Замонавий фотожурналистика — анъана, тажриба ва маҳорат уйғунлиги

17:56 31 Октябр 2023 Жамият
312 0

Фото: “Халқ сўзи”

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан “Замонавий фотожурналистика: анъана, тажриба ва маҳорат уйғунлиги” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тадбирга таниқли фотожурналистлар, журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар жам бўлди.

Тадбир аввалида қатнашчилар маҳоратли сураткашлар ижоди жамланган фотокўргазма билан танишишди.

Қайд этиш жоизки, бугунги замонавий технологиялар асрида оммавий ахборот воситаларини фотосуратларсиз тасаввур қилиш қийин. Хоҳ босма, хоҳ интернет нашри бўлсин, аудиторияга ахборотни тўлиқ етказишда фотосуратлар муҳим аҳамият касб этади. Фотожурналистлар ижодий ишлари орқали газета-журналлар, интернет нашрларидаги мақолаларни янада жонлантиради, уларнинг қизиқарли, ўқишли бўлишини таъминлайди.

Семинар-тренингни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов кириш сўзи билан очиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда медиа соҳа ривожини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди. Босма ва интернет нашрларида фаолият олиб бораётган фотожурналистларнинг ижодий ишларини эътироф этган ҳолда, “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловда “Энг яхши фоторепортаж учун” номинациясига алоҳида эътибор қаратиб келинаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли фотожурналист Абдуғани Жумаев “Фотожурналист — ижодкор” мавзусида маъруза қилди.

— Миллий журналистика равнақида қанчадан-қанча моҳир фотомухбирларнинг муносиб ҳиссаси бор. Фотография санъат, ҳақиқий фотограф эса ижодкордир. Фотожурналист воқеликнинг ичига кириб, уни тасвирлаш имконига эга, — деди Абдуғани Жумаев. — Яхши ижодкор-фотомухбир ҳамма вақт суратга олишдан олдин унинг ОАВ саҳифасида қандай жойлашувини назарда тутмоғи, воқелик ҳақида етарлича, реал таассурот уйғотиш мақсадида суратга олиш жараёнида барча ракурс ва планларни мўлжаллаб олмоғи лозим. Бинобарин, фотожурналист деганда, кенг дунёқарашга эга, ижодий фикрловчи, бадиий мушоҳада юритувчи, маънавиятли, маърифатли, ўз ишига фидойи, атрофида юз бераётган воқеликка бефарқ бўлмаган ҳолда таъсирчан, ишонарли образлар яратаётган ижодкор шахсни тушунамиз. Ҳақиқий ижодий сурат жуда нозик жараён ҳисобланади. Суратни қалбингда ҳис қилсанггина ол. Фотографнинг юраги бармоғининг учида. Ўша кадрни босаётган лаҳзасидадир.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети профессори Дадахон Ёқубовнинг “Миллий ва халқаро фотожурналистика ривожи”, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети катта ўқитувчиси Ҳусниддин Атонинг “Интернет журналистикасида фотоматериалларнинг ўрни” мавзусидаги маърузалари ҳам тингланди.

Семинар-тренинг иштирокчилари замонавий фотожурналистиканинг ривожланиш анъаналари, бугунги кунда фотожурналистлар олдида турган муҳим вазифалар, мавжуд муаммолар, ОАВ фотомухбирларининг касбий маҳоратини ошириш, босма ва интернет нашрларига жойлаштирилаётган фотосуратларнинг сифатли бўлишини таъминлаш сингари муҳим масалаларни муҳокама қилишди, шунингдек, ўз таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган бир гуруҳ журналистларга аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер