Юқумли касалликларга қарши профилактик эмлашлар билан қамраб олиш даражаси 95-98 фоизни ташкил этади — Нурмат Отабеков

Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда иммунизация ва вакцинация жараёнлари, Миллий профилактик эмлаш тақвими ва бу борада аҳолига ишончли маълумотларни етказиш юзасидан соҳа экспертлари иштирокида матбуот конференцияси ташкил этилди.
Матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков айни кунларда дунёнинг қатор давлатларида тарқалаётган турли инфекциялар, мамлакатимизда амалга оширилаётган режали эмлаш жараёнлари ва бошқалар хусусида батафсил маълумот берди.
— Халқимизда хасталикни даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал, деган ҳикматли гап бор. Шундан келиб чиқиб, тиббиёт соҳасида касалликлар профилактикасига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин, — деди Н. Отабеков. — Ҳисоб-китобларга кўра, бундай ёндашув иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда самарали. Масалан, юқумли касалликларга қарши оммавий эмлаш тадбирлари нафақат турли эпидемиялар тарқалиши, балки соғлиқни сақлаш муассасаларига юкламалар кескин ортиб кетишининг ҳам олдини олади.
Шу маънода, аҳолини бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши эмлаш хасталикларни камайтириш, инфекция ўчоқларини жиловлаш ва бартараф этишда асосий восита ҳисобланади.
Ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда Миллий профилактик эмлаш календари жорий этилган. Унга мувофиқ, 13 турдаги юқумли касалликлар, жумладан, дифтерия, кўкйўтал, қоқшол, сил, вирусли гепатит В, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, ротавирус, пневмококк, гемофилиус инфлюэнца тип Б (ХИБ) инфекцияси, бачадон бўйни саратонига қарши режали вакцинация тадбирлари ўтказилади.
Профилактик эмлашлар учун 3 минг 138 та эмлаш пункти ажратилган. Чақалоқларни сил ва гепатит В га қарши эмлаш эса туғуруқ комплексларида амалга ошириб келинмоқда.
Муҳими, сўнгги йилларда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши профилактик эмлашлар билан қамраб олиш даражаси 95-98 фоизни ташкил этяпти. Мамлакатимизда 2003 йилдан буён эмлашдан сўнг ножўя ҳолатлар рўйхатга олингани йўқ.
Иммунизация тадбирларининг мунтазам ва самарали олиб борилиши натижасида 1996 йилдан буён республикамизда ёввойи полиовируслар келтириб чиқарадиган полиомиелит касаллиги тугатилди ва Ўзбекистон 2002 йилда “Полиомиелитдан холи ҳудуд”, 2017 йилда эса “Қизамиқ ва қизилчанинг 36 ойлик элиминациясига эришган ҳудуд” номли халқаро сертификатларни олишга муваффақ бўлди.
Сизларга ҳам яхши маълум, авваллари аҳоли, айниқса, болалар ўртасида турли юқумли касалликлардан ўлим кўрсаткичлари юқори бўлган. Чунки улар қатор хавфли инфекцияларга қарши эмланмаган.
Бугунги кунда эса ўғил-қизларнинг ҳаётига зомин бўлган бундай хавфли хасталикларнинг олдини олиш имкони бор.
Масалан, 2000 йилгача ўғил-қизларимиз 6 турдаги инфекцияга қарши эмланган холос. 2001 йилдан ҳозирги вақтга қадар яна 7 турдаги вакцина профилактик эмлаш календарига киритилиб, улар сони 13 тага етказилди.
Ана шу вакциналарнинг аксарияти бола бир ёшга тўлгунича қўлланилади. Масалан, 2001 йилдан бери 1 суткалик чақалоқлар вирусли гепатит Вга қарши ВГВ вакцинаси билан эмланади.
2000 йилгача дифтерия, қоқшол ва кўкйўталга қарши фақат АКДС вакцинаси қўлланилган. Кейинчалик профилактик эмлаш календарига ўзгартириш киритилиб, 2, 3 ва 4 ойлик чақалоқларни Пента-1, Пента-2 ҳамда Пента-3 комбинация қилинган вакциналари билан эмлаш йўлга қўйилди.
Қолаверса, илгари 5 ёшгача бўлган болалар вирусли диарея касаллиги туфайли ҳам нобуд бўлар эди. Бу касалликни ротавирус инфекцияси келтириб чиқариши аниқлангач, унга қарши вакцина ҳам яратилиб, 2014 йилда профилактик эмлаш календарига киритилди.
Ҳозир болалар 2, 3 ва 4 ойлигида тегишли кетма-кетликда Рота-1, Рота-2, Рота-3 вакциналари билан эмланмоқда. Натижада ўғил-қизлар ўртасида вирусли диарея касаллигидан ўлим ҳолатлари кузатилгани йўқ.
2018 йилда пневмакокк касаллигига қарши бола 2, 3 ва 12 ойлик бўлганида қўлланиладиган Пневмо-1, Пневмо-2, Пневмо-3 вакциналари профилактик эмлаш календарига киритилди.
Шу йили 2, 3, 4 ва 16 ойлик болаларни полиомиелитга қарши вакцина билан эмлаш ҳам жорий қилинди.
Болалар 12 ойлик вақтида қизамиқ, паротит ва қизилчага қарши КПК-1, олти ёшлигида эса КПК-2 вакциналари билан эмланади.
Миллий эмлаш календарига 2019 йилдан бачадон бўйни саратонига қарши қўлланилувчи ОПВ вакцинаси ҳам киритилди. Ҳар йили 9 ёшли 350 минг нафардан ортиқ қизлар ушбу вакцина билан эмланмоқда.
Шу ўринда яна бир тиббий хулосани айтиб ўтмоқчиман. Касалликлар профилактикаси қўлланиладиган вакциналар самарадорлиги билангина боғлиқ эмас. Яъни бу соҳада мустаҳкам моддий-техник база яратмай туриб кўзланган натижага эришиш имконсиз.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, юртимизда ҳар йили 2,5 миллион нафардан зиёд бола эмаланади. Бу жараён тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Эмлаш ва иммунизация тадбирларига ГАВИнинг махсус лойиҳалари ҳамда COVAX дастури доирасида, шунингдек, ЮНИСЕФ ва ЖССТ томонидан ҳам алоҳида кўмак бериляпти.
Мисол учун, ЮНИСЕФ 2017 йилдан бери юртимиз бўйлаб жами 21 та вакцина омбори қурилишида амалий ёрдам кўрсатди. Совутгичли юк машиналари, вакциналар учун контейнерлар ва совуқлик камераларини етказиб берди.
Ўтган йил ноябрь ойида ишга туширилган республика вакциналар омбори 1000 квадрат метрдан иборат учта совуқлик камераси (2-8°C), ультрасовуқ совуткичлар (3000 л ҳажмли) ва музлатгич хоналари (40 м3) билан жиҳозланган.
Шу билан бирга, иншоот иммунизация учун зарур материаллар сақланадиган 1000 квадрат метр қуруқ омборга ҳам эга. Иншоотда юкларни тез ва самарали бошқариш учун электр юк кўтаргичлар, док навеслари, текислаш платформалари ҳамда кўтариш механизмлари мавжуд.
Умуман, ҳозир Санитария-эпидемиология хизмати 1 та миллий, 14 та ҳудудий, 206 та туман (шаҳар) вакцина сақлаш омборхоналарига эга. Уларни ташиш учун 17 та авторефрижератор, 206 та мини-авторефрижератор, 16 та “LADA-Vesta”, 16 та “Reno Duster” автомобили ажратилган. 632 та совуткич, 148 та генератор, 10 121 та термосумка ва термоконтейнер фаолиятимиз самарадорлигини оширмоқда. 862 та тиббий бригада томонидан аҳолига эмлаш хизматлари кўрсатиляпти.
— Қисқа қилиб айтганда, мамлакатимизда иммунизация ва вакцинация тадбирларини юқори даражада ташкил этиш борасида амалий тажриба ва етарли шарт-шароитлар мавжуд бўлиб, юқумли касалликлар бўйича эпидемик барқарорлик таъминлаб келинмоқда. Келгусида бу борадаги ишларимиз самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари кўрилади, — дея таъкидлади Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков.
Анжуманда журналистлар саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
"Халқ сўзи".
Сирожиддин ВОҲИДОВ олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг