Юридик хизмат кўрсатиш марказлари: беш ойда беш муҳим натижа

21:53 05 Март 2022 Жамият
1949 0

Президент қарорига мувофиқ, республикамизнинг барча ҳудудларида Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилганига мана беш ой тўлди.

Очиғини айтганда, 2021 йил 1 октябрдан туман даражасидаги давлат идоралари фаолиятида қонунийликни таъминлашни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ташкил этилган ушбу марказларга нисбатан бошида кўп саволлар, ҳатто шубҳалар ҳам бор эди. Орадан ўтган 5 ой ушбу тизим фаолиятига дастлабки баҳо бериш учун етарли.

Хўш, Юридик хизмат марказлари шу қисқа муддатда нималарга эришди?

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тақдим этган маълумотларга кўра, марказлардаги 1 029 та штат бирликларига ҳужжат топширган 7 727 нафар номзодлар орасидан Адлия вазирлигининг “MinJust HR” ахборот тизими орқали онлайн танловлар ўтказилиб, барча Марказлар малакали кадрлар билан тўлдирилди.

Марказлар ҳамда улар юридик хизмат кўрсатадиган 2 мингдан ортиқ давлат органлари “E-huquqshunos” электрон тизимига уланди.

Марказлар томонидан хизмат кўрсатиладиган давлат органларининг юридик тусдаги барча ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ўзаро келишиш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнлари электрон шаклга ўтказилиб, барча ҳужжатларга автоматик тарзда рақам бериш тизими жорий этилди.

Бугунги кунда юридик таъминотга эга бўлмаган туман даражасидаги давлат органларига (ирригация, қурилиш, ветеринария, пенсия жамғармаси) сифатли юридик хизмат кўрсатилиши таъминланди.

Ўтган давр мобайнида марказлар томонидан қатор ижобий натижаларга эришилди. Улардан энг муҳим 5 тасини келтирамиз.

Биринчидан, малакали ва ёш ҳуқуқшунослар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизими йўлга қўйилиб, барча йўналишлардаги мураккаб ҳуқуқий муаммоларни коллегиал тарзда ҳал қилиш имконияти яратилди.

Марказлар ташкил этилгунга қадар тумандаги давлат органларида 1 та юрист штат бирлиги мавжуд бўлиб, ўзаро тажриба алмашиш ва муаммоларни коллегиал тарзда ҳал қилиш имконияти бўлмаган.

Иккинчидан, давлат органларининг 207 та ҳудуддаги 2 мингдан ортиқ бўлинмаларида бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланди, аҳоли ва органларга тезкор ва сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Учинчидан, юридик хизмат ходимларининг тўлиқ мустақиллиги таъминланиши орқали уларни иш фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолатларига барҳам берилди.

Тўртинчидан, юристларнинг иши мақбуллаштирилиб, қоғозбозликка барҳам берилди ҳамда иш юритуви тўлиқ рақамлаштирилди.

Бешинчидан, марказлар хулосаси асосида қабул қилинган бирорта ҳужжат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки суд орқали бекор қилинмади.

Келгуси режалар қандай?

Дастлабки даврда айрим шахслар, блогерлар, «экспертлар» томонидан марказларнинг ишга туширилишига нисбатан салбий тахминлар, прогнозлар илгари сурилганига қарамасдан, тизим олдига қўйилган мақсадларга босқичма-босқич эришиб бормоқда.

Адлия вазирлиги томонидан бугунги кунда юридик хизматга эга бўлмаган бандлик, солиқ, қишлоқ хўжалиги, маҳалла, спорт ва туризм бўлимлари ҳамда республикадаги барча давлат мактаблари, болалар боғчалари ва оилавий поликлиникаларга Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши режалаштирилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун жойлаштирилди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер