Юй Цзюнь: “Ўзбекистон очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат олиб бормоқда”

18:59 22 Январь 2024 Сиёсат
599 0

Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги ўзаро ҳурмат, қўллаб-қувватлаш, дўстлик ва яхши қўшничилик тамойиллари асосида ривожланмоқда.

Бунда олий даражадаги сиёсий учрашувлар, шунингдек, икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган дўстона ва ишончли муносабат муҳим омил бўлаётир. Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига навбатдаги ташрифи ҳам икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб беради.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23-25 январь кунлари бўлиб ўтадиган давлат ташрифи доирасида Пекин шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Кун тартибидан Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенг кўламли амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирининг Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь билан суҳбати ҳам икки давлат ўртасида изчил ривожланаётган ҳамкорлик ва навбатдаги давлат ташрифига бағишланди.

— Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик кейинги йилларда қайси соҳаларда изчил ривожланди? Сизнингча, яна қайси соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши мумкин?

— Дўстлик олтиндан қиммат, деганларидек, Ўзбекистон биз учун яхши қўшни ва яқин ҳамкор, дўст мамлакат. Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг ташаббуси туфайли Хитой – Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, стратегик шериклик муносабатлар юқори даражада ривожланяпти. Томонлар асосий масалалар бўйича бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Ислоҳотларни чуқурлаштириш ва очиқлик бўйича икки давлат тажрибаси ўрганилмоқда.

Аҳамиятлиси, икки давлат раҳбарлари ўртасида яқин алоқалар мавжуд. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили икки марта учрашиб, икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг янги режасини белгилаб олди. Ўзбекистон – Хитой Ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси фаолияти ҳам икки томонлама алоқалар ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Барча соҳаларда делегацияларнинг ўзаро ташрифлари ортаётгани ҳам эътиборлидир. Ўтган 2023 йилда Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди раҳбари Хитойга, 20 дан ортиқ Хитой марказий ва минтақавий делегациялари Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги прагматик ҳамкорлик ўз самарасини берди. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси Янги Ўзбекистон қурилиши билан чуқур уйғунлашди ва ўзаро товар айирбошлаш юксак даражага кўтарилди. Ўтган йилнинг 11 ойида бу кўрсаткич 12,2 миллиард долларга етди. Ўзбекистондаги Хитой компаниялари сони эса 2 мингдан ошди. Шунингдек, инфратузилма қурилиши, ишлаб чиқариш, замонавий қишлоқ хўжалиги, коммуникация ва бошқа соҳаларда ҳамкорликнинг кучли динамикаси кузатилмоқда.

Қайд этиш керак, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик натижалари ҳайратланарли. Хитой сармояси иштирокида ҳаётий муҳим лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Улар орасида, айниқса, Сирдарё вилоятида 1500 МВт қувватга эга янги электр станцияси, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида шамол ва қуёш электр станциялари қурилишини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Иқтисодий мавзуга қайтадиган бўлсак, биз янги энергетика, электромобиллар соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонга олиб кирилаётган электромобилларнинг 90 фоизи Хитойдан келтирилади. Баъзи ўзбек дўстларим ҳам Хитойнинг BYD, Chery, Great Wall брендлари остидаги машиналардан фойдаланишади. Мен улардан ушбу электр транспорт воситаларини ҳайдашдаги таассуротлари ҳақида сўрадим ва улар ижобий жавоб беришди. Бу менга фахр бағишлайди.

Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасида кўплаб маданий алмашинув лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан, Хитой маданияти куни доирасида “Шинжон яхши жой” спектакли намойиш этилиб, йирик рақс жамоалари Шинжон, Ганьсу бўйлаб гастроль сафарларида бўлди. Ўзбекистоннинг бетакрор маданий ёдгорликлари Ханчжоу музейи ва Пекинда намойиш этилди. Яқин кунларда Хитойда “Ўзбекистон маданияти куни” доирасида туркум тадбирлар ўтказилади. Жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Қувноқ баҳор фестивали” Хитой маданий тадбирлари бўлиб ўтади. Шу ўринда ўзбекистонлик дўстларимизни ушбу тадбирларга таклиф этамиз.

Умуман олганда, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги шериклик ҳамкорликнинг барча соҳаларини қамраб олади. Биз икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни доимий равишда мустаҳкамлаш ва амалга оширишга асосий масала сифатида қараймиз.

Бугунги кунга келиб биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли давлатлараро муносабатларнинг деярли барча соҳаларини қамраб олувчи мустаҳкам асос яратилди. 2023-2027 йилларда янги даврда ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантиришнинг беш йиллик дастури, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда.

— Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?

— Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Янги Ўзбекистонни қуриш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Президент халқ манфаатларини биринчи ўринга қўйишни таъкидлаб, халқ талабини тинглашга катта эътибор қаратаётир. Маъмурий-ҳудудий бошқарув самарадорлигини, маҳаллий бошқарув тизимини такомиллаштиришни давом эттирмоқда.

Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш динамикаси юқори, бозор ҳаётийлигини рағбатлантириш доимо эътиборда. Ишбилармонлик муҳити оптималлаштирилмоқда, инфратузилма қурилиши босқичма-босқич такомиллаштирилиб, Ўзбекистонга сармоя киритиш учун тобора кўпроқ хорижий компаниялар жалб этилмоқда. Бунинг самарасида халқ фаровонлиги янада юксалиб, одамлар ўзини бахтли ҳис қилмоқда, жамиятда барқарорлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда. Бошқа давлатлар билан дўстона муносабатлар ва ҳамкорликни фаол ривожлантириб, қатор йирик халқаро тадбирларга муваффақиятли мезбонлик қилмоқда. Бу эса давлатнинг халқаро мавқеи ва таъсирини сезиларли даражада ошириб, яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларни чуқурлаштиришга беқиёс ҳисса қўшади.

Яхши қўшни ва яхши ҳамкор сифатида Хитой Ўзбекистон эришаётган ютуқларни олқишлайди. Ўйлайманки, Президент Мирзиёевнинг кучли сиёсий иродаси “Янги Ўзбекистон” тараққиётини тезлаштиради, ўзбек халқи ўз орзусини рўёбга чиқарадиган вақт узоқ эмас.

— Жаноб элчи, мамлакатимиздаги дипломатик фаолиятингиз давомида қандай янги лойиҳалар устида ишлашни режалаштиряпсиз?

— Ўзбекистонда иш бошлаганимга олти ой бўлди. Менинг фаолиятим Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат идоралари томонидан қўллаб-қувватланди. Бунинг учун чуқур миннатдорлик билдираман. Шу давр мобайнида турли жойларда бўлдим, кўплаб нуфузли тадбирларда иштирок этдим, янги дўстлар орттирдим. Ўзбек халқининг самимийлиги ва меҳмондўстлиги, жамиятнинг эса Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини чуқурлаштиришга бўлган кучли интилиши менда ижобий таассурот қолдирди.

Давлатларимизнинг ҳамкорлиги порлоқ келажак ва катта салоҳиятга эга, деб ҳисоблайман. Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш менга катта масъулият юкланган.

Дипломатик миссиям давомида ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан икки давлат раҳбарлари эришган муҳим келишувларни содиқлик билан амалга ошириш, турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун шароит яратишда фаол иштирок этиб муносиб ҳисса қўшаман. Aйниқса, асосий эътиборни амалий ҳамкорлик соҳасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг янада юқори бўлиши, яъни 20 миллиард AҚШ долларига етказишга қаратамиз.

Биз устувор инвестиция лойиҳаларини илгари суриш устида ишлаймиз. Корхоналар ва идоралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш, рақамли иқтисодиёт, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, замонавий қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда янада ўзаро манфаатли лойиҳаларни яратишдан манфаатдормиз. Тоза энергия, қуёш энергияси, шамол энергетикаси ва гидроэнергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг ижобий динамикасини сақлаб қолишга интиламиз. Атроф-муҳитни бошқариш, муҳофаза қилиш, сувни тежаш ва иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш учун яшил технологиялардан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштирамиз.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишини тезроқ бошлашга кўмаклашамиз. Трансчегаравий ташишлар самарадорлигини оширамиз ва транспорт инфратузилмасини қуришда ҳамкорлик имкониятларини ўрганамиз. Минтақавий ресурсларни сафарбар қилиш ва мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, давлат бошқаруви ва қашшоқликни қисқартириш бўйича тажриба алмашишни кенгайтирмоқчимиз. Умуман олганда, ҳамкорлигимиз мустаҳкам пойдевор, ирода ва истиқболга эга. Ҳар икки томонда қилинадиган ишлар кўп. Бу борада эса биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этади.

— “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифлар ҳақида қандай фикрдасиз? Бу ташаббуслар Ўзбекистон – Хитой муносабатларида қанчалик муҳим?

— Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг октябрь ойида Хитойга “Бир макон, бир йўл” халқаро ҳамкорлик форумида иштирок этиш учун ташриф буюрган эди. Давлат раҳбари форумнинг очилиш маросимида иштирок этди ва биринчи бўлиб Яшил ривожланиш бўйича юқори даражадаги форумда нутқ сўзлади. У Марказий Осиё олдида турган жиддий иқлим ўзгаришлари муаммоларини таъкидлаб, “Яшил ипак йўли” ташаббусини қўллаб-қувватлади ва халқаро ҳамкорликка чақирди.

Бизга маълумки, жаноб Президент раҳнамолигида Ўзбекистон экологик муаммоларни миллий тараққиёт ва ислоҳотларнинг муҳим кун тартибига киритиб, “Яшил макон” ташаббусини фаол илгари сурмоқда. Янги энергияни ривожлантириш, яшил иқтисодиётни ўзгартиришга кўмаклашмоқда. Президентнинг қатор ташаббуслари барқарор ривожланишга интилиш, шунингдек, бутун инсониятнинг умумий иши учун масъулият ва миссия туйғусини акс эттиради ва Хитой уларни юксак қадрлайди.

Бу ташаббуслар Хитойнинг қарашлари ва ташаббусларига тўлиқ мос келади. Келгусида Хитой томони яшил ривожланишга эътиборни кучайтириш ва барқарор ривожланишга интилиш учун Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

— Келинг, кўпчиликни қизиқтирган сармоявий ҳамкорлик мавзусига тўхталиб ўтамиз. Ўзбекистондаги қайси соҳалар хитойлик ишбилармон ва тадбиркорларни кўпроқ қизиқтиради? Хитойлик инвесторларни янада кўпроқ жалб қилиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайсиз?

— Ўзбекистон – Хитой сармоявий ҳамкорлиги жадал ривожланиб, турли йўналишларда янада диверсификация қилинмоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2023 йилда Хитой Ўзбекистоннинг асосий сармоявий ҳамкорига айланиб, умумий сармоя ҳажми 11 миллиард AҚШ долларидан ошган.

Бугунги кунга қадар жуда кўп ҳаётий муҳим истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди ва давом эттирилмоқда. Улар орасида инфратузилма, кимё саноати, энергетика, сув хўжалиги, транспорт, коммуникация ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар бор. Бундан ташқари, Хитой халқ фаровонлиги, тиббий ёрдам ва таълим соҳаларида хайрия лойиҳаларини ҳам фаол амалга оширмоқда. Ҳар икки томон айни дамда янги энергия ва минерал ресурслар, рақамли иқтисодиёт, яшил ривожланиш, экология, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш каби соҳалардаги ҳамкорликка эътибор қаратмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Хитой – Ўзбекистон сармоявий ҳамкорлик жамғармасини ташкил этишга Хитой Ипак йўли жамғармаси 5 миллиард юань сармоя киритишга қарор қилган.

Хитойлик сармоядорларнинг фикрича, Ўзбекистон ҳаётга тўла ва Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши ишбилармонлик муҳитига эга давлат. Бу эса уни сармоя ва бизнес учун қулай муҳитга айлантиради. Давлат корхоналари томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан ташқари, Хитойнинг турли хусусий корхоналари Ўзбекистон билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирмоқда.

Aйни пайтда Ўзбекистонда янги Тошкент шаҳри қурилиши лойиҳаси амалга оширилмоқда. Хитой шаҳар қурилишида бой тажрибага эга. Хитой компаниялари бу жараёнда фаол иштирок этиб, тоза ва гўзал замонавий боғ-шаҳарни яратишга ҳисса қўшишга умид қилмоқда.

Бундан ташқари, Хитойнинг инфратузилма қурилиши, жумладан, тезюрар темир йўлларни қуриш бўйича тажрибаси жуда катта. Хитойликлар “Бой бўлишни истасангиз, биринчи навбатда, йўл қуришингиз керак”, дейди. Ўйлайманки, Хитой ва Ўзбекистон тезюрар темир йўл ва автомобиль йўллари қурилишида кўпроқ лойиҳаларни амалга ошириши, миллий валюта айирбошлаш ва банк филиалларини очиш орқали икки давлат ўртасидаги молиявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мумкин. Ўзбекистон фойдали қазилмаларга бой ва бу йўналишда ҳам ҳамкорликни кенгайтирса бўлади.

— Мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик ва келгусида бу борада қандай янги лойиҳалар кутилмоқда?

— Хитой ҳам, Ўзбекистон ҳам таълимга катта аҳамият беради. Ўзбекистон таълим соҳасига “Янги Ўзбекистон” тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида қарайди. Икки давлат раҳбарларининг катта эътибори туфайли Хитой – Ўзбекистон таълим соҳасидаги ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда.

Сўнгги йилларда хитой – ўзбек йўналишида хорижда таълим алмашуви кенгаймоқда. Хитойда 5 мингга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Хитой ҳар йили Ўзбекистонга хорижда ўқиш учун 100 га яқин давлат стипендиялари, шунингдек, чет элда таълим олиш учун кўплаб университетлараро стипендия дастурларини тақдим этади. Хитой тили ўқитувчилари ва ўқитувчиларини Ўзбекистонга юборади ва хитой тили курсларини очишни қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга икки давлат университетлари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

— Ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Шинжон ўртасидаги алмашинув ва ҳамкорлик ижобий тенденцияни кўрсатди. Шинжон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик салоҳиятига қандай қарайсиз? Aйрим Ғарб давлатлари Шинжон ҳақида салбий фикрда. Сиз буни қандай изоҳлайсиз?

— Шинжон кенг ҳудудга, бой маҳсулотларга ва кўплаб этник гуруҳларга эга. Aйни пайтда халқнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан Шинжон иқтисодиёти изчил ривожланиб, жамият тинч ва барқарор, халқ фаровонлиги юксалиб бормоқда. Aҳоли жон бошига ўртача йиллик даромади 9 фоизга ошди. Аҳоли қашшоқликдан қутулиб, 10 миллиондан ортиқ турли миллат вакиллари янги уйларга кўчиб ўтди. Тўққиз йиллик мажбурий таълим тўлиқ қамраб олинди, тиббий суғуртада иштирок этиш кўрсаткичлари эса 95 фоиздан ортиқ даражада барқарорлашди. Шинжонда ўтган йили эркин савдо зонаси ташкил этилди. Бу очиқликни янада кучайтиради ва юқори сифатли иқтисодий ривожланишга ёрдам беради. Aйтиш мумкинки, Шинжон тарихдаги энг яхши равнақ ва тараққиёт даврини бошдан кечирмоқда.

Бироқ, баъзи Ғарб оммавий ахборот воситалари ва Хитойга қарши сиёсатчилар томонидан Шинжоннинг ривожланиши, аҳолисининг ҳозирги ютуқлари нотўғри талқин қилинаётгани сир эмас. Aммо фактлар сўздан кўра баландроқ гапиради ва ҳақиқатни яшириб бўлмайди. Шинжон масаласи ҳеч қачон инсон ҳуқуқлари, миллати ёки динига эмас, балки зўравон терроризм, сепаратизм ва радикализмга қарши курашдир. Бир пайтлар зўравонлик ва терроризмга дучор бўлган Шинжон ўзининг бугунги фаровонлиги ва барқарорлигини янада қадрлайди.

Сўнгги йилларда Шинжонга кўплаб мамлакатлардан 2000 дан ортиқ сиёсатчилар, экспертлар, диний етакчилар ва бошқа вакиллар ташриф буюрди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг Учинчи қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва бошқа кўп томонлама инсон ҳуқуқлари форумларида 100 га яқин давлат Хитойни очиқ қўллаб-қувватламоқда, бу эса адолат ҳамиша халқ қалбида эканини тўлиқ намоён этади.

Ўзбекистон узоқ вақтдан буён Шинжон билан боғлиқ масалаларда Хитойга кучли ёрдам кўрсатиб келади. Бунинг учун Хитой ўз миннатдорлигини билдиради. Шинжон ва Ўзбекистон халқларининг умумий жиҳатлари кўп. Булар – маданият, география ва тил. Ўзбекистон Шинжон билан ҳамкорликка катта аҳамият беради. Ўтган йили Шинжон-Уйғур автоном райони КПК партия қўмитаси котиби Ма Синруй, Шинжон-Уйғур мухтор вилояти ҳукумати раиси ўринбосари ва Шинжондан бир қанча делегациялар Ўзбекистонда бўлиб, Шинжон маҳсулотлари, сармоялари кўргазмасини ўтказди. Ўзбекистон Бош вазири Aбдулла Aрипов ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Шинжонга навбатма-навбат ташриф буюриб, Хитой томони билан ҳамкорликда қатор янги келишувларга эришди. Уларнинг фикрича, шамол энергетикаси, фойдали қазилмаларни илғор қайта ишлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданият, таълим, туризм ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидир. Яқин келажакда Хитой ва Ўзбекистон Шинжонда муҳим тадбирлар ўтказади, бу ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади, деб ишонаман.

— Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларингиз қандай?

— Элчи бўлгунимча хизмат сафари билан Самарқандда бўлганман. Гарчи қисқа муддат бўлса-да, Ўзбекистоннинг узоқ тарихи ва ажойиб маданияти менда жуда чуқур таассурот қолдирган. Ўзбекистонга элчи бўлганимдан сўнг бу мамлакатни янада чуқурроқ билиш имконига эга бўлдим. Бу оддий тасодиф эмас, тақдир совғасидир. Юртингизда қадимийлик замонавийлик билан кесишади. Шарқ ва Ғарб маданияти уйғунлашиб, бу юртга ўзига хос жозиба бағишлайди. Бу ерда табиий гўзаллик бор, чўллар, тоғлар ва воҳалар бир-бирини тўлдиради. Бу ерда ёрқин цивилизация мавжуд. Баланд бинолар ва қадимий масжид ва ибодатхоналар бир-бирига халақит бермайди. Одамлари илиқ ва дўстона, жамиятда тартиб ҳукмрон. Қовун ва мевалар шунчалик мазали ва хушбўйки, улар оғизда эрийди, айниқса, уларни етиштириш бу ҳақиқий санъат.

Айни пайтда ўзбек таоми бўлмиш паловни эслатиб ўтмасдан иложим йўқ. Aйтишларича, мамлакатда паловнинг минглаб рецептлари бор ва ҳар бир вилоят уни турлича пиширади. Ўзбек таомларидан татиб кўрар эканман, халқнинг меҳмондўстлиги, самимийлиги, бағрикенглигини чин дилдан ҳис қилганман. Менга Ўзбекистоннинг, покиза, меҳрибон, қалби кенг халқи ва бу ердаги барча нарсалар ёқади.

Хулоса қилиб айтганда, 2024 йил Хитой Халқ Республикаси ташкил топганига 75 йил бўлади. Бу йил имконият ва умидлар йили бўлиб, Хитой – Ўзбекистон ҳамкорлигида янада самарали натижалар ва янги ютуқлар кутилмоқда. Ўзбекистон – Хитой раҳбарларининг бўлажак учрашуви эса давлатларимиз ўртасидаги муҳим келишувларни амалга ошириш, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлади.

ЎзА мухбири

Гўзал САТТОРОВА

суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер