Заргарлик саноатини янада ривожлантиришнинг қонуний асослари мустаҳкамланмоқда

15:49 17 Март 2025 Сиёсат
110 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига заргарлик саноатини янада ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда заргарлик саноатини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариладиган заргарлик буюмларининг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш, шунингдек заргарлик соҳасини маҳаллий саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш борасида қилинган ишлар натижасида мазкур соҳадаги корхоналар сони 3 бараварга ортиб, 627 тага етди. Ҳозирда улардаги  ишчи ходимлар сони 3 000 нафарга яқинни ташкил этмоқда.

Қайд этиш лозимки, юртимизда заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун катта салоҳият мавжуд. Буни ўтган вақт давомидаги натижалар орқали ҳам кўришимиз мумкин.

Жумладан, 2024 йилда заргарлик соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 трлн сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 15 фоиз ўсган. Маҳсулотларнинг экспорти эса 20 фоизга ортган.

Бироқ заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларнинг қимматбаҳо металларга бўлган талабини қаноатлантириш, уларнинг ривожланиши учун қулай бизнес муҳитини яратиш ва қонунчиликда мавжуд бўлган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.

Заргарлик соҳасида қимматбаҳо металлар ва тошлар, улардан ясалган заргарлик буюмларнинг ноқонуний айланмаси мавжудлиги, тадбиркорлик субъектларига мол-мулк ва ер солиғидаги имтиёзлар етарли эмаслиги ва яна бир қатор мавжуд муаммолар соҳадаги салоҳиятдан тўлақонли фойдаланиш имконини бермаяпти.

Ушбу омиллар инобатга олинган ҳолда Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Солиқ кодексига, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи ва айланмаси соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорлари кескин оширилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган заргарлик буюмларнинг ноқонуний айланмасини камайтириш, шунингдек қалбаки, асиллик даражасига мувофиқ бўлмаган заргарлик буюмлари сотилишига барҳам бериш мақсадида ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача жарималар назарда тутилмоқда.

Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиришларга асосан “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг аъзолари бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан 2027 йил 1 сентябрга қадар солиқ имтиёзлари татбиқ этилмоқда.

Айнан шу муддатга қадар мазкур тадбиркорларга ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ер участкалари ҳамда кўчмас мулк объектлари мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиниши назарда тутилмоқда.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни хом ашё билан таъминланишини яхшиланишига, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, соҳа корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек аҳолининг сифатли заргарлик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш ҳамда республика бюджетига чет эл валютаси ва солиқ тушумларининг кўпайишига хизмат қилади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?