Ёзувчилик сирлари ҳақида ёзувчиларнинг фикри қандай?

20:02 13 Январь 2022 Маданият
1766 0

Марк ТВЕН

Адиб ёш ёзувчиларга кулгуга бой, шунингдек, бир қадар истеҳзоли маслаҳатлари билан машҳур бўлган:

“Асар ёзаётганда “кўп” эмас, “ҳаддан ортиқ” ёзинг. Чунончи, муҳаррирингиз ундаги сўзларни худди сиз хоҳлагандек алмаштира, қисқартира олсин.

Асарни ёзиш киришиш учун энг мақбул вақт — уни хаёлингизда ёзиб тугатган вақтингиздир. Унутмангки, шундагина сиз нимани назарда тутаётганингизни аниқ ва мантиқий тушуниб етасиз ҳамда оммага етказасиз.

Фикр ҳаммада бор. Лекин ўша фикрни бир неча саҳифада эмас, битта хатбошида ифодалаш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

“Аёл қичқирди”, деб ёзманг. Уни шундай аҳволга солингки, ўзи “дод”, деб юборсин.

Ёдда тутинг, буюк китоблар чиройли тилига қараб эмас, балки услуби ва моҳиятига қараб баҳоланади”.

Курт ВОННЕГУТ

Курт Воннегут “Багомбонинг тамакиси: тарқоқ ҳикоялар” асарида ёш ёзувчиларга ўз фикрларини қисқа ифода этиш борасида қизиқарли маслаҳатлар берган:

“Қайсидир ўқувчининг сиз учун айирган вақтини бекорга сарфламанг.

Ўқувчи тез ва осон англай олиши мумкин бўлган қаҳрамонларни яратинг.

Албатта, ҳикоянинг бошланиши охирига мантиқан мос келиши лозим.

Сизнинг ҳикоянгиз қаҳрамони асар аавлида дарҳол бирор нарса қилиши керак, дейлик бир стакан сув ичиши зарур. Бу орқали қаҳрамоннинг характерини кўрсатиш ёки ҳаракатини тасвирлаши кераклигини унутманг.

Қаҳрамонларингизга шафқатсиз муносабатда бўлинг. Ўқувчи уни яхши кўриши учун чорасиз ва умидсиз вазиятларга солинг.

Можаронинг сабабини сир сақлашга уринманг, барча маълумотларни дарҳол ошкор қилинг. Башарти, ошхонадаги зараркунандалар асарингизнинг охирги саҳифасини еб юборгудай бўлса, ўқувчининг ўзи ҳикояни эркин якунлай олсин”.

Френсис Скот ФИТСЖЕРАЛД

“Асар қаҳрамони ноодатий одам бўлсин, ана шунда сиз одатий тасвирни яратган ҳисобланасиз. Агар сиз одатий тасвирдан бошлаган бўлсангиз, билиб қўйингки, сиз ҳеч нарса яратмагансиз.

Асарни фақат бир киши ўқиши учун ёзаётгандек ёзинг. Чунки ҳаммага ёқишга урунсангиз, ёзган ҳикоянгизни ўлимга маҳкум қилган саналасиз”.

Чак ПАЛАНИК

“Жанг клуби” романи билан машҳур бўлган Чак Паланикнинг ёшларга маслаҳати эса қуйидагилардир:

“Ўқувчи сиз ўйлагандан кўра анча ақллироқ. Ҳикоянинг шакли ва вақти устида тажриба қилишдан қўрқманг. Шунингдек, ўқувчини ҳайратга солиш сиз ўйлагандан ҳам қийинроқ эканини эсдан чиқарманг.

Ёзаётганда воқеаларни шошилмай ёзинг, финални ҳам чўзманг. Сиз, кўпроқ, кейин нима бўлишини ўйланг. Ўқувчи эса бундан кейин содир бўладиган нарсани билиши шарт эмас. Аслида, агар айнан сиз буни билсангиз, улар нимани ўйлаётганини тасвирлаш жуда қийин бўлади.

Бир сўз билан айтганда, ўзингиз ўқишни истаётган китобни ёзинг...”

Раҳмат Бобожон, тўпловчи ва таржимон.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер