Зеленскийнинг «илтимоси», ўзбекистонлик «Вагнер»чига жазо ва Туркия Қора денгизи (+видео)

19:46 11 Июль 2024 Дунё
224 0

Туркия Қора денгизнинг стратегик уруш майдонига айланишига йўл қўймайди

Туркия Қора денгизнинг ҳарбий амалиётлар майдонига айланишига рухсат бермайди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Яшар Гюлер «Politico» газетасига берган интервьюсида ваъда берди.

«Биз Қора денгизнинг стратегик уруш майдонига айланишига йўл қўймаймиз», деди сиёсатчи.

Унинг қўшимча қилишича, Туркия ҳозирда Россия ва Украинани юқори даражадаги музокараларда бирлаштиришга муваффақ бўлган ягона давлатдир.

Гюлер, шунингдек, Туркия Украинадаги можарода мувозанатли позицияни эгаллаган ҳолда Киев ва НАТО билан ҳамкорлик қилиб, Россия билан мулоқотни давом эттираётганини қайд этди. У Анқаранинг кўп векторли сиёсати туфайли НАТО давлатлари билан муносабатлари ёмонлашганини кескин рад этди.

«Вагнер»да жанг қилган ўзбекистонликка суд ҳукми ўқилди

Россияга ишлаш мақсадида кетиб, у ерда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари сафида жанг қилган ўзбекистонлик эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилди.

26 ёшли фуқаро 2019 йилда ишлаш мақсадида Россия Федерациясига борган. У Москва шаҳрида ишлаши давомида, гиёҳвандлик воситалари олди-сотдиси билан шуғулланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ўзбекистон фуқароси жиноят ишлари бўйича Россия Федерацияси Калужская вилояти Обнинск шаҳар судининг 2021 йил 30 сентябрдаги қарори билан РФ Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича айбли деб топилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Судланувчи жазони ўташ даврида Россия ҳарбийларининг таклифи билан «Вагнер» хусусий ширкатида 2022 йил 22 октябрдан 2023 йил 22 апрелга қадар, 6 ой хизмат қилган. Аниқланишича, у ушбу хизмати эвазига муқаддам суд ҳукмига кўра, тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилинган ва 950 000 Россия рубли миқдорида пул мукофоти ҳамда «За отвагу» номли кўкрак нишони билан тақдирланган.

Жорий йилнинг 30 май куни жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилган ва у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддасининг (Ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Зеленский Байден Россияга зарба бериш учун барча тақиқларни олиб ташлашни сўради

Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ раҳбари Жо Байденни Россия ҳудудига зарба беришга қўйилган ҳар қандай тақиқни бекор қилишга чақирди.

У Байдендан Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга Ғарб қуроллари билан ҳужум қилиш учун барча чекловларни олиб ташлашни талаб қилган. Россия ҳудудига «чуқур зарбалар»сиз Киев ҳеч нарса қила олмайди.

Яқинда бир қанча Ғарб давлатлари Киевга ўз қуроллари билан у ёки бу шаклда Россия ҳудудига зарбалар беришга рухсат берди. Хусусан, бу ҳақда яқин вақтгача Буюк Британия бош вазири лавозимида ишлаган Риши Сунак ва унинг ҳукуматида Мудофаа вазири Грант Шаппс айтиб ўтганди. Мамлакатнинг янги Бош вазири Кир Стармер ҳам Британия қуролларидан қай тартибда ишлатиш Киевнинг иши эканлигини айтган.

Вашингтондаги саммитда Украина АҚШ ва иттифоқчиларидан бир қанча ваъдалар олди. Жумладан, булар ичига ҳаво ҳужумига қарши қуроллар билан таъминланиш киради.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергга кўра, Украина ҳозирча альянсга кириш ҳақида ўйламаслиги керак ва Киевнинг Россия ҳужумидан ҳимояланиш йўлида ёрдам берилади. Европа давлатлари Хитойни Россиянинг Украинадаги урушини тўхтатишда асосий куч деб билади ва Хитой низонинг чўзилиши орқали Европага зарар етказмоқчи эканлигини айтишган.

«Вашингтондаги НАТО саммити декларацияси совуқ уруш менталитети ва жанговар риторикага тўла, Хитой билан боғлиқ мазмун эса провокациялар, ёлғон, иғво ва туҳматларга тўла», деган бунга жавобан Пекин томони.

Доғистонлик генерал ўлик ҳолда топилди

Россия Мудофаа вазирлиги расмийси Магомед Хандаев 61 ёшида кутилмаганда вафот этди, дея хабар берди Россия давлат идоралари. Хандаевнинг ўлими таниқли рус арбоблари иштирокидаги бир қатор сирли воқеалардан бири саналади.

У 2023 йил июнидан буён Россия Мудофаа вазирлигининг давлат экспертизаси бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. Хандаевнинг ўлими тафсилотлари, жумладан, сабаби ва қаерда эканлиги ошкор этилмаган. Айрим манбаларга кўра, у ўз уйида ўлик ҳолда топилган.

Россиянинг Доғистон Республикаси Шамилский тумани раҳбари Магомед Гасанов Хандаевнинг жасади дафн этиш учун Махачқалъага олиб келинганини тасдиқлади. У туғилиб ўсган Гента қишлоғида дафн этилади.

Тахминларга кўра, Россия Мудофаа вазирлигини рамзий «тозалаш» бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг олиб бормоқда. Доғистонлик генерал ўз ажали билан ўлмаган бўлиши ҳам мумкин.

«Newsweek» нашрининг Кремлдаги манбанинг прогноз қилишича, йил охиригача департаментда юзлаб ҳибсга олишлар бўлиши мумкин. Бунга қарши чиққанлар билан бахтсиз ҳодисалар ҳам содир бўлиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер