Юрт мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида қалбдан кечган туйғулар
Фото: Архив сурат
Одатда кунлик иш фаолиятимни газета ўқиш билан бошлайман. Мен учун газета ахборот манбасидан кўра, фикрлаш, таҳлил қилиш ва ҳаётга бошқача назар билан қарашга ундайдиган тажриба ҳисобланади. Газета орқали нафақат янгилик, балки жамият, инсон ва Ватан ҳақидаги чуқур фикрлар билан ҳам танишасиз. Ахборот сайти ёки ижтимоий тармоқ сизга факт беради, лекин газета — фикр, мазмун ва таъсир бағишлайди. Айрим мақолалар борки, ўқувчини ўтмишга назар ташлаб, келажак ҳақида чуқур мулоҳазага чорлайди.
Бу гал ҳам шундай бўлди. «Халқ сўзи» газетасини варақлар эканман, биринчи саҳифадаги Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига кўзим тушди. Қарор матнини диққат билан ўқидим. Унда айтилганидек, айнан мустақиллик — сиёсий-ҳуқуқий кафолатлар асоси сифатида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, инсон қадри ва манфаатларини таъминлаш йўлида таянч бўлиб хизмат қилмоқда.
Қарорда таъкидланганидек, миллий истиқлолимизнинг 34 йиллиги «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» деган эзгу ғоя асосида, юксак савияда нишонланиши белгиланган. Чунки «Истиқлол» сўзи — халқнинг юрагидаги умид, тарихдаги кураш ва эркин келажакка бўлган ишонч тимсолидир.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Айниқса, сўнгги саккиз йилда «Янги Ўзбекистон»ни барпо этиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар самарасида ижтимоий-сиёсий манзара тубдан ўзгарди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 110 миллиард доллардан ошди, «яшил» иқтисодиёт, инновациялар, муқобил энергия манбаларини жорий этиш бўйича улкан лойиҳалар амалга оширилди.
Янгиланган Конституциямизда белгилаб берилганидек, Ўзбекистон инсон қадри устувор бўлган ижтимоий давлатга айланиб бормоқда. Бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари ижобий натижалар бермоқда. Қишлоқ ва шаҳарларимиз обод бўлмоқда, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Янги Ўзбекистон» уй-жой дастурлари амалда.
Шу каби ислоҳотлар нотариал соҳани ҳам четлаб ўтмади. Илгари идорадан идорага юриш талаб этилган бўлса, бугун «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кўплаб хизматлар электрон шаклда амалга ошириляпти. «E-notarius.uz» портали орқали ишончнома расмийлаштириш, мерос аризаси юбориш, электрон гувоҳнома олиш имкони яратилди. Шунингдек, «my.gov.uz» ёки «E-notarius.uz» орқали фуқаролар уйларидан чиқмаган ҳолда нотариал хизматларга мурожаат қилмоқда. Бу эса ҳам вақт, ҳам маблағни тежашга хизмат қиляпти.
Газетани варақлар эканман, яқинда нотариал идорамизга келган нуроний отахон билан бўлган суҳбат ёдимга тушди. Қарийб 90 ёшни қаршилаган у киши: «Бугунги ёшлар бахтли, чунки улар мустақил, эркин Ватанда яшаётган, унинг равнақи учун меҳнат қилаётган инсонлар», — деб самимий фикр билдирган эдилар.
Дарҳақиқат, бугунги Ўзбекистон — фақат мустақил эмас, балки очиқлик, инсонпарварлик ва тараққиёт йўлини танлаган давлатдир. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси, Янги Конституция ва «Инсон қадри учун» тамойили мамлакатни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Мен нотариус сифатида фаолиятимни мустақиллик даврида бошлаганим ва бугунги кунда ҳам юртдошларимизга ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётганимдан фахрланаман. Нотариус — фақат ҳужжат расмийлаштирувчи эмас, балки кўп ҳолларда фуқароларнинг ишончли маслаҳатчиси, адолат ва барқарорлик кафолатчиси. Низоларни олдини олиш, келишмовчиликларни ҳужжат орқали бартараф этиш ҳам нотариуснинг муҳим вазифаларидандир.
Адвокат ва судья масала юзага келганидан кейин ишга киришади. Аммо нотариус — ана шундай муаммоларни пайдо бўлишидан олдин ҳал қилади. Нотариус — халқ ва давлат ўртасидаги ишонч кўприги. Бу масъулиятли вазифани сидқидилдан бажараётганим менга ифтихор бағишлайди.
Нотариус бўлиш учун билимнинг ўзи кам. Бу касб сабр, холислик, қонунга садоқат ва инсонга ҳурматни талаб қилади. Баъзан туйғуларни четга суришга, баъзан бир неча кунлик ишни бир кунда қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Бир шартнома — юз миллионлик битим бўлиши, бир ишончнома — ота-онанинг фарзандига бўлган ишончи, бир васиятнома — авлод тақдирини белгилаши мумкин.
Ҳа, ҳар бир ҳужжат ортида инсон тақдири турибди. Ва мен ана шу тақдирларга масъулият билан ёндашишга ҳаракат қиляпман.
Мухлиса ПАТТАЕВА,
Шаҳрисабз туманида хусусий амалиёт
билан шуғулланувчи нотариус
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг