Жаҳон банки Ўзбекистонга чорвачилик соҳасини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш учун техник ёрдам, илғор халқаро тажриба ва 240 миллион доллар миқдорда маблағ ажратади
Ҳиндистоннинг «India Education Dictionary» ахборот ресурсида «Жаҳон банки Ўзбекистонга маҳсулдор, барқарор ва бозорга йўналтирилган чорвачилик соҳасини ривожлантиришга ёрдам беради» сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Материалда Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантиришнинг иккинчи лойиҳасини маъқуллагани, мазкур лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб сермаҳсул, рақобатбардош, инклюзив ва иқлимга чидамли чорвачилик секторини ривожлантиришга сармоя киритишга ёрдам бериши ҳақида сўз юритилган.
Нашрда, Жаҳон банки лойиҳани амалга ошириш учун техник ёрдам, илғор халқаро тажриба ва 240 миллион доллар миқдорда маблағ ажратиши маълум қилинган. Хусусан, Халқаро тараққиёт уюшмасининг 150 миллион долларлик имтиёзли кредити ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 90 миллион доллар миқдоридаги арзон кредити тақдим этилади.
«Чорвачилик Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири бўлиб, ялпи ички маҳсулотнинг 13 фоизини ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 50 фоизини ташкил этади. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Қишлоқ хўжалиги ходимларининг қарийб 27 фоизи ушбу соҳада банд», деб ёзади мақола муаллифи.
Кейинги йилларда чорвачилик маҳсулотларини етиштириш миқдори кўпайди. Бироқ эришилаётган кўрсаткичлар ўсиб бораётган ички талабни қондирмайди, деб таъкидлаган веб-нашр.
«India Education Dictionary» Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакилатхонаси раҳбари Марко Мантованелли сўзларидан иқтибос келтириб, янги лойиҳа Ўзбекистонда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурни амалга оширишга ёрдам бериши ҳамда мазкур тармоқда маҳсулот ишлаб чиқариш, маҳсулдорлик ва даромадларни оширишга хизмат қилишини урғулаган. «Шунингдек, чорвачилик билан шуғулланувчи фермерларнинг, жумладан, деҳқон хўжаликларининг бозор, илғор технологиялар ва молия ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, чорвачиликда экологик тоза, инклюзив ва иқлимга чидамли қиймат занжирларини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилади», дейилади мақолада.
Материалда таъкидланганидек, лойиҳа одамлар, чорва моллари ва экотизимлар саломатлигига эътибор қаратган ҳолда «Ягона саломатлик» концепциясини мамлакатда кенгроқ қўллашга кўмаклашади.
«Янги лойиҳа чорвачиликни қўллаб-қувватлаш хизматларини ривожлантириш, бозор ва қўшилган қийматли инфратузилмани мустаҳкамлаш, савдо-сотиқ жараёнини енгиллаштириш, чорвачиликда экологик тоза ва иқлимга чидамли қиймат занжирларини ривожлантириш йўналишларига инвестициялар жалб этишни қўллаб-қувватлайди», деб ёзади «India Education Dictionary».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг