Кучли қичишиш ва жисмоний азобдан ташқари, инсонни руҳан ҳам емиради
Буюк Британияда қўтир касаллиги билан касалланиш ҳолатлари сўнгги йилларда кескин ошмоқда ва бу кўплаб оилалар ҳаётини издан чиқаряпти. Икки нафар фарзанднинг онаси, 44 ёшли Луиза (исми ўзгартирилган) ушбу касаллик сабабли оиласи билан уйини вақтинча тарк этишга мажбур бўлган. Терининг кучли қичишиши ва даволаш жараёнидаги мураккаб санитар чоралар уни руҳий жиҳатдан ҳам оғир аҳволга солган. Унинг айтишича, қўтир “жисмоний азобдан ташқари, инсонни руҳан ҳам емиради”.
Британия Соғлиқни сақлаш хавфсизлиги агентлиги (UKHSA) маълумотларига кўра, 2021 йилдан бери қотир касаллиги йилдан-йилга ўсиб бормоқда, айниқса 2023–2024 йилларда кескин сакраш кузатилган. Жинсий саломатлик клиникаларида қайд этилган ҳолатлар 2023 йилда 3 393 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 4 872 тага етган, яъни 44 фоизга ошган. Пандемиягача эса мамлакат бўйлаб йиллик ҳолатлар сони ўртача 1 500 атрофида, барқарор бўлган.

Мутахассислар қўтир касаллиги кўламининг кенгайишига бир нечта омил таъсир қилишини таъкидламоқда. Хусусан, пандемиядан кейин одамларнинг яна яқин мулоқотга қайтиши, талаб юқори бўлган дорилар — перметрин ва малатион таъминотидаги узилишлар, шунингдек, даволашга кеч мурожаат қилиш ҳолатлари касалликнинг “уй ичида айланиб юриши”га олиб келган. Бундан ташқари, шифокорлар қўтирни баъзан экзема ёки дерматит билан адаштириб қўяётгани ҳам даволашни кечиктираяпти.

Қўтир асосан узоқ муддатли тегиш орқали (тери-терига) юқади, аммо кенг тарқалган жойларда, масалан, талабалар ётоқхоналари, хостеллар ва мактабларда ҳам тез ёйилиши мумкин. UKHSA ҳисоботида қайд этилишича, 2024 йилда жинсий саломатлик хизматларига мурожаат қилган беморларнинг 41 фоизи 20-24 ёшлилар бўлган. Мутахассислар ёшлар орасида уят ҳисси сабаб касалликни яшириш ва даволашни кечиктириш ҳолатлари кўплигини таъкидлайди.

Шифокорлар қўтир тўғри ва ўз вақтида даволанса самарали бартараф этилишини айтишмоқда. Бироқ бутун оила аъзолари ва яқин алоқада бўлган шахслар бир вақтнинг ўзида даволанмаса, касаллик қайталаниши мумкин. Мутахассислар қўтирни “ифлослик билан боғлиқ касаллик” деб ҳисоблаш мутлақо нотўғри эканини, у ҳар қандай инсонда учраши мумкинлигини таъкидлаб, аҳолини уятни четга суриб, шифокорга ўз вақтида мурожаат қилишга чақирмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг