Ёзги оромгоҳ — энг завқли даргоҳ

15:39 17 Июнь 2022 Маданият
1609 0

Фото: Иллюстратив фото

Мактабларда ўқув йили тугаб, ўқувчилар ёзги таътилга йўл олишди. Таътильда кимдир оромгоҳларда ҳордиқ чиқарса, кимдир ўқув марказларда тил ўрганади, яна кимлардир эса қариндош, бобо-бувилариникида дам олишади. Янги дўстлар орттиради, билим ва кўникмасини оширади. Айниқса, болаларнинг бу манзарадан роҳатланишини, бу ердаги шароитларни кўриб яна беғубор болаликка қайтишни орзу қилади киши. Ёзги оромгоҳлар одатда шаҳар чеккасида, экологик тоза ҳудудларда жойлашгани болалар саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Бу муассасалар дам олиш маскани вазифасини ўтасада, у ерда ўтказиладиган тадбирлар, таълим-тарбия жараёнлари ёш авлоднинг дунёқарашини бойитишга, ижодий қобилиятларини шакллантиришга, уларни ҳар томонлама камол топишига кўмаклашувчи тарбия манбаи бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари бу ерда болажонлар кун тартибига риоя қилиши билан бирга бошқа болалар билан дўстлашиши, яъни ижтимоийлашув кўникмаларини ривожлантира олиши мумкин.

Бугунги кунда барча болалар оромгоҳларида моддий-техник базани мустаҳкамлаш, шарт-шароитларни янада яхшилаш ва соғломлаштириш ишлари самарасини ошириш борасида Халқ таълими вазирлиги томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ижтимоий ҳимояталаб, кам таъминланган оилалар, меҳрибонлик уйлари ва мактаб-интернатлари тарбияланувчилари оромгоҳларда бепул дам олишмоқда.

Аммо фарзандини оромгоҳга юбориш имкони бўлмаган ота-оналар учун Халқ таълими вазири томонидан ёз мавсуми давомида мактабларда бепул «Ёзги соғломлаштириш майдончаси» ташкил этилди. Маълумотларга кўра, жорий йилда 926 та таълим муассасаларида соғломлаштириш майдончалари ташкил этилади ва уларда 148 490 нафар болалар дам олиш имконига эга бўлишади. Соғломлаштириш майдончаларида ўқувчиларнинг ёзги таътилини мароқли ташкил этиш учун 9 260 нафар меҳнат таътилига чиқмаган педагог ва ходимлар жалб қилинади ҳамда бу майдончаларда компьютер ўйинлари, тасвирий санъат, ментал арифметика каби бир қатор тўгараклар йўлга қўйилади. Бундан ташқари кинозаллар ташкил этилиб, болаларга мўлжалланган қизиқарли кино ва мультфильмлар намойиш этилиши ҳам режалаштирилган.

Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги 9 мактабда ҳам кундузги соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилмоқда. Ушбу соғломлаштириш оромгоҳи ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган бўлиб, 10 кун давомида фаолият олиб боради.

Ушбу оромгоҳни ташкиллаштиришдан аввал мактаб маъмурияти ўқувчилар орасида сўровнома ўтказган. Ушбу сўровномада барча ўқувчилар қатнашиб, ёзги таътилни қаерда ўтказишни белгилашган. Ўқувчиларнинг аксарият қисми дам олиш чоғида оила бағрида бўлишини инобатга олган ҳолда мактабда улар учун кундузги соғломлаштириш майдончаси ташкил этиляпти.

— Ушбу соғломлаштириш майдончаси 5, 7 синф ўқувчиларига мўлжалланган бўлиб, унда ўқувчилар ўзлари қизиққан турли хил фан ва ижодий тўгаракларга қатнашиши мумкин бўлади, — дейди мактаб директори ўринбосари Актам Исаев. — Албатта булар орасида Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси ичида бўлган компьютер саводхонлигини оширишга қаратилган «Ёш дастурчилар» тўгарагини очиш ҳам режага киритилган.

Кундузги соғломлаштириш оромгоҳининг кундалик режаси билан танишадиган бўлсак, болалар 8.30 да келиб, ушбу даргоҳда 12.30 гача бўлишади. Бу вақт оралиғида улар гуруҳларнинг режа асосидаги иши, фойдали меҳнат, турли тўгараклар, спорт мусобақалари, маданий тадбирлар билан машғул бўлишади.

— Мактабимизда бу йил ҳам соғломлаштириш оромгоҳининг очилаётганини эшитишим билан қувониб кетдим, — дейди оромгоҳга келишни мақсад қилган Сардорбек Абдуллаев. — Ўзим ва тенгқурларим билан очилаётган оромгоҳдаги «Тилшунослар тўгараги»га қатнашмоқчимиз. Бундан ташқари компьютер саводхонлигини оширишга қаратилган «Ёш дастурчилар» жамоаси аъзоси бўлиш истагидамиз.

Мазкур оромгоҳда болалар сонига қараб 20 тадан гуруҳларга бўлинади. Ҳар бир гуруҳга биттадан тарбиячи бириктирилади. Гуруҳлар ўзлари келишган ҳолда гуруҳ номи ва шиорини танлашади. Оромгоҳнинг яқин кунларда очилиши кутилмоқда.

Мафтуна УЗОҚОВА, ЎзДЖТУ талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер