Замонавий Ўзбекистонда аёллар учун қандай имкониятлар бор?

19:00 20 Ноябрь 2021 Жамият
2567 0

2021 йил 20 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Amity университетида «Замонавий Ўзбекистонда аёллар учун имкониятлар» мавзусидаги тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиёт дастури (БМТТД), Artel компанияси, Халқ таълими вазирлиги, IT Park ва халқаро аёллар ҳамжамияти — Wonder Women ҳамкорлигида ташкил этилди.

Хотин-қизларни маърифатли қилиш, дунёқарашини кенгайтириш ва улар танлаш ҳуқуқига эга экани, юртимизда хотин-қизларнинг камолотига қаратилган эътибор ғоясини етказиш мақсад қилинган тадбирда мактаб ўқувчилари, университет талабалари ва иш қидираётган хотин-қизлар қатнашди.

Дарҳақиқат, билимли, дунёқараши кенг аёллар доим жамият тараққиётида муҳим ўрин эгаллаган. Шу боис мамлакатимизда гендер тенгликка эришиш борасида қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Масалан, 2019 йил 2 сентябрь куни «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси ишлаб чиқилди. Ушбу стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимни таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган. Умуман олганда сўнгги йилларда аёлларнинг таълим олиши учун кенг имконият яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бундай тарихий жараёнда йирик компаниялар ҳам соҳага ўз ҳиссасини қўшиши, турли ижтимоий лойиҳалар орқали хотин-қизларни қўллаб-қувватлаши зарур.

Artel компанияси доим аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиш ва ўзлари истаган касб эгаси бўлиши тарафдори бўлиб келмоқда. Шу боис компанияда фаолият юритаётган аёлларга бир қадар имтиёзларни жорий этиб, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор бериб келмоқда.

Компаниянинг раҳбар ходимлари «Замонавий Ўзбекистонда аёллар учун имкониятлар» тадбирида ўз маърузалари билан иштирок этиб, ушбу жиҳатлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Шунингдек, тадбирда қатнашган барча маърузачилар аёлларнинг таълим олиши, раҳбар лавозимларда фаолият юритиши каби қатор мавзуларда фикр юритди. Улар юртимизда аёлларга яратилаётган қулайликлар, улардан самарали фойдаланиш, таълим ва карьерасини юксалтиришда мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот берди. Бундан ташқари, қизлар учун таълим олишнинг аҳамиятига қаратилган видеороликлар намойиш этилди.

Шунингдек, давлат идоралари, хусусий ташкилотлар вакиллари ва лойиҳа таъсисчилари эндигина катта ҳаётга қадам босаётган қизларга маслаҳатлар бериб, синовлардан қўрқмай мақсад сари доим олға интилиш керак эканлигини таъкидлашди. Маърузачиларнинг ўзлари босиб ўтган ҳаёт йўлидаги синовли, ибратли воқеалари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотиб, уларни олға интилишга илҳомлантирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?