Ёзги трансферлар ойнасида 150 миллион евро сарфлаган «Реал Мадрид» бу йил чемпион бўла оладими?
Ўтган ҳафта Испанияда Ла Лига мусобақаси старт олди. Мадриднинг «Реал» жамоаси дастлабки турда «Осасуна» жамоаси устидан 1:0 ҳисобидаги ғалабага эришди.
Бугун Хаби Алонсо бошчилигидаги «Қироллик клуби»нинг ёзги трансферлар ойнасидаги ҳаракатлари ва бу йилги имкониятларини таҳлил қиламиз.
Кимлар жамоани тарк этди?
2025-йилги мавсум олдидан «Реал Мадрид» клубини қуйидаги футболчилар тарк этди:
• Лука Модрич — «Милан»га эркин агент сифатида ўтган;
• Лукас Васкес — Эркин агент сифатида жамоани тарк этди;
• Хесус Валлехо — «Альбасете Баломпиэ»га эркин агент сифатида кўчиб ўтди;
• Альваро Родригес — «Элче» клубига 2 миллион еврога сотилган;
• Марио Мартин — «Хетафе» жамоасига ижарага берилди;
• Рейниер — «Атлетико Минейро» жамоасига эркин агент мақомида ўтган.
Ёзги трансферлар ойнасида «Реал Мадрид» жиддий йўқотишларга учради, деб бўлмайди. Клуб асосан ёши ўтган ва жамоа ўйинидан «тушиб қолган» футболчилар билан хайрлашди. Марио Мартинни эса вақти келиб қайта олиш имконияти мавжуд.
Жамоага кимлар келди?
«Қаймоқранглилар» ёзда бир қатор ажойиб трансферларни амалга оширди:
• Дин Хуисен — «Борнмут» клубидан 62,5 миллион еврога сотиб олинди;
• Трент Александр-Арнолд — «Ливерпул» жамоасидан 10 миллион еврога трансфер қилинди;
• Франко Мастантуоно — «Ривер Плейт» жамоасидан 45 миллион еврога харид қилинди;
• Альваро Каррерас — «Бенфика» клубидан 50 миллион еврога трансфер қилинди.
Таъкидлаш керакки, жамоа ёзда асосан ҳимоя чизиғини тартибга солди. Келган футболчиларнинг 3 таси ҳимоя чизиғи вакили экани шундан далолат беради.
Трент Александр-Арнолднинг трансфери 10 миллион еврога тушди. «Transfermarkt» портали уни 75 миллион еврога баҳолаётган эди. Айни шу харид «Реал Мадрид» раҳбарларининг музокара қилиш қобилияти қанчалар яхши эканлигини кўрсатиб бера олади.
Янги футболчилар ҳақида
Альваро Каррерас (22 ёшда, испаниялик чап қанот ҳимоячиси)
Янгиланмоқдаган «Реал Мадрид»га айнан шу позицияда рақобат жуда керак эди. Бу ёзда бу муаммо муносиб тарзда тўлдирилди. Шунингдек, айни вақтда жамоанинг асосий чап қанот ҳимоячиси Ферлан Менди жароҳатидан тикланиш даврида. Айни шу кезлари Альварога ҳар қачонгидан-да кўпроқ ишонишмоқда.
Альваро Каррерас тезкор ва кучли спринтлари билан қанотдан ҳужумларни самарали қўллаб-қувватлай олади. У техник жиҳатдан анча етук футболчи бўлиб, тўпни хотиржамлик билан бошқара олади.
Ҳимояда рақибни тўғри позиция билан тўсиб қўйиш қобилияти кучли шаклланган. Бу жиҳатда у «Реал Мадрид» афсонаси Марселони эслатади. Бир қарашда ҳужумчи сифатида ҳам фойдали бўладиган даражада ҳужумга қўшила олади.
У жуда интизомли футболчи бўлиб, мураббий кўрсатмаларига аниқ амал қилади. Тўп узатиш аниқлиги юқори, ҳужумни тезда ривожлантиришга ёрдам беради.
Бир қарашда ёш бўлса-да, ўйинда катта тажриба тўплаган. Жуда чидамли бўлиб, 90 дақиқа давомида юқори темпни сақлай олади. Рақибнинг юқори прессинги вақтида ҳам тўпни сақлаб қолганига кўп бор гувоҳ бўлганмиз.
Альваро бирга ўйнаётган жамоадошларига майдонда доимо ёрдам беришга ҳаракат қилади. У ҳам чап қанотда, ҳам марказда ўйнаш қобилиятига эга – универсаллиги билан ажралиб туради.
Альваро Каррерас «Реал Мадрид»га янги энергия, рақобат ва ҳимояда барқарорлик олиб кириши мумкин.
Дин Хуисен (20 ёшда, испаниялик марказий ҳимоячи)
Ёш футболчилар билан шартнома имзолашдан қўрқмайдиган «Реал Мадрид» бу гал ҳам ёш футболчи учун катта маблағ тўлашга рози бўлди. 19 ёшида АПЛда ёрқин ўйнаган Дин Хуисен 62,5 миллион еврога сотиб олинди. Албатта, унинг трансферини келажакка инвестиция деб баҳолаш ҳам тўғри бўлади.
Аммо ўтган вақт ичида «Қироллик клуби» унга ишонаётгани ва ҳатто Рюдигер, Милитао ҳамда Алаба каби ҳимоячиларидан воз кечишга ҳам тайёрлиги ҳақида хабарлар чиқди. Яқин вақт ичида Хуисен янги жамоасининг асосий ҳимоячисига айлана оладими, деган саволга ҳам аниқ жавоб пайдо бўлса ажаб эмас.
Ҳимоядаги барқарорлиги
Ҳуйсеннинг асосий устунликларидан бири – ўйинни олдиндан сезиш қобилияти. У рақиб ҳужумчисининг қадамини тўғри тахмин қилиб, тўпни тоза услубда тортиб олишни билади. Ёш бўлишига қарамай, прессингга бардош бера олиши уни ҳимояда ишончли футболчига айлантиради.
Бўйи баланд бўлгани сабабли, Ҳуйсен бош билан ўйнашда жамоаси учун катта ёрдамчи бўла олади. У нафаќат ўз жарима майдонида хавфни бартараф этади, балки стандарт вазиятларда ҳужумга қўшилиб, голлар уришга ҳам қодир.
Замонавий футбол марказий ҳимоячидан нафаќат кучли мудофаа, балки ҳужумни бошлашни ҳам талаб қилади. Ҳуйсен бу борада яхши кўникмага эга – тўпни оёқда ушлаб туриш, қисқа ва узоқ пасларни аниқ бериш орқали ҳужумларни шакллантиришда фаол иштирок этади.
У мураббий кўрсатмаларига тез мослаша олади. Кўп ҳолларда орқа чизиқда “сўнгги таянч нуқта” бўлиб, жамоадошларини жойлаштиришга ҳам эътибор қаратгани унинг етакчилик фазилатлари шаклланаётганидан далолат.
Трент Александр-Арнолд (26 ёшда, англиялик ўнг қанот ҳимоячиси)
Трент ёзги трансферлар ойнасида амалга оширилган энг зўр трансфер бўлди, деса муболаға эмас. Сабаби – унинг салоҳиятидаги футболчини 10 миллион евро эвазига олиш катта ютуқ ҳисобланади.
У майдоннинг исталган нуқтасидан аниқ диагонал пас бера олади. Бурчак ва жарима зарбаларини юқори аниқлик билан ижро этади. Айниқса, қанотдан узатган баланд тўплари ҳужумчилар учун хавфли.
Ҳужумда бўш зонага тезкор узатма бериши ва тўп билан олдинга чиқиб, рақибни бирга-бир вазиятда енгиши унинг кучли жиҳатлари.
Трент ҳимояда ҳам доимий равишда тўғри жойлашишга ҳаракат қилади ва рақиб босимида ҳам тўпни йўқотмасликка интилади. Қанот ҳимоячиси бўлса-да, кўпинча ярим ҳимоячи каби ўйинни ташкил этишда иштирок этади. У 90 дақиқа давомида юқори темпда ўйнай олади.
Ҳимояда эса керакли вақтда рақибдан тўпни тортгани ва қабул қилган тўпни қайта ишлаб олиш аниқлиги юқори. Шу жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда Александр-Арнолдда дриблинг, узатмалар аниқлиги, тезкор қарор қабул қилиш ва бошқа қатор фазилатлар яхши ривожланганини кўриш мумкин.
Франко Мастантуоно (18 ёшда, аргентиналик ҳужумкор ярим ҳимоячи)
Сўнгги йилларда “Реал Мадрид” трансфер бозорида ўзига хос сиёсат олиб бормоқда: клуб нафаќат ҳозирги замон юлдузларига, балки келажак учун энг истеъдодли футболчиларга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Бу йўналишнинг ёрқин мисоллари – Винисиус Жуниор, Родриго, Камавинга, Чуамени, Арда Гулер ва тез орада улар қаторига қўшилиши кутилган Эндрик. Энди эса бу рўйхатга аргентиналик 18 ёшли супер истеъдод – Франко Мастантуоно қўшилди.
“Реал Мадрид” ўзининг сўнгги трансфер стратегиясида икки йўлни уйғунлаштирмоқда: бир томондан, ҳозирги вақт учун тайёр юлдузлар (масалан, Беллингем), иккинчи томондан эса келажак учун ёш талантлар (Эндрик, Арда Гулер). Мастантуоно трансфери ҳам айнан иккинчи тоифага киради.
Бу стратегиянинг мақсади – келгуси 5–10 йил ичида “Қироллик клуби”ни нафаќат Европа, балки жаҳон футболида ҳам устун мавқега олиб чиқиш. Мастантуоно каби футболчилар билан “Реал Мадрид” узоқ муддатда барқарорлик ва узлуксиз авлод алмашинуви тизимини йўлга қўймоқда.
Мастантуоно – ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида кўпроқ майдон марказида ва ҳужум орқасида фаолият юритади. Унинг ўйини бир нечта асосий жиҳатлари билан ажралиб туради:
• Техника – тўпни қабул қилиш ва сақлашда юқори маҳорат;
• Креативлик – ҳужум қуришда ноодатий пас ва ечим топиш қобилияти;
• Дриблинг – рақибни бирга-бир ҳолатларда ишонч билан енгиши;
• Мослашувчанлик – ҳужумчи ортида ҳам, қанотда ҳам ўйнай олиши.
“Реал Мадрид”нинг бу йилги имкониятлари
Қисқа қилиб айтганда, “Реал Мадрид” бу йил ўзи қатнашадиган барча мусобақаларда чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади. Клубга келган янги футболчилар жамоа ўйинига мослаша олса, ижобий натижалар ҳам узоқ куттирмайди.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг