Ёшларга тадбиркорлик учун кредитлар ажратилди

12:08 06 Август 2024 Жамият
124 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилоятида ёшлар бандлигини таъминлашда деҳқончилик қилишлари учун ер майдонининг ажратиб берилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Балиқчи туманида 204 гектар ернинг 15 сотихдан ажратиб берилиши натижасида 1416 нафар ёшлар даромад манбаига эга бўлди.

— Ишсиз бўлганим боис маҳалла фаоллари томонидан 15 сотихли ер майдонига эга бўлдим, — дейди томорқачи Азизбек Исроилов. — Ҳозирча картошкадан 6 млн. сўм даромад олдим. Бўшаган ер майдонига мош экдим. Андижон вилоятида очиқ майдондаги ердан камида уч марта ҳосил олиш имкони мавжудлигини ҳисобга олсак, яхшигина даромад олиш имконига эгаман.

Ёшларнинг ер майдонидан унумли фойдаланиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Жумладан, ҳар бирига 38 млн. сўмгача бўлган миқдорда кредит маблағлари ажратиш йўлга қўйилди. Бу маблағ ҳисобига уруғ, минерал ўғит ва минитрактор сотиб олиш мумкин. Деҳқончилик сир-синоатларини ўрганишлари учун 95 нафар фермер ва тажрибали деҳқонлар бириктирилиб, улар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Бир сўз билан айтганда, бандлиги таъминланган ёшларга эндиликда даромадни ошириш сирлари ўргатилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?