Захирадаги улкан имконият

13:40 12 Март 2025 Жамият
131 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Бугун мамлакатимизда «Яшил энергия»га талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Шу йилнинг 27 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган «Атроф-муҳитни асраш ва «Яшил» иқтисодиёт йили» давлат дастури лойиҳаси юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам бу борадаги имкониятларга эътибор қаратилди. Унда маълум қилинишича, республикамизда қўшимча 1 гигаватт қувватли муқобил энергия ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар шакллантирилиб, объектларга қуёш панеллари ўрнатишни рағбатлантириш давом эттирилади. Бунинг учун 2 триллион сўм кредит маблағи ажратилади.

Андижон вилоятида ҳам бу борадаги ишлар кўлами ортиб бормоқда. Ўтган йиллар давомида умумий қуввати 87607,1 кВат бўлган 12826 та қуёш панеллари ўрнатилди. Натижада объектларда таъминотнинг узлуксизлигига эришилди.

— «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Андижон ҳудудий филиали томонидан ўтган йилда қуёш панеллари ўрнатилган хонадон ва хўжалик субъектлари билан шартнома тузилди, — дейди филиал ходими Мунисахон Собирова. — Унга мувофиқ истеъмолчилар ўз эҳтиёжидан ортган электр энергиясини давлатга сотиш имконияти яратилди. Натижада 263 нафар фуқаролардан 1 минг 644 кВат, 442 та хўжалик юритувчи субъектлардан 10 минг 280 кВат энергия сотиб олинди.

Вилоятда электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қондиришда микроГЭСлар фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Боиси ҳудудда бир қанча оқин сувдан иборат каналлар мавжуд. Улар асосий электр манбаси ҳисобланади. Захирадаги ушбу имкониятни ишга солган ҳолда «Яшил энергия» имкониятларидан унумли фойдаланиш мумкин. Бу борада ҳам аниқ режа ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан 51 та микро ва кичик ГЭСлар қуриш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, Улуғнор туманидаги «Фазогир» маҳалласи ҳудудида соатига 600 кВат қувватга эга бўлган янги гидроэлектростанцияси ишга туширилди. 1 млн. АҚШ долларига тенг қийматдаги ушбу лойиҳа «Улуғнор ГЭС 001» МЧЖ томонидан амалга оширилди.

— ГЭСимиз «Оқ олтин» нимстанциясидан чиқувчи 23 км.дан иборат ҳаво тармоғи орқали 30 та трансформатор пунктини электр энергияси билан таъминлайди, — дейди ГЭС ишчиси Раҳматжон Турғунов. — Бунинг натижасида 10 дан ортиқ юридик мақомдаги субъектлар, 2100 та аҳоли хонадонларига электр энергиясини етказиб бермоқдамиз. Бунга қадар ҳудуднинг кунлик истеъмоли 6,5 минг кВатдан иборат эди. ГЭС ишга туширилгач, ушбу кўрсаткич 12 минг кВатга етказилди. Бу билан таъминотдаги узлуксизликка эришибгина қолмасдан, шу миқдордаги электр энергиясини ишлаб чиқариш учун фойдаланилган 5200 тонна кўмир ва табиий газ учун харажат ҳам иқтисод қилинмоқда.

Туманда айни пайтда яна бир микроГЭС қурилиши амалга оширилмоқда. У фойдаланишга топширилгач, 1100 та аҳоли хонадонларидаги электр энергияси билан боғлиқ муаммолар барҳам топади.

— Қиймати 1 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу лойиҳа шу йилнинг 1-чорагида ишга туширилади, — дейди хитойлик муҳандис Ли Жинхуе. — Шунда йилига 5 млн. кВат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Минглаб хонадонларда таъминотдаги барқарорлик йўлга қўйилади. Шу билан бирга 10 та янги иш ўрни ҳам яратилади.

Яшил энергияга ўтиш ҳисобига энергетик мустақилликка эришиш мумкин. Бу орқали иқтисодий ривожланиш таъминланиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш имконияти яратилади. Шу боис бу борадаги саъй-ҳаракатлар республикамиздаги истиқболли лойиҳа сифатида жадаллик билан амалга оширилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?