Ёшларнинг «яшил» ташаббуслари бутунжаҳон экофаоллари эътиборида
Раҳматжон БОБОЖОНОВ/«Халқ сўзи». Экология ҳимоясига оид ташаббуслар, хусусан, ёшларнинг фикр ва таклифларини қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг ушбу йўналишдаги бир қатор муаммоларига ечим топишда яқиндан кўмаклашиши билан алоҳида диққатга сазовор. Боиси табиатни муҳофаза қилиш инсон саломатлиги, эртанги куни, соғлом келажаги учун бевосита таъсир кўрсатади. Шу маънода, мамлакатимизда 2025 йил — Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили дея эълон қилингани бежиз эмас.
Ушбу йўналишда кўплаб давлат ташкилот ва идоралари қаторида Ёшлар ишлари агентлиги ҳам халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон делегацияси Америка Қўшма Штатларига бориб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёшлар форумида иштирок этганди. Форум доирасида БМТ Ёшлар офиси раҳбари Фелипе Пауллиер билан учрашув ўтказилиб, у Оролбўйи минтақасида бўлиб ўтган Рақамли «яшил» ташаббуслар Глобал ёшлар фестивалида иштирок этишини маълум қилганди. Айни кунларда Фелипе Пауллиер мамлакатимизда бир қатор учрашувларда иштирок этмоқда. Хусусан, куни кеча Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Маҳл билан учрашувда мамлакатимиздаги ёшлар етакчилари тизими, ёшларга доир ислоҳотларни халқаро майдонга олиб чиқиш, хусусан, БМТнинг бошқа тузилмалари орқали Ўзбекистон тажрибасини глобал миқёсда ёйиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Умуман олганда, бундай учрашувлар нафақат ёшларнинг ташаббуслари амалга ошишига кўмак бериши, балки халқаро алоқалар ривожланишига ҳам кенг имконият яратиши билан аҳамиятлидир.
Табиатга эътибор — саломатликка эътибор
Бир қатор тадбирлар доирасида Тошкент шаҳрида Халқаро иқлим куни муносабати билан илк бор «Рақамли яшил ташаббуслар» Глобал ёшлар фестивалига старт берилди. Мазкур нуфузли форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, у 2024 йилда Озарбайжонда бўлиб ўтган COP29 — БМТ Иқлим ўзгаришлари конференциясида эълон қилинганди.
Мазкур халқаро тадбир пойтахтимизда жойлашган Япон боғида эко-кўргазма ва экологик лойиҳалар тақдимоти билан бошланди. Унда ёшлар томонидан яратган бир қатор эко-ишланмалар ҳақида маълумот берилиб, улар нафақат энергияни тежаши, иш самарадорлиги ва сифатини ошириши, балки саломатликка ҳам фойдали экани таъкидланди. Бир сўз билан айтганда, ушбу тадбир экологик инновациялар лабораториясига айланди.
Анжуман давомида «Замин» фонди директори Зироатхон Мирзиёева билан биргаликда дарахт экиш маросимининг ўтказилиши эса ёшларда табиатга эътиборини янада кучайтирди, десак, муболаға эмас.

«Рақамли яшил ташаббуслар» Глобал ёшлар фестивали очилиш маросимида БМТ Ёшлар офиси раҳбари Фелипе Пауллиер, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев, Экология вазири Азиз Абдуҳакимов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, шунингдек, COP29 Ёшлар элчиси Лейла Ҳасанова ҳамда бошқа халқаро меҳмонлар иштирок этди.
БМТнинг Тараққиёт дастури, Ислом ҳамкорлиги ёшлар форуми, бир қатор халқаро экологик ташкилотлар, хорижий давлатлар ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ҳамда идоралари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестиваль доирасидаги тадбирлар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда Мўйноқ туманида бўлиб ўтди.
Ёшлар халқаро экофаоллар билан юзма-юз
Бутунжаҳон эко-фаоллари ва инноватор ёшларни бир мақсад остида бирлаштирган мазкур кенг кўламли тадбирдан кўзланган мақсад — ёшларнинг иқлим ўзгаришига оид билим ва кўникмаларини ошириш, уларни инновацион ечимлар орқали Оролбўйи минтақасини тиклашга жалб қилиш, рақамли технология ва сунъий интеллект орқали барқарор келажакни яратишга ундашдан иборат.
Бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши бутун дунёда долзарб муаммога айлангани ҳеч кимга сир эмас. Шу маънода, бу жараёнда ёшларнинг экологик онги, рақамли кўникмалари, замонавий ёндашуви ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашда фаол иштирокчи ва ташаббускор бўлиши муҳим аҳамият касб этади.
Яқинда ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари асосида Марказий Осиё, Венгрия, Озарбайжон ҳамда Туркия давлатлари ўртасида «Барқарор ривожланиш маданиятини тарғиб қилиш ва болалар ҳамда ёшларни иқлим масалалари бўйича кун тартибига жалб қилиш» бўйича халқаро стратегия имзоланганди.

Шундан сўнг, ушбу мамлакатлар ёш эко-фаоллари, Ёшлар, таълим, экология вазирлари, олимлар, тадбиркорлар, соҳа мутахассисларидан иборат халқаро Консультатив қўмита тузилиб, дунё ёш эко-фаолларини бирлаштирувчи рақамли платформа ишга туширилди, шунингдек, юртимизда Бутунжаҳон ёшлар офиси ўз фаолиятини бошлади.
Айни кунларда бўлиб ўтаётган фестиваль ҳам соҳадаги тизимли ишларнинг мантиқий давомидир. Унда 30 дан ортиқ мамлакатдан 100 га яқин хорижлик навқирон авлод вакиллари ва ёшлар ташкилотлари раҳбарлари иштирок этмоқда, шунингдек, жараёнларни барча ҳудудлардан келган ёшлар, соҳа мутахассислари, волонтёрлар ҳам кузатиб боришмоқда.
Ёшларнинг эко-инновациялари молиялаштириладими?
Фестиваль доирасидаги ялпи сессиялар давомида «Инновацион экологик ечимлар», «Орол денгизини асрашда ёшлар иштироки», «Ёшларнинг рақамли «яшил» ташаббуслари» каби долзарб мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, «Green Spark» стартаплар танлови, «Ёшлар ва иқлим» халқаро экологик лойиҳалар танлови, ёшлар учун COP форматида симуляцион мулоқот, кўргазма ва тақдимотлар ўтказилди.
— Тақдимот ва чиқишларни кузатиб менда жуда кўп умидлар пайдо бўлди, — дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужи. — Ўзбек ёшларининг экология бўйича танлов қилишдаги қарорлари табиат учун фойдали. Афсуски, Ўзбекистонда бир нечта экологик муаммолар мавжуд. Биз буни биргаликда олдини олишга ҳаракат қиляпмиз ва агар ҳозир ҳаракатни бошласак яқин келажакда табиат яна тикланади.

Фестиваль якунида ёшлар томонидан ишлаб чиқилган экологик лойиҳалар давлат идоралари ва инвесторларга тақдим этилиши, молиялаштириш учун таклифлар киритилиши режалаштирилган. Шунингдек, минтақадаги сув ресурсларини сақлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашга оид мурожаат эълон қилинади. Бу орқали эса ёшлар ўртасида иқлим муаммоларини ҳал этишда етакчилик салоҳияти, билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган глобал платформа яратилиши мақсад қилинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг