Ёш олимлар «Академик ҳаракатчанлик» дастури орқали қўллаб-қувватланмоқда

12:50 28 Март 2025 Жамият
49 0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги 222-сонли қарорига асосан, илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Академик ҳаракатчанлик» дастури йўлга қўйилган. Мазкур дастур Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ташкил этилиб, ёш олимларга вазирлик, идора ва ташкилотларга қарашли илмий муассасалар, замонавий лабораториялар ҳамда тажриба-конструкторлик бюроларидан бепул фойдаланиш имкониятини яратади.

Инновацион ривожланиш агентлиги Илм-фан ва таълим интеграцияси бошқармаси бошлиғи Асрор Норов бу борада шундай дейди:

«Бугунги кунда мамлакатимизда 30 мингга яқин изланувчи мавжуд. Уларнинг барчаси ушбу танлов имкониятларидан фойдаланиши лозим. Масалан, ёш тадқиқотчи илмий ишини бир ҳудудда олиб бораётган бўлсаю, зарур лаборатория асбоб-ускуналари бошқа ҳудудда жойлашган бўлса, бу тадқиқот жараёнини қийинлаштиради. Шу сабабли 40 ёшгача бўлган ёш олимлар учун кўпроқ имконият яратиш ҳамда илмий ишларнинг сифатини ошириш мақсадида «Академик ҳаракатчанлик» дастури жорий этилган. Бу дастур илмий изланиш олиб бораётган ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очади.»

Дастур қандай имкониятлар яратади?

«Академик ҳаракатчанлик» дастури ёш олимларга:

— Ўзбекистон ҳудудидаги етакчи илмий марказларда илмий тадбирларда иштирок этиш,

— Илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш,

— Замонавий лабораториялар ва илмий технологиялардан фойдаланиш,

— Илмий раҳбар топиш ва тажриба алмашиш имкониятини тақдим этади.

2025 йил 1 февраль – 31 февраль оралиғида ўтказилган танловга 125 та ариза келиб тушди. Махсус ишчи гуруҳ лойиҳаларни илмий-тадқиқот мавзусининг долзарблиги, мақсад ва вазифалари, кутилаётган натижалари каби мезонлар асосида баҳолади. Танлов натижаларига кўра, 16 та лойиҳа ғолиб деб топилди.

Дастур доирасида 9 та илмий ташкилотнинг замонавий лабораторияларидан 6 ойгача бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Бунинг учун Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ёш олимларга 1 миллиард 134 миллион 700 минг сўмлик сертификатлар топширилди.

Ғолиб тадқиқотчиларнинг фикрлари

Дилшода Турсунова, Тошкент кимё-технология институти 1-курс таянч докторанти:

«Лойиҳам қаттиқ чиқиндилар асосида фотокаталитик материаллар яратиш ва оқава сувларини тозалашга қаратилган. Ушбу танлов илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Илмий-тадқиқот ишларимизни янада ривожлантиришга, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқишимизга катта туртки бўлади.»

Шоҳимардон Икромов, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялари университети мустақил тадқиқотчиси:

«Кремний моддаси ўсимликларнинг ҳужайра қобиғини мустаҳкамлайди ва иммунитетини оширади. Тадқиқотларимиз шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда ўсимликларда паразитлар ва турли касалликлар кўпайган. Бу Сурхондарё вилояти учун ҳам долзарб масала. Шу сабабли, илмий раҳбарим билан биргаликда маҳаллий тупроқ таркибидаги кремнийдан эритма олиш ва ўсимликлар учун махсус ўғит яратиш лойиҳасини ишлаб чиқдик. Ҳозирда ушбу ўғитлар асосан импорт қилинади. Бизнинг лойиҳамиз эса импорт ҳажмини камайтириб, маҳсулот нархини арзонлаштиришга ҳамда ўсимликлар дунёсини соғломлаштиришга хизмат қилади.»

Илгари танлов ҳар йили бир маротаба эълон қилинган бўлса, 2025 йилдан бошлаб ёш олим ва изланувчиларни илм-фанга кенг жалб қилиш, зарур шарт-шароитлар яратиш ва илмий-инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида ушбу дастур доимий равишда ўтказилиши белгиланди.

Маълумот ўрнида: 1 апрелдан бошлаб «Академик ҳаракатчанлик» дастурининг жорий йил II чораги учун аризалар қабули бошланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер