Ёзёвонда экспортбоп маҳсулотлар учун 161 гектар ер ажратилди

17:28 03 Март 2025 Жамият
243 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ёзёвон тумани ҳокимлиги ташаббуси билан давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги «Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони тарғиботига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Юзма-юз мулоқотда Ёзёвон тумани ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, тумандаги қишлоқ хўжалиги, иқтисодий мажмуа раҳбар ва мутахассислари, фермерлар, тажрибали деҳқонлар ҳамда нуронийлар иштирок этди.

— Фармонга кўра, ер участкалари контурлар яхлитлиги ва суғориш тизимини бузмаган ҳолда 3 гектардан 50 гектаргача «E-auksion» савдо платформасида электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади, — дейди Ёзёвон тумани ҳокими Дилшоджон Жалилов. — Аукцион ғолиби дала четида (муҳофаза зонасидан ташқари) 20 сотихдан кўп бўлмаган, лекин ижарага берилган контур майдонининг бир фоизидан ошмаган қисмида енгил конструкцияли музлаткичли омборхоналар, саралаш ва қадоқлаш жойлари, сув тежовчи технологиялар, дала шийпони ҳамда техника парки сингари қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи объектларни жойлаштириши мумкин.

Электрон онлайн аукцион савдоларида яшаш жойи (юридик манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакли, бошқа ер участкаси бор ёки йўқлигидан қатъи назар, барча жисмоний ва юридик шахслар (резидентлар) ҳамда чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Айтиш жоиз, туманда ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида шу кунларда 161 гектар ер захирага чиқарилди. Эндиликда мазкур ер майдонлари талабгорларга экспортбоп сабзавот экинлари экиш, интенсив усулда мевали боғлар ташкил этиш учун ажратиб берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?