Зайниддин Низамходжаев: Ўзбекистон сайлов қонунчилигидаги янги амалиёт

21:31 19 Август 2024 Сиёсат
278 0

Сайловлар ҳар бир давлатнинг демократия йўлидаги энг муҳим мезонларидан биридир. У орқали фуқаролар сиёсий иродасини ифода этади, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришга таъсир кўрсатиб, бошқарувда иштирок этиш имконига эга бўлади.

Маълумки, Ўзбекистонда бундай муҳим сиёсий жараённинг навбатдагиси жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайловига тайёргарлик айни пайтда қизғин паллага кирган.

Хўш, бу галги сайловлардан нималар кутиляпти? Янги сайлов тизимидаги янгиликлар нималардан иборат? Умуман, бу сиёсий жараён миллий қонунчилигимиз ва халқаро талабларга қанчалик мос келади?

Шу каби саволлар билан ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Махаматович Низамходжаевга юзланди.

— Зайниддин Махаматович, Марказий сайлов комиссияси сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ташкил этишда энг асосий орган ҳисобланади. Навбатдаги сайловни муносиб тарзда ўтказишда Марказий сайлов комиссияси томонидан қандай тайёргарлик кўриляпти?

— Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари Кенгашлари сайлови жуда муҳим сиёсий воқеа. Конституциямизнинг 128-моддасига кўра, сайлов кампаниясига парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг ваколат муддати тугайдиган йилда 90 кун қолгунигача старт берилади. 2024 йил 26 июль куни бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида октябрь ойининг учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбаси, яъни 27 октябрь сайлов куни деб эълон қилинди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу сиёсий жараёнга тайёргарлик анча олдин бошланди. 2023 йил 18 декабрь куни қабул қилинган конституциявий қонун – Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва «Референдум тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича конституциявий қонун асосида тайёргарлик кўрилди. Яъни, унда бу йил бўладиган сайловлар илк бор аралаш – мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилиши белгиланди. Шундан келиб чиқиб, МСКнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, қарорлари ва йўриқномалари мазкур конституциявий қонун асосида такомиллаштирилиб, унга уйғунлаштирилди. Сайлов қонунчилигига киритилган ушбу ўзгартиришлардан келиб чиқиб, бу йилги бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўрилди.

— Бу йилги сайлов илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Аввало, мана шу тизим, умуман, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, уларнинг асосий мазмуни ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

— Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда бўлиб ўтадиган парламент сайлови биринчи марта аралаш – мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилиши қонунчилигимизда белгиланди. Унга кўра, қуйи палата 150 та депутатларининг 75 нафари мажоритар тизимда, 75 нафари эса пропорционал тизим, яъни партия томонидан тақдим этиладиган рўйхат асосида сайланади. Мажоритар тизимда 75 та депутат 75 та бир мандатли сайлов округидан, қолган 75 нафари эса партия рўйхати асосида битта сайлов округидан сайланади.

— Бугунги кунда рақамлаштириш ҳар бир соҳага жадаллик билан кириб бормоқда. Сайлов жараёнларига ҳам рақамли технологияларни жорий этиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Албатта, рақамли технологиялар бутун жаҳон ҳамжамиятининг ҳаёт тарзига кириб бориши аҳолига қулайликлар яратади. Сайлов тизими ҳам бундан истисно эмас. Рақамли технологиялар Ўзбекистон сайлов тизимига 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловидан бошлаб амалиётга киритила бошланди. Яъни, сайлаш ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди. Ушбу рўйхат асосида сайлов округлари ва участкалари тузилади. Ана шу сайлов участкаларига сайловчиларни бириктириш, сайлов қонунчилиги асосида сайлов участкаларини ташкил этиш, уларнинг чегараларини аниқ белгилаш ва сайловчиларнинг рўйхатини шакллантириш, албатта, сайловчиларимизга қулайлик яратади. Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати орқали ўзининг сайлов участкасини, унинг қаерда жойлашганлиги ва сайловга тегишли бошқа барча маълумотларни ушбу электрон тизим орқали билиб олиши мумкин.

Бундан ташқари, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ҳам 2019 йилги сайловлардан бошлаб жорий қилинган. Бу тизим орқали сайловчи сайлов куни ўз сайлов участкасида бўла олмаса, бу ҳақда сайлов участкасига мурожаат қилади ва сайлов участкаси фуқарони унинг янги манзилига бириктириш жараёнини амалга оширади.

Бу йилги сайловда рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш, сайловчиларга, сайлов ташкилотчиларига қулайлик яратиш, халқаро ва маҳаллий кузатувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг сайловда иштирокини рақамли технологиялар кўмагида ташкил этиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги билан бирга «E-SAYLOV» ахборот тизими ишга туширилди. Ушбу ахборот тизими сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳаракатларни электрон шаклда амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиради. Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари ва туман, шаҳар сайлов комиссиялари ўртасида бўладиган мулоқотлар, ҳужжатлар ва ахборот алмашинуви айнан «E-SAYLOV» ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу эса сайлов комиссиялари ўртасидаги ҳужжат алмашинувини тезлаштиради, ортиқча вақт йўқотилишининг олдини олади. Энг муҳими, «E-SAYLOV» ахборот тизими сайловчиларга қулайлик яратади. Улар ушбу тизим орқали ўз ҳудудидан кўрсатилаётган номзодлар ва уларнинг дастурлари ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлади. Бу эса сайлов кунигача сайловчиларнинг номзодлар ҳақида аниқ бир тўхтамга келишига асос яратади.

— Хориждаги ватандошларимизнинг ҳам сайлов ҳуқуқларини таъминлаш энг муҳим масалалардан биридир. Аралаш сайлов тизимида ўтадиган сайловларимизда хориждаги юртдошларимизнинг иштироки қандай ташкил этилади?

— Тўғри таъкидладингиз. Хориждаги ватандошларимизнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш МСКнинг доимий эътиборидаги масала ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга масъул. Чет элда ташкил этиладиган участкаларимизда ватандошларимиз фақат пропорционал тизим орқали сиёсий партияларга овоз беради.

— Мамлакатимиздаги сайлов жараёнларига халқаро даражада қизиқиш қандай бўляпти, қанча эксперт ва кузатувчилар кутиляпти?

— Албатта, ҳар бир давлатда бўладиган сайловларга хорижий экспертлар, сайлов тизими билан шуғулланадиган ташкилотлар вакилларининг қизиқиши катта бўлади. Чунки бунда қайси давлатда бўлмасин, ўша давлатнинг сайлов тизими, сайлов қонунчилиги ва амалиёти билан танишиш ҳамда ўзларининг сайлов тизимини такомиллаштириш, қолаверса, сайлов жараёнларига баҳо бериш назарда тутилади.

Бу борада юртимизда 2023 йилда бўлиб ўтган Президентлик сайловида 900 дан ортиқ халқаро кузатувчи иштирок этди. Энг аввало, юртимизда бўлаётган изчил ислоҳотларга қизиқиши, сайлов тизимида бўлаётган ўзгаришлар, сайлов амалиёти ва қонунчилигининг аҳамияти ҳақида ўз фикрини билдириши биз учун ҳам, улар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йили бўлиб ўтган референдум ва муддатидан илгари ўтказилган Президентлик сайловида уларнинг ўрганишлари шуни кўрсатдики, биздаги сайловлар энг юқори талабларга мос равишда ривожланаётгани эътироф этилди.

Шу нуқтайи назардан бу йилги сайловларда иштирок этиш учун халқаро ташкилотларга, хорижий давлатлардаги ҳамкасбларимизга таклифномалар юборилади. Улар ўз имкониятига қараб иштирок этиш бўйича бизга маълумот беради.

— Сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришларга кўра, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари фаолиятига оид бир қатор янгиликлар бўлди. Шулар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Дарҳақиқат, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг янги тизими шакллантирилди. Бу эса Марказий сайлов комиссиясидан бошлаб сайлов участкаларигача бўлган жараёнларни бир хилда, қонун талаблари асосида амалга ошириш ва назорат қилиш имкониятини яратади. Ушбу тизим Ўзбекистон сайлов қонунчилигида илк бор яратилган янги амалиёт ҳисобланади.

Муҳтарама КОМИЛОВА,

ЎзА мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?