Ёвуз бало. Бундан халос бўлмагунча жамиятнинг ҳеч бир тармоғи ривожланмайди
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир чиқиши, хусусан, мамлакат ҳаёти учун стратегик аҳамият касб этувчи маъруза ҳамда мурожаатлари нафақат халқимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти томонидан ҳам катта қизиқиш ва хайрихоҳлик билан кутиб олинмоқда.
Янги шаклланган Олий Мажлисга йўлланган дастлабки Мурожаатнома ҳам бундан мустасно эмас. Нуфузли маҳаллий ҳамда хорижий экспертларнинг якдил хулосасига кўра, Президентимиз Мурожаатномаси Ўзбекистоннинг жорий йил ва яқин истиқболдаги тараққиётини белгилаб берувчи стратегик, айни пайтда фундаментал асосга эга ҳужжатдир.
Мурожаатнома тимсолида юртимиздаги ислоҳотлар моҳияти, яқин йиллардаги қиёфасини, халқимиз ҳаёти осуда ва фаровон кечишини яққол кўриш мумкин. Қисқача айтганда, ушбу муҳим дастурий ҳужжатда белгилаб берилган улкан марралар шунчаки эзгу ният ёки хоҳиш-истак эмас.
Аксинча, ундаги ҳар бир вазифа ижро механизми, бунинг учун масъуллар, муддатлар, молиявий манбалари билан уйғун ҳолда баён этилгани диққатга сазовордир. Энг муҳими, ҳужжатда, аввало, инсон ва унинг манфаатлари устуворлик касб этган. Яъни “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилга мувофиқ, барча ресурс ва имкониятлар халқ манфаатлари йўлида сафарбар этилиши қатъий таъкидланди. Фуқароларимиз бундай янги ва оқилона сиёсатни якдиллик билан қўллаб-қувватлашмоқда.
Зотан, адолат тантанаси ва қонун устуворлигини ўзи учун асосий шиорга айлантирган давлат фуқароларидаги сиёсатга ишонч, Ватанга муҳаббат ҳамда садоқат туйғулари мустаҳкам бўлиши ҳаммага маълум.
Адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш — асосий мақсад
Соҳибқирон Амир Темур Оқсарой пештоқига “Адолат — давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир” деган ҳикматли сўзларни ёздиргани ҳам бежиз эмас. У ана шу ғоя асосида миллатни энг эзгу ва улуғвор мақсадлар йўлида бирлаштиргани ҳамда сафарбар этолгани ҳам тарихдан аён.
Янги Ўзбекистоннинг янгиланган сиёсати ҳам айнан инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш каби юксак ғояларга таянмоқда.
Бироқ ушбу йўлдаги ислоҳотлар натижадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган, тараққиётга тўсиқ бўлаётган бир қатор омилу иллатлар ҳанузгача сақланиб қолаётгани ташвишланарли, албатта. Ҳеч шубҳасиз, улардан бири ва энг хавфлиси — коррупциядир. Мазкур иллат, аввало, халқимизнинг давлат ҳамда ислоҳотларга ишончини сўндириши, жамиятда норозилик кайфиятини кучайтириши билан ҳам ғоят хатарлидир.
Шу боис, истиқлол йилларида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича кўплаб ишлар олиб борилди. Ўзбекистоннинг 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенциясига ва бошқа халқаро ҳужжатларга қўшилгани бу борада амалга оширилган биринчи қадам бўлди.
Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва алоҳида Давлат дастурида эса навбатдаги вазифалар белгилаб олинди. Қонунда илк бор коррупция ҳамда манфаатлар тўқнашуви тушунчаларига таъриф берилди. Ушбу ҳужжатда коррупцияга қарши курашиш бўйича ваколатли органлар ва уларнинг мақоми аниқ белгилаб қўйилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш учун Бош прокурор раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзининг туб моҳияти билан айнан коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Унда барча соҳада коррупцияга барҳам бериш, унинг илдиз отишига шароит яратаётган сабабларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар баён қилинди.
Ўтган йилда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан 2019 — 2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича иккинчи Давлат дастури тасдиқланди.
Янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги сиёсати
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ушбу иллатга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилганлигини алоҳида эътироф этиш зарур.
Биринчидан, давлат хизмати тизими, унинг мақсадлари ва вазифалари тубдан такомиллаштирилиб, Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқланди. Давлат органлари ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилиниши, моддий таъминоти ва рағбатлантирилишини кучайтиришга қаратилган чоралар кўрилди. Хусусан, охирги уч йилда давлат хизматчиларининг иш ҳақи ўртача қарийб 60 фоиз, айрим соҳаларда эса, бир неча баробар оширилди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларига асосан барча вазирлик ҳамда идораларда одоб-ахлоқ меъёрлари тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Меритократия ва очиқ танловлар асосида давлат фуқаролик хизматининг “карьера модели”ни жорий этиш ишлари бошланди.
Иккинчидан, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш йўлидаги бюрократик тўсиқлар ва коррупциоген ҳолатларни бартараф этишга қаратилган мақсадли чоралар кўрилди. Давлат органларининг назорат-текширув вазифалари мақбуллаштирилди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тизими такомиллаштирилди. Улар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик мақсадида Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти жорий қилинди.
Савдо-саноат палатаси, давлат активларини бошқариш тизимлари ҳам тубдан такомиллаштирилди. Давлат харидларининг мутлақо янги механизми йўлга қўйилиб, соҳада ошкоралик, шаффофликни таъминлаш, пировардида коррупциянинг олдини олиш мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш мақсадида жорий йилда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалга киритилди. Унга мувофиқ, солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш бўйича енгиллаштирилган механизм жорий этилди.
2019 йилда бюджет маълумотларининг очиқлигини янада ошириш мақсадида бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги тартиби белгиланиб, илк бор Давлат бюджети Қонун тарзида қабул қилинди.
Учинчидан, давлат хизматларини тақдим этиш ва маъмурий таомилларни тартибга солишнинг ҳуқуқий ҳамда институционал асослари такомиллаштирилди. Жумладан, маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш ҳамда лицензияга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш, уларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида барча ҳудудларда 201 та давлат хизматлари маркази очилди.
Ҳозиргача ушбу марказлар томонидан аҳолига 120 та давлат хизматлари кўрсатиб келинаётган бўлса, 2020 йилдан бу кўрсаткични 160 тадан ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ўтган йил 9 декабрда Президентимизнинг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, жорий йилдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 11 турдаги ваколати тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 5 турдаги ваколати чиқариб ташланди.
Тўртинчидан, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсадлардан бири — соҳада коррупцияга барҳам бериш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ушбу иллатга қарши курашиш соҳасидаги мақсад ҳамда вазифалари аниқлаштирилди. “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Шунингдек, чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш, унинг нуфузини ошириш ҳамда судьялар мустақиллигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди, судьяларни танлаш, тайинлаш тизими тубдан такомиллаштирилди.
Суд тизимида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича Судьялар олий кенгаши ва Олий суд томонидан суд тизимида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Бешинчидан, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган халқчил тамойил асосида барча поғонадаги мансабдор ҳамда масъулларнинг одамлар орасига кириб бориш, уларнинг муаммоларини уйма-уй юриб ўрганиш ва ҳал этиш тизимининг жорий этилгани коррупцияга қарши курашишда ўз самараларини бера бошлади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхона ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг “Ишонч телефонлари” жорий қилинди.
Олтинчидан, жамиятда парламентнинг, ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг мавқеи кучайтирилиб, уларга давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича кенг ваколатлар берилди.
Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилгани ушбу соҳада самарали парламент назоратини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашлари таркибида коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди.
Юқори ва қуйи палаталар томонидан “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қўшма қарор қабул қилингани ҳам айни муддао бўлди.
Еттинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Муҳими, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф қилишга қаратилган ўттизга яқин қонун, Президент ва Ҳукуматнинг юзга яқин қарорлари қабул қилинди.
Маҳаллий экспертлар, қолаверса, халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётганидек, бундай чоралар қисқа муддатда ўз натижаларини кўрсатмоқда. Жумладан, “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2019 йил бўйича эълон қилинган “Коррупцияни қабул қилиш индекси” рейтингида Ўзбекистон 5 ўрин юқорига кўтарилди.
Дунёдаги нуфузли нашрлардан бири — “The Economist” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат — “Йил мамлакати” деб эътироф этди.
Жамоатчиликнинг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабати шаклланиши зарур
Айтиш жоизки, айни пайтда коррупцияга қарши курашиш борасида қўлга киритилган ютуқлар ўзимизники. Аммо ҳали олдимизда қилишимиз зарур бўлган ишлар кўп.
Жумладан, 2017 — 2019 йиллар давомида 6127 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилингани ҳам коррупцияга қарши курашиш аҳволи бугунги кун талабига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда. Сир эмас, биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кучи билангина ушбу иллатга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда ижобий натижаларга эришиб бўлмайди. Аввало, кенг жамоатчиликнинг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабати шаклланиши зарур.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил этолмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак.
Албатта, бу машаққатли, бироқ амалга ошириш мумкин ва шарт бўлган вазифадир. Бинобарин, 2019 йилда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг 86,6 фоизи коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашларини билдиришган. Демак, жамоатчилик коррупцияга қарши курашда давлат органларига кўмаклашишга тайёр. Бинобарин, прокуратура органлари учун Мурожаатномадан келиб чиқадиган устувор вазифалардан бири ҳам — сўзсиз, коррупция иллатига қарши кураш самарадорлигини оширишдир.
Юқорида қайд этилганидек, кейинги уч йил давомида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва ғоялари, амалий саъй-ҳаракатлари натижасида бу иллатни таг-томири билан йўқ қилиш борасида катта қадам қўйилди.
Бироқ, тан олиш керакки, шунча шароит ва имкониятларга қарамасдан, жамиятнинг бу балодан тамомила халос бўлишига эришилмаяпти. Айниқса, баъзи соҳа ва тармоқларда коррупцияга қарши қўлланилаётган ва шу тизимларнинг юқори идоралари томонидан белгиланган чора-тадбирлар кутилган натижани бермаяпти.
Яқинда Бош прокуратура томонидан соғлиқни сақлаш, олий таълим тизимларидаги, шунингдек, ердан фойдаланишдаги коррупция ҳолатлари таҳлилига бағишлаб тадбирлар ўтказилди. Биз ушбу йўналишлардаги коррупциявий ҳолатларни аниқ таҳлиллар, факт ва рақамлар асосида муҳокама қилдик, масъулларга, хусусан, прокуратура органларига давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббусларидан келиб чиқиб қўшимча равишда тегишли кўрсатмалар бердик.
Тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди
Рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали инсон омилини камайтириш коррупцияни йўқотишда катта самара беради. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди.
Бу, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзида коррупцияга барҳам беришнинг энг муҳим омилларидандир. Айни пайтда парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш ташаббуси давлат бошқарувидаги тарихимизнинг янги саҳифасига асос солди.
Зеро, жаҳоннинг кўплаб барқарор ва тараққий этган мамлакатларида ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида органлар давлат ва жамият равнақига катта ҳисса қўшмоқда.
Қисқаси, давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномаси барча йўналишлар қаторида, коррупцияга буткул чек қўйишнинг янги истиқболларини очиб берди. Ушбу тарихий имкониятдан оқилона фойдаланиб, давлат ҳамда жамият равнақига ҳисса қўшиш бахтига, пировардида халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлишига эришиш барчамизнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларимиз, шижоат ва фидойилигимизга боғлиқдир.
Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг