«Ёшлар учун бир кун» шиори остида ўтказилган тадбирлар ёшларда катта таассурот қолдирди
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги 38-сонли умумтаълим мактабида «Беш муҳим ташаббус» лойиҳаси доирасида ёшлар маънавий камолоти ва жисмоний саломатлигига қаратилган бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
«Ёшлар учун бир кун» шиори остида ўтказилган тадбирлар дастури Найман маҳалласининг ёшлар етакчиси О. Рустамов ташаббуси билан ташкил этилган «Саломатлик учун 5000 қадам» марафони билан бошланди. Унда 200 нафардан ортиқ ёшлар, мактаб ўқитувчилари ва маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Эрталабки жамоавий ҳаракатлар кўтаринкилик бағишлаган тадбирнинг кейинги босқичида миллатимиз тарихи ва адабиётида ўчмас из қолдирган улуғ даҳолар — Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига бағишланган адабий-мусиқий дастур намойиш этилди. Иштирокчилар Навоий ва Бобур ғазаллари асосида тайёрланган концерт дастури сўнгида ёш шоир Жонтемир Жондор ижодидан намуналар тинглашди.
Тадбирга ташриф буюрган туман ҳокими М. Ҳамдамов бир гуруҳ иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантирди, туман газетасининг бош муҳаррири С. Қурбонов мактабда ташкил этилган ижодкор ёшлар гуруҳи аъзолари билан ижодий учрашув ўтказди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ўлмасбек Самарқандий эса йиғилганларга ўзининг Ватанга садоқат, юртга муҳаббат руҳидаги шеърларидан ўқиб берди.
— Мактабда ташкил этилган бу тадбир чинакам фестивалга айланиб кетди. — дейди у. — Ўқувчилар ўртасида ўтказилган «Меҳр дарахти» психологик ўйини, ҳаваскор рассомларнинг ижодий ишлари намойиши, спортчи ёшларнинг шахмат-шашка, волейбол, стол тенниси бўйича мусобақалари, «Заковат» билимдонлар беллашуви, назм ва наво дастури, «Шоир ҳафталиги» мушоира тадбири, ижодий учрашувлар — буларнинг барчасини бир кунда ўтказиш учун жуда катта шижоат керак, аслида. Дарҳақиқат, бу кун мактаб жамоаси учун ҳақиқий Ёшлар кунига айланди, десам муболаға бўлмайди.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири эса Республика ёш ижодкорлар Кенгаши томонидан мактаб кутубхонасига тақдим этилган бадиий китобларнинг топширилиши бўлди. Бу каби тадбирлар ёшларимизда Ватанимиз тарихига, буюк аждодларимиз меросига қизиқиш уйғотиши, маънавий ва жисмоний камолот сари етаклаши шубҳасиз.
Муҳайё ПИРНАФАСОВА,
Пахтачи туманидаги 38-умумтаълим мактабининг
ижодий маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг