“Ёшлар кутубхонаси” лойиҳасида чоп этилган китоблар барча таълим муассасаларига бепул тарқатилди

20:45 22 Август 2019 Маданият
2944 0

Китоб ўқиган ҳар қандай одамни зиёли деб биламан, деган экан машхур ёзувчилардан бири. Чиндан ҳам бу хислатга эга одамнинг нафақат сўзларида, балки амалларида ҳам эзгулик, нафислик ва ёруғлик уфуриб туради. Бу ҳақиқат “Kitob olami” мажмуасида бўлиб ўтган “Ёшлар кутубхонаси” лойиҳаси доирасида чоп этилган янги китобларнинг тақдимот маросимида яна бир бор ўз аксини топди, десак адашмаймиз.

Тақдимот маросимида шоир ва ёзувчилар, “Ёшлар нашриёт уйи” таҳририяти жамоаси, Ёшлар иттифоқи фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Чоп этилган китоблар орасидан ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, ўзбек мумтоз адабиётининг шоҳ асарлари ўрин олган. Хусусан, А.Қодирий, О. Ёқубов, Ғ. Ғулом, П. Қодиров, Ойбекнинг, шунингдек, Робиндранат Тагор, Иоганн Вольфганг Гёте, Стендал, Эрнест Хемингуэй, Антон Чехов, Паоло Коэльо, Нодар Думбадзе, Чингиз Айтматов каби жаҳон адабиёти намоёндаларининг сара асарлари нашр этилди. Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари инглиз тилида нашр юзини кўргани барчани бирдай шод этди.

Шу билан бирга, лойиҳа доирасида болалар адабётига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани тадбирда алоҳида эътироф этилди. Бу борада ўзбек халқ эртаклари, Анвар Обиджоннинг “Мешполвон жангга отланди”, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина Шаҳзода”, Жонатан Свифтнинг “Гулливернинг саргузаштлари” каби асарлари ҳам чоп этилгани эътироф этилди.

Тадбир давомида лойиҳага бағишланган ролик ҳамда илк маротаба 12 номдаги китобга ишланган трейлер намойиш этилди, китобхонликни тарғиб қилувчи қўшиқлар, шеърлар жаранг сочди. Айниқса, китобхонлик тарғиботига бағишланган викторина қизғин қарши олинди. Тақдимот маросими сўнггида меҳмонларга 12 номдаги китоблар жамланмаси совға сифатида тақдим қилинди.

Эслатиб ўтамиз, “Ёшлар нашриёт уйи” томонидан“Ёшлар кутубхонаси” рукни остида 47 номдаги китоб 10 минг нусхадан чоп этилиб, республикамиздаги барча таълим муассасаларига бепул тарқатилди.

Юлдуз ЎРМОНОВА,
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?