон чемпионатига қачон қуръа ташланиши маълум қилинди

11:46 03 Август 2025 Спорт
289 0

2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи қуръаси 2025 йил 5 декабрь куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказилади. Бу ҳақда “TUDN Mexico” нашри хабар бермоқда.

Гарчи Лас-Вегас мундиал ўйинларига мезбонлик қилмайдиган шаҳарлардан бири бўлса-да, қуръа маросими айнан шу ерда ўтказилиши режалаштирилган. Тадбир шаҳарнинг энг замонавий рамзларидан бири — “The Sphere” аренасида ташкил этилади.

FIFA қуръа маросими 2025 йил декабрь ойида ўтказилиши илгарироқ маълум қилган эди. “The Athletic” нашрининг ёзишича, Лас-Вегас ва Вашингтон шаҳарлари маросимга мезбонлик қилиш учун асосий номзодлар сифатида кўриб чиқилган.

Бу тарихда илк бор 48 жамоа иштирок этадиган кенгайтирилган Жаҳон чемпионати бўлади. Шунингдек, турнир илк марта бир йўла уч давлат — АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Қуръа маросими шу жиҳатдан ҳам футбол тарихида муҳим аҳамият касб этади.

Қуръа давомида 48 терма жамоа 12 гуруҳга ажратилади (ҳар бир гуруҳда 4 тадан жамоа) ҳамда гуруҳ босқичидаги барча ўйинлар тартиби аниқланади.

Айни пайтда 13 терма жамоа мундиал йўлланмасини қўлга киритган, булар:

  • Мусобақага мезбонлик қилувчи АҚШ, Канада ва Мексика терма жамоалари;
  • Осиё минтақасидан эса 6 терма жамоа — Япония, Жанубий Корея, Эрон, Ўзбекистон, Иордания ҳамда Австралия;
  • Жанубий Американдан амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина, шунингдек, Бразилия ва Эквадор терма жамоалари;
  • Океания минтақасидан эса Янги Зеландия.

Қолган 35 жамоа номи қуръа маросимига қадар маълум бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?