Юксак ишонч янги ютуқлар сари ундайди

14:42 23 Август 2022 Жамият
403 0

Фото: Халқ сўзи

Куни кеча давлатимиз раҳбари Халқаро конгресс марказида тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотда давлат ва жамият ҳаётида катта кучга айланиб бораётган хусусий бизнес вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қатор таклифларни илгари сурди. Президентимизнинг «Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ғоят муҳим ва ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз, инновацион фикр ва ёндашувингиз бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва бу ўринда сиз барча соҳа вакилларига ўрнак бўлишингизга ишонаман», деган сўзлари, шубҳасиз, мамлакатимиз иқтисодий қудратини оширишга ҳисса қўшаётган тадбиркорларимизга янада ишонч, мотивация берди.

Фарғоналик тадбиркорларнинг қуйидаги фикрлари ҳам буни яна бир карра тасдиқлайди.

Фарҳод БУЛАТОВ, Данғара туманидаги “Musavartex” МЧЖ раҳбари, «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони совриндори:

— Яқинда вилоятимиздаги пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари сафида Туркияга бордим ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари ривожида илм-фан, инновация нечоғлик муҳимлигига амалиётда ишонч ҳосил қилдим. Ўзаро келишувга кўра, шу кунларда вилоятимизга Туркиядан қишлоқ хўжалиги соҳаси олимлари ташриф буюрди.

Хусусан, бизнинг кластеримиз қошида ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, истиқболли янги навлар яратиш, серҳосил экинларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш сингари йўналишларда кўп тармоқли лаборатория ҳамда илмий марказ ташкил этишни режалаштирдик.

Аслида фаолиятимизнинг дастлабки кунлариданоқ илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиб келяпмиз. Натижада кейинги уч йилда ҳар гектар пахта майдонидан ҳосилдорлик ўртача 12-15 центнерга ошди. Шу йилнинг ўзида 400 гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.

Данғара туманининг қишлоқ хўжалигида фойдланилмайдиган бўш ер майдонида ойлик қуввати 1,5 минг тонна бўлган пахта заводи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Янги иш бошлаган текстиль корхонаси маҳсулотлари юз фоиз Россия ва Хитойга экспорт қилинмоқда. Ҳозирда тайёр маҳсулотлар ҳажмини ва экспорт салмоғини ошириш бўйича маркетинг ишлари олиб бориляпти. Ўтган йилларда юзлаб замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олинди.

Бу йил 6 минг 190 гектар ерда қарийб 25 минг тонна сифатли саноат хом ашёси етиштириш мақсадида 196 та фермер хўжалиги билан шартнома тузганмиз. Агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли бажарилгани учун айни пайтда пахта далаларида ҳосил чўғи баланд. Янги иш бошлаганимизда ҳосилдорлик гектарига 30-32 центнер бўлган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични 45 центнерга етказишни мақсад қилганмиз.

Бугунги кунда пахта-тўқимачилик кластери корхоналарида 800 та доимий иш ўрни яратилган. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан амалга жорий этилган мазкур йўналишда яқин истиқболга мўлжалланган режа ва мақсадларимиз жуда кўп. Бу борада кўрсатилаётган юксак эътибор ва рағбат, қолаверса, куни кеча давлатимиз раҳбарининг бизга билдирган ишончи, умиди янги-янги ютуқлар сари ундайди.

Аюбхон ПОЗИЛОВ, “Euro Print” МЧЖ раҳбари:

— Айни пайтда “Euro Print” бренди остида ишлаб чиқарилаётган кенг ассортиментдаги маҳсулотларимиз юртимиз ва қўшни мамлакатларда тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Аммо бунга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Дастлаб ўнга яқин иш ўринлари билан фаолият бошлаган бўлсак, ҳозирда корхонамизда икки юздан ортиқ киши бандлиги таъминланган ва уларнинг аксарияти ёшлардир.

Ўқувчилар учун дафтар ишлаб чиқаришдан бошланган тадбиркорлик фаолиятимизни Германиядан замонавий технологиялар олиб келиб, полиграфия маҳсулотлари тайёрлаш ва қадоқлашни йўлга қўйиш орқали кенгайтирдик. Кейинчалик тадбиркорликнинг бошқа соҳаларида ҳам истиқболли лойиҳаларни амага оширдик.

Меҳмонхона хизмати кўрсатиш, чой, қуритилган мевалар ишлаб чиқариш каби тармоқлар ташкил этилди. Натижада бир йилда ўртача 35 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулотларни буюртмачиларга етказиб беришга эришмоқдамиз. Йилдан-йилга корхонамизнинг экспорт салоҳияти юксалиб бормоқда.

Президентимизнинг кеча тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотида бевосита Фарғона вилояти студиясидан иштирок этиб, унда илгари сурилган ташаббуслардан катта мотивация олдим. Давлатимиз раҳбарининг мулк дахлсизлигини таъминлаш, қўшилган қиймат солиғи ставкасини пасайтириш, аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича жазолаш эмас, балки солиқ идораларини яқин кўмакчи бўлишига эришиш сингари таклифлари тадбикорларнинг дилидаги гаплар бўлди. Тадбиркорликни янада ривожлантириш соҳасида белгиланган устувор вазифаларнинг амалий исботини топиши нафақат ички бозор барқарорлигини таъминлаш, шу билан бирга жаҳон бозорларига кенг йўл очиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?