Ёз неъматлари — қиш дастурхонига

18:19 05 Декабрь 2023 Жамият
175 0

Фото: Ж. Боймуродов

Қашқадарё вилоятида ҳар йили пишиқчилик мавсумида 170 минг тоннага яқин мева, 100 минг тоннадан ортиқ узум, 180 минг тонна атрофида картошка ҳамда 520 минг тонна атрофида турли сабзавот маҳсулотлари етиштирилади.

Албатта, ёз ва куз ойларида саранжомлаб олинган ушбу неъматларнинг бир қисмини узоқ вақт давомида сифатли сақлаш қиш ва баҳор фаслларида бозорларимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблигини таъминлаш, қолаверса, ички истеъмолдан ортган маҳсулотни экспортга йўналтириш қамровини оширишда устувор аҳамият касб этади.

Китоб туманида фаолият юритаётган “Тагоб мевалари нур” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари ҳам 2018-йилда 1300 тонна сиғимга эга йирик совиткичли сиғимни ишга туширган эди. Бугунги кунда бу жамият тасарруфидаги боғларда етиштирилган меваларини сифатли сақлаб, қиш ва баҳор ойлари давомида бозорга чиқариш имконини бермоқда.

— Корхонамизнинг асосий фаолияти боғдорчиликка ихтисослашган, — дейди жамият иш бошқарувчиси Абдукарим Муҳаммадиев. — Бугунги кунда 26 гектар боғимиз бор. Шунинг 10 гектарида маҳаллий, 16 гектари интенсив усулидаги ярим пакана олма ва нок дарахтларини парваришлаяпмиз. Боғимиз тўлиқ ҳосилга кирган. Етиштирилган маҳсулотнинг бир қисмини пишиқчилик мавсумининг ўзида бозорга чиқарсак, қолганини саралаб, қиш ва баҳор ойлари давомида сотамиз. Бунда бизга ўз вақтида мазкур совуткичли сиғимни ишга туширганимиз қўл келяпти.

Абдукарим Муҳаммадиевнинг қўшимча қилишича, хўжаликда ҳосилни узоқ вақт давомида сифатли сақлаб, пешма-пеш равишда бозорга чиқариш олинадиган даромадни бир неча маротаба ошириш имконини бермоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?